Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Тавба қилишга 6 соат вақтингиз бор

Тавба қилишга 6 соат вақтингиз бор

Маълумки, инсонга икки фаришта бириктириб қўйилган. Уларнинг бири – Роқиб, ўнг тарафда бўлиб, солиҳ амалларни ёзиб борса, иккинчиси – Атид, чап тарафдагиси гуноҳ ва номақбул ишларни ёзади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

إِذْ يَتَلَقَّى الْمُتَلَقِّيَانِ عَنِ الْيَمِينِ وَعَنِ الشِّمَالِ قَعِيدٌ

مَا يَلْفِظُ مِن قَوْلٍ إِلاَّ لَدَيْهِ رَقِيبٌ عَتِيدٌ.

“Зотан, ўнг ва чап (томон)да ўтирган икки (ёзиб турувчи фаришта) қабул қилиб (ёзиб) турурлар. У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир” (Қоф сураси 17-18-оятлар).

Қилган гуноҳларимизни ёзишдан олдин фаришта қанча кутиб туриши ҳақида қуйидаги ҳадисда баён қилинади:

Абу Умома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Чап тараф соҳиби хато қилган (ёки гуноҳкор) мусулмон бандадан қаламни олти соат кўтариб туради. Агар у (қилмишига) пушаймон бўлса, Аллоҳга истиғфор айтса, (гуноҳни) ташлаб юборади (яъни, номаи аъмолига ёзмайди). Акс ҳолда битта (гуноҳ) ёзиб қўйилади” (Табароний, Байҳақий, Абу Нуайм ривоят қилган).

Бошқа бир ҳадисда эса: “Ўнг тарафдаги (яхши амалларни ёзувчи) фаришта чап тарафдаги (гуноҳларни ёзувчи) фариштадан каттароқдир. Инсон битта яхши амал қилса – фаришта унинг ўн баробарини ёзиб қўяди. Агар у гуноҳ содир қилса, чап тарафдаги фаришта ёзиб қўймоқчи бўлганида, ўнг тарафдагиси унги: “Тўхтаб тур!” – дейди ва у 6 соат кутиб туради. Ва агар инсон мана шу вақт мобайнида пушаймон бўлса – гуноҳ ёзилмайди, агар истиғфор айтмаса – битта гуноҳ ёзилади”, дейилади (Табароний, Байҳақий).

Демак, фаришта 6 соат кутиб туради. Қилган гуноҳимизга пушаймон бўлиб, истиғфор айтишимиз учун бизга 6 соат вақт берилган. Ана шу имкониятдан фойдалана олсак, гуноҳимиз номаи аъмолимизга битилмайди ва Қиёмат куни биз ана шу гуноҳдан савол – жавоб қилинмаймиз.

Аллоҳ таоло ҳар биримизни, Ўзи яратган ҳар бир мавжудотни суяди, Унинг марҳамати чексиздир. Шу сабабли қилган гуноҳига пушаймон бўлиб, истиғфор айтувчилар учун тавба эшиклари доимо очиқ. Бинобарин, доимо тавбага интилиш лозим.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади:

وَمَن يَعْمَلْ سُوءاً أَوْ يَظْلِمْ نَفْسَهُ ثُمَّ يَسْتَغْفِرِ اللّهَ يَجِدِ اللّهَ غَفُوراً رَّحِيماً.

Кимда-ким бирор ёмон иш қилса ёки ўз жонига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан кечирим сўраса, Аллоҳнинг (қанчалик) кечирувчан ва раҳмли эканини идрок этади (Нисо сураси, 110-оят).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таборака ва таоло шундай деган: “Эй одам боласи! Агар Менга дуо қилсанг, (раҳматимга) кўз тиксанг, ҳамма гуноҳларингни кечириб юбораман. (Гуноҳинг қанча бўлсаям) эътибор бермайман. Эй одам боласи! Агар гуноҳларинг осмонни тўлдириб юборадиган даражада (кўп) бўлса-ю, кейин Менга истиғфор айтсанг, кечириб юбораман, (уларнинг кўплигига) парво қилмайман. Эй одам боласи! Агар ҳузуримга – Менга бирон нарсани шерик қилмаган ҳолда – ер юзини тўлдирадиган даражада (кўп) гуноҳлар билан келсанг ҳам ер юзини тўлдирадиган даражада мағфират билан олдингга бораман” (Термизий, Доримий, Аҳмад ривоят қилган).

Гуноҳ – Яратганнинг ғазабини келтирадиган қилмишдир, шундай экан, ундан тийилиш учун бор имкониятни ишга солиш керак. Лекин қаердадир ожизлик қилиб, ана шундай ҳаракатларни содир қилган бўлсак, иложи борича тезроқ пушаймон бўлиб, тавба қилмоғимиз зарур. Буни орқага суриб бўлмайди, чунки қазои қадаримиз қачонлигини билмаймиз, тавба қилишга улгурмай қолишимиз мумкин. Аллоҳнинг карами кенг, марҳамати чексиздир, унга эришишга ҳаракат қилайлик!

 

Бекобод тумани “Амиров Дадахон” жоме масжиди

имом-хатиби Абдулахад Саиджахонов