Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ақида / Ғайбиёт – «Фаришталар»

Ғайбиёт – «Фаришталар»

Фаришталарга ишониш иймон арконларидан бўлиб, инсон уларга иймон келтирмагунча мўмин бўлмайди. Фаришталарга иймон келтириш ақийдамиз арконларидан бири эканига далиллар:

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида шундай дейди: “Расул унга ўз Роббидан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўминлар ҳам. Ҳар бирлари Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига иймон келтирдилар. Унинг расулларининг бирорталарини ажратмаймиз, дедилар (285-оят).

Шу сурадаги бошқа бир оятда эса: Лекин яхшилик – Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, набийларга иймон келтирган кишидадир, деган (177-оят).

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:

Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига ва охират кунига куфр келтирса, батаҳқиқ, бутунлай залолатга кетибди, деган (136-оят).

Бас, Аллоҳ таоло ушбу жумлага иймон келтиришни шаръий эътибордаги иймон қилди. Ушбу жумлага иймон келтирганларни “мўмин” деб номлади. Шунингдек, ушбуга куфр келтирганлар “кофир” деб номланадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброилнинг ҳадисида, жумладан, қуйидагиларни айтганлар: “Иймон – Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг ҳамда яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг”.

Аллоҳ таоло фаришталарга иймон келтиришни Ўзига, илоҳий китобларга, пайғамбарларга, қиёматга ва қазои қадарга иймон келтириш билан бир сафда қўйганига эътибор бермоғимиз лозим. Аллоҳнинг фаришталарига иймон келтириш уларнинг борлигига иймон келтириш билан тугал бўлмайди. Фаришталарга тугал иймон Аллоҳ таоло ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек бўлиши керак. Уларнинг васфларига, хизматларига ва хусусиятларига иймон келтириш лозим.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда фаришталарнинг сифатлари ҳақида бир қанча оятлар нозил қилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳадиси шарифларида фаришталар ҳақида сиз билан бизга керакли маълумотларни берганлар. Биз ўша сифатларга иймон келтирмоғимиз керак.

  1. Имом Муслим Оиша онамиздан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Фаришталар нурдан яратилгандирлар. Жинлар оловнинг тутунидан яратилгандир. Одам сизга васф қилинган нарсадан яратилгандир», деганлар. Фаришталар нурдан яралганини ҳозирги замон илми ҳам тасдиқлади. Уламолар: «Фаришталар нурдан яратилганлари учун ҳам, нурнинг тезлиги ҳаддан зиёд бўлганидан ҳам кўзга кўринмайдилар», дейишади.
  2. Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Масиҳ ҳам, муқарраб фаришталар ҳам Аллоҳга банда бўлишдан зинҳор ор қилмаслар», деган (172-оят).

Бу оятдан улкан бир ҳақиқат англаб олинади. Ушбу ояти каримада дунёдаги ҳамма-ҳамма – Ийсо алайҳиссалом ҳам, Аллоҳга яқин (муқарраб) фаришталар ҳам Аллоҳга ибодат қилишдан бош тортмасликлари таъкидланмоқда. Бундан фаришталар Аллоҳ таолога ибодат қилиши ва Унга яқин бўлганлари ҳам борлигини билиб оламиз.

  1. Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида:

«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган оловдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар», деган (6-оят). Бу ояти Каримада Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларига ўзларини ва аҳли аёлларини охират оташидан сақлашни буюрмоқда.

«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган оловдан сақланг». Мазкур ўтдан сақлаш гуноҳларни тарк этиш ва тоат-ибодат қилиш билан бўлади. Дўзахнинг яна бир даҳшатли томони – унинг қўриқчилари қўпол ва шафқатсиз фаришталардир. «Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар». Улардан ҳеч ким қочиб қутула олмайди. Шу билан бирга, мазкур фаришталар Аллоҳ таолога мутлақ итоатдадирлар, нима амр қилса, ўшанга оғишмай амал қиладилар. Булар ҳам фаришталарнинг муҳим сифатларидандир.

  1. Аллоҳ таоло «Анбиё» сурасида:

«(Мушриклар) «Роҳман фарзанд тутди», дейишди. У Зот покдир. Йўқ! Икром этилган бандалардирлар. Ундан олдин сўз айтмаслар. Улар Унинг амри ила амал қилурлар», деган (26-27-оятлар).

Турли замон мушриклари Аллоҳнинг фарзанди бор, деб ҳар хил нотўғри эътиқодда бўлганлар. Яҳудий мушриклар «Узайр Аллоҳнинг боласидир», деганлар. Насоро мушриклар: «Масийҳ Аллоҳнинг боласидир», деганлар. Араб мушриклари эса «Фаришталар Аллоҳнинг қизларидир», деганлар. Ҳа, мушриклар Аллоҳга боласи борлик нисбатини бердилар.

«Роҳман фарзанд тутди», дейишди».

Бу оятда гап араб мушриклари ҳақида кетмоқда. Улар: «Аллоҳ фаришталарни ўзига қиз қилиб олди», дедилар.

«У Зот покдир».

Аллоҳ бу нуқсондан покдир. Ўзига фарзанд тутиш эҳтиёжи инсонда бор. Аллоҳда йўқ. Бу иш Аллоҳ учун нуқсон ҳисобланади. У эса бундан покдир.

«Йўқ! Икром этилган бандалардирлар».

Йўқ, мушрикларнинг гапи нотўғри. Фаришталар Аллоҳнинг қизлари эмас, балки икром этилган бандаларидир.

«Ундан олдин сўз айтмаслар. Улар Унинг амри ила амал қилурлар».

Фаришталар шунчалик одобли, шунчалик итоатли, шунчалик Аллоҳни улуғлайдиларки, ҳатто Унинг олдида бирор оғиз сўз айтишга ботинмайдилар. Фаришталар Аллоҳ нима амр қилса, сўзсиз амалга оширадилар.

  1. Аллоҳ таоло «Фотир» сурасида:

«Осмонлару ерни йўқдан бор қилган, фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин. (У Зот) махлуқотларда нимани хоҳласа, зиёда қилур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўта қодирдир», деган (1-оят). Дунёдаги барча ҳамду сано, мақтов-олқиш «…фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар қилган Аллоҳга» хосдир, муносибдир. Фаришталар Аллоҳ яратган ўзига хос зотлардир. Бошқа оятларда уларнинг табиатлари, адо этадиган вазифалари ва бошқа хусусиятлари ҳақида сўз юритилган. Бу оятда улар жисмоний тузилишларининг бир қисми, яъни икки, уч, тўрт қанотли бўлишлари ҳақида сўз бормоқда. Биз «қанотли махлуқот» деганда қушларни тушунамиз. Уларда иккита қанот бўлади. Аммо фаришталар ичида иккитадан кўп қанотлилари ҳам бўлар экан. Лекин фаришталарнинг асл тузилишларини Аллоҳнинг Ўзи билади. Аллоҳ таоло билан бандалари ўртасида элчилик вазифасини ўтаган Жаброил алайҳиссалом ваҳий келтириб турган. У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга турли ҳолатларда кўринган.

Саҳиҳ ҳадисларда ривоят қилинишича, Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломни асл хилқатларида икки марта кўрганлар.

Биринчи марта Ҳиро ғоридан тушиб келаётиб, водийда қанотлари билан осмонни тўсиб турганида кўрганлар.

Иккинчи марта Исро кечасида кўрганлар. Ўшанда олти юзта қаноти борлиги, ҳар бир қаноти мағриб билан машриққа етиши айтилган. Бундан фаришталар фақат икки, уч, тўрт қанотли эмас, ундан кўп қанотли ҳам бўлишлари келиб чиқади. Оятда қанотлар сони чегараланаётгани йўқ, балки уларнинг кўп бўлиши айтиляпти. Шунинг учун ҳам оятнинг давомида:

«(У Зот) махлуқотларда нимани хоҳласа, зиёда қилур», дейилмоқда.

  1. Аллоҳ таоло «Марям» сурасида:

«Китобда Марямни эсла. У ўз аҳлидан шарқий маконга ажраб чиққанида ва улар билан ўзи орасида тўсиқ олганида унга Ўз руҳимизни юбордик. Бас, у унга бус-бутун одам бўлиб кўринди», деган (16-17-оятлар).

Яъни «Эй Муҳаммад, бу китобда (Қуръонда) Марямни эсла. Унинг ғаройиб қиссасини зикр эт».

Қисса қуйидагича:

«У ўз аҳлидан шарқий маконга ажраб чиққанида ва улар билан ўзи орасида тўсиқ олганида…» Байтул Мақдисда яшаётган озода, бокира, тақводор қиз Марям қавмидан ажралиб, шаҳарнинг шарқий томонига ёлғиз чиқди. Нимага чиққанини Аллоҳ билади. Эҳтимол, бўйи етган қизларга хос, биров сезиши мумкин бўлмаган сирли иши бордир. Хуллас, ўша ерга чиқиб, ўзи ва қавми орасида тўсиқ олди. Қавмидан ҳеч ким Марямни кўрмайдиган бўлди. У холи ва ёлғиз қолди. Шунда «унга Ўз руҳимизни юбордик. Бас, у унга бус-бутун одам бўлиб кўринди». Яъни фаришта Жаброил алайҳиссалом Марямга тўла-тўкис одам сиймосида намоён бўлди. Аллоҳ уни яратган асл ҳолатида кўринмади. Чунки бус-бутун ҳолида кўринса, Марям буткул даҳшатга тушиши мумкин эди. Демак, фаришта турли инсонлар шаклига кириб кўриниши мумкин экан. Жаброил алайҳиссалом одам шаклида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келганларида, асосан Диҳятул Калбий исмли саҳобийнинг суратларида келганлар.

Аммо баъзи ҳадисларда ҳеч ким танимайдиган одам шаклида келганлари ҳақида ҳам ривоят бор.

Давоми бор…

Пискент тумани «Ўсмат Ота » жоме масжиди
имом хатиби Сирожов Мунис
Манбалар асосида тайерланди

[carousel-horizontal-posts-content-slider]