Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Исломда бола ҳуқуқлари

Исломда бола ҳуқуқлари

Дини Исломни мукаммал қилиб яратган Аллоҳ таолога ҳамду санолар, ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида бизларга тўғри яшашни таълим берган суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга дуруду салавотлар бўлсин.

Маълумки, 1 июнь куни “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” сифатида нишонланади. Ушбу байрам кўпчилик давлатларда “Халқаро болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни” сифатида ҳам эътироф этилади. Бола ҳуқуқларига илк бора эътибор қаратган ва уларни ҳимоя қилишга буюрган дин айнан Исломдир. “Бола ҳуқуқи” тушунчасини ҳам биринчи бўлиб Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллаганлар. На юнон-рим цивилизациясида, на Ғарбда яқин-яқингача бола ҳуқуқлари ҳақида сўз ҳам бўлмаган. Ғарбда XIX асрда 8-12 ёшли жиноят содир этган бола ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин эди. XIX-XX асрларга келибгина болаларга нисбатан қонунчилик юмшатилиб, муайян ёшгача болаларга суд жазоси тайинланмаган. 1959 йил БМТ томонидан “Бола ҳуқуқлари декларацияси” қабул қилинди. Унда ҳеч қандай фарқ ва таҳқирловларсиз бола ҳуқуқлари тан олиниши; боланинг жисмоний, ақлий, маънавий ва ижтимоий ривожланиши учун зарур бўлган шарт-шароитлар таъминланиши лозимлиги; ҳар бир бола туғилиши билан исм ва фуқаролик ҳуқуқига эга бўлиши; бола ижтимоий таъминотдан: озиқ-овқат, турар жой, тиббий хизматдан фойдаланиши; жисмоний, руҳий ва ижтимоий жиҳатдан нуқсонли болаларга махсус шароит яратиб берилиши; болалар ота-оналари билан биргаликда яшашлари, фақатгина айрим истисноли ҳолатларда улар ота-оналаридан ажратилиши мумкинлиги, жамият кам таъминланганларга ғамхўрлик қилиши лозимлиги, кўп болали оилаларга давлат томонидан таъминот ажратилиши; болалар текин ва мажбурий таълим олиш ҳуқуқига эга эканлиги; муайян ёшга етмагунича бола меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги; бола ўзаро биродарлик, бағрикенглик, халқаро дўстлик ва тинчликсеварлик руҳида тарбияланиши лозимлиги каби тамойиллар ўз аксини топган.

Шу ўринда, болаларга бир қанча ҳуқуқларни берувчи жуда кўплаб Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар борки, уларнинг баъзиларини қуйида келтириб ўтсак:

Ўғил болалар қизлардан устун эмас. Шўро сураси 49-оятда шундай марҳамат қилинади: “Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга (хос)дир. (У) хоҳлаган нарсани яратур. Хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур”. Ўғил боланинг ҳам, қизнинг ҳам туғилишига хурсанд бўлиб, ақиқа қилиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидандир.

Яшаш ҳуқуқи. Болаларни ўлдириш мумкин эмаслиги баён қилинган жуда кўп оятлар бор. Масалан:

“Ўз болаларини билмасдан жоҳилона ўлдирган ва Аллоҳга туҳмат қилиб, улар учун Аллоҳ ризқ қилиб берган (ҳайвонлар)ни ҳаромга чиқарганлар, албатта, (ўзларига) зиён қилдилар. (Улар) ҳақиқатан адашдилар ва тўғри йўлга юрувчи бўлмадилар” (Анъом сураси 140-оят);

“Айтинг: «Келингиз, Раббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни ўқиб берай: Унга бирор нарсани шерик қилмангиз, ота-онага яхшилик қилингиз, болаларингизни қашшоқликдан (қўрқиб) ўлдирмангиз – Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз – фаҳш ишларнинг ошкорасига ҳам, пинҳонасига ҳам яқинлашмангиз, Аллоҳ тақиқлаган жонни ноҳақ қатл қилмангиз! Ақл юритишингиз учун (Аллоҳнинг) ҳукм қилгани шу(лар)дир” (Анъом сураси 151-оят);

“(Эй, инсонлар!) Болаларингизни қашшоқликдан қўрқиб ўлдирмангиз – уларга ҳам, сизларга ҳам Биз ризқ берурмиз. Уларни ўлдириш, шубҳасиз, катта хатодир” (Исро сураси 31-оят);

“Сизларни (Мусо қавмини) оғир азоблар билан қийнаган, қизларингизни тирик қолдириб, ўғилларингизни қатл этаётган Фиръавн навкарларидан қутқарганимизни ҳам эслангиз. Бунда Раббингиздан сизларга улкан синов бордир” (Бақара сураси 49-оят).

Таъминот олиш ҳуқуқи. Фарзандларни озиқ-овқат, кийим-кечак, турар жой билан таъмин этиш отанинг муқаддас бурчидир. Дини Исломда бу таъминот ҳалол-пок бўлиши талаб этилади.

Ёш болаларнинг нафақаси отасининг зиммасидадир. Бу ҳақда Каломуллоҳда шундай марҳамат қилинади: “Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу муддат) эмизишни камолига етказишни истовчилар учундир. Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир…” (Бақара сураси 233-оят). Фарзанднинг онасига нафақа бериш вожиб бўлганидан кейин боланинг ўзига ҳам нафақа бериш вожибдир.

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: Ҳинд бинти Утба: “Ё Расулуллоҳ, Абу Суфён ўта бахил одам, менга ва боламга етадиган нарса бермайди. Фақат унга билдирмай олсам бўладими”, деди. “Ўзингга ва болангга етарлисини тўғриликча ол”, дедилар У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Икки Шайх ривоят қилишган).

Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таолодан қўрқинглар ва болаларингизга адолат қилинглар», деганлар (Муслим ривояти).

Таълим-тарбия олиш ҳуқуқи. Ислом фарзандларга чиройли тарбия бериш, уларга дин арконларини ўргатиш лозимлигини уқтиради. Ҳар бир ота-онага солиҳ фарзанд тарбия қилгани учун юксак мартабаю ажр-савоблар ваъда қилинган. Хусусан, ҳадиси шарифда: «Кимнинг учта (бошқа бир ривоятда: иккита) қизи бўлиб, уларни тарбиялаб катта қилса ва уларга марҳамат назари билан қараса, жаннатга кириши муқаррардир», дейилади (Бухорий ривояти).

Ибн Умардан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло Қуръони каримда яхши бандаларни “аброр” деб мақтади, чунки улар оталарига яхшилик қилганларидек, болаларига ҳам яхшилик қилган эдилар. Сенинг бўйнингда отангнинг ҳаққи бўлганидек, болангнинг ҳам ҳаққи бор”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

«Ким кичикларга раҳм-шафқат қилмаса, катталарга иззат-ҳурмат кўрсатмаса, у биздан эмас» (Термизий ривояти), дейилади яна бир ҳадисда.

«Ё Расулуллоҳ! Биз ота-онанинг ҳаққини билдик. Аммо фарзанднинг ҳаққи нимадан иборат?» деган саволга Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Унга чиройли исм қўйиб, гўзал одоб бериш», дедилар (Байҳақий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда ривоят қилинишича, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фарзандларингизни ҳурматланглар ва уларнинг одобини гўзал қилинглар», дея марҳамат қилганлар (Ибн Можа ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай ҳадис марҳамат қилинади: “Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақа беришидан яхшироқдир” (Имом Термизий ривояти). Бошқа бир ҳадисда: «Ота ўз фарзандига чиройли тарбиядан яхшироқ мерос қолдиролмайди», дейилади (Термизий ривояти).

Пайгамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарзандларингизга сузиш ва камон отишни, қизларга касб-ҳунарни ўргатинглар”, деганлар (Байҳақий ривояти).

Аллоҳ таоло фарзандларимизни кўзларимизнинг қувончи, аҳли солиҳлардан қилсин! Ота-оналарга зурриётларига чиройли тарбия бера оладиган салоҳият ато айласин!

Бекобод тумани “Амир Ҳамза” жоме масжиди

имом-хатиби Абдулаҳад Саиджахонов