Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Мусулмонларда Оила

Мусулмонларда Оила

Оила ҳар хил динларда, жамиятларда даврга ва маконга қараб фарқланган. Тарихда эркак ҳокимиятига асосланган (падаршоҳи) оилалар билан она ҳокимиятига асосланган (модаршоҳи) оилалар, бирхотинлик (моногами) оилалар билан кўпхотинлик (полигами) оилалар ҳам кўп кузатилган. Исломдан аввалги халқларда, умуман, оила қуйидагича кўринишда эди:

Яҳудийликда оила ота ҳокимиятига асосланган бўлиб, ижтимоий ва диний муассаса ҳисобланарди. Аёл зотининг мерос олиш ҳуқуқи йўқ эди. Кўп хотинлик оммавий эди. Исроил ўғилларидан бошқа халқларда бирхотинлик кенг тарқалган эди. Ажрашишга лоқайд қараларди. Шунинг учун яҳудий жамиятида ажрашиш воқеалари тез-тез учрарди.

Христианликда оила фақатгина диний муассаса ҳисобланиб, эркак ҳокимиятига асосланарди. Бир марта никоҳланган эркак ва аёл умрбод ажрашиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган эди. Ажрашиб бошқа биттаси билан турмуш қурган жуфтлар зино қилганликда айбланарди. Кўпхотинлик оилалар учраб турса ҳам, асосан бирхотинлик оилалар кенг тарқалган эди.

Римликларда оила ижтимоий ва диний муассаса саналиб, эркак ҳокимиятига асосланган оила тури оммавий эди. Ота оиланинг раиси ҳисобланиб, чексиз ҳуқуқларга эга эди. Дастлабки даврларда ҳатто ота болаларини ўлдириш ҳуқуқига ҳам эга эди. Бола асраб олиш одати ҳам кенг учрарди. Бирхотинлик тарғиб қилинарди. Кўпхотинлик кузатилмасди.

Арабларда Пайғамбаримиздан аввалги жоҳилият даврида оила эркак ҳокимиятига таянар, хотин ва фарзандларнинг қадри йўқ эди. Ота қиз фарзандларини ўлдириш ҳуқуқига эга эди. Гўдак қиз бўлса, бундан номус қилиб, тириклайин кўмиш расмга айланганди.

Исломдан аввалги туркийларда оила ота ҳокимиятига суянарди. Лекин эски римликлардагидек ота чексиз ҳуқуқ эгаси эмасди. Бирхотинлик асос бўлиб, кўпхотинлик оилалар сийрак учраб турарди.

Мусулмонларда оила – Ислом ҳуқуқида: Ислом дини жамиятнинг тинчлиги ва одам наслининг сиҳатли тарзда давом этиши учун оиланинг аҳамиятини билдирган. Шу боис никоҳланишни ҳалол қилиб, зинони ва зинога элтувчи хатти-ҳаракатларни тақиқлаган. Аёл зотига ҳеч бир дин ва давлат бера олмаган ҳуқуқларни берган. Муҳтарам пайғамбаримиз Видолашув Хутбаларида умматига:

“Аёлларингизга азият берманглар! Улар Аллоҳнинг сизларга ато этган омонатидир. Уларга нисбатан юмшоқ муомалада бўлинглар, яхшилик қилинглар”, деб насиҳат қилганлар.

Бир ҳадиси шарифда: “Жаннат оналарнинг оёқлари остидадир” (Насоий), деб, аёл зотини ҳимоя қилишда тенгсиз ўлчовлар қўйганлар. Лекин эркак зоти Исломиятда “Оила раиси” бўлиш сифати билан аёлларга жавобгар ва улардан бир поғона юқори даражага эга. Аллоҳу таоло аёл зотини эркакларнинг ҳимоясига топширган. Нисо сурасининг 34-оятида: “Эркаклар аёллар устида ҳокимдирлар, аёлларнинг ҳимоячиси ва бошқарувчисидирлар”, дейилган.

Эркакларнинг аёллар устида баъзи ҳақ-ҳуқуқлари бўлганидек, аёлларнинг ҳам эркаклар устида маълум ҳақ-ҳуқуқлари бор. Оилавий бахт билан ижтимоий ҳаётнинг ҳузури оилани қурувчи эркак ва аёлнинг ўша ҳақ-ҳуқулари ҳамда вазифаларини билиб, бажаришига боғлик. Оилада эр ва хотиннинг бир-бирларини тушуниб, муроса қилишлари оилавий бахт учун зарурий шартдир. Ҳар бирининг ўз вазифа ва масъулиятларини билиши оилада осойишталикнинг таъминида муҳим омил саналади. Оилада тартибни ота таъминлайди. Ота қанчалик одил бўлса, оилада шунчалик ҳузур-ҳаловат бўлади. Ақл-хуши жойида бўлган эр-хотинлар бир-бирларини асло хафа қилишмайди.

Яқин давр ислом олимларидан Ҳусайн Ҳилми Ишиқ ҳазратлари раҳматуллоҳи алайҳ эрнинг хотини олдидаги масъулияти ҳақида бундай деганлар: “Ақлли эр-хотин бир-бирини хафа қилмайди. Умр йўлдошини ҳа деб хафа қилавериш, ранжитиш оила саодатига футур етказадиган энг улкан сабаблардандир. Золим ва хулқи чатоқ одам умр йўлдошини давомли равишда хафа қилиш орқали унинг асабларини чарчатади. Асаб бузилгач, ҳар хил касалликлар пайдо бўла бошлайди. Умр йўлдоши касал бўлган одам бахтидан айрилиб, адойи тамом бўлган одамдир. Энди умр йўлдошининг меҳридан, муҳаббатидан ва хизматларидан маҳрум қолиб, қолган умри унинг дардини эшитиш, унга табиб ахтариш, унга одатланмаган хизматларни қилиш билан ўтади. Бутун бу фалокатларга, тугамайдиган ташвишларга эр ёки хотиннинг ёмон халқ-атвори сабаб бўлади. Булардан йироқ, бахт-саодатли оиланинг асоси, ўзаро илиқ муносабат, кулар юз, тушуниш ва сабрли бўлишдир. Бу хислатлар динимизнинг жуфтларга буйруғи бўлиб, ким уларга амал қилса, дунё ва охиратда роҳат-фароғатда бўлади”.

Оиладан мақсад наслнинг давоми бўлган фарзанддир. Одамнинг вафотидан кейин халқ орасида яхши одам сифатида ёдга олиниши учун жамиятга хизмат қиладиган бир асар, фойдали илм ёхуд хайрли авлод қолдириши керак. Ҳамма нарса тугаб, унутилса ҳам, булар унутилмайди ва марҳумнинг хайрли ишларининг, савобининг давом этишини таъминлайди. Шундай экан, фарзанднинг одобли қилиб вояга етказилиши ота-онанинг муштарак вазифасидир. Онага фарзандини эмизиб, парваришлаб, яхши хулқ ўргатиб тарбиялаш; отага эса, фарзанднинг ҳалол озиқ билан униб-ўсиши, моддий ва маънавий эҳтиёжларини таъминлаши биринчи вазифадир.

Тошкент вилояти Пискент тумани «Саид Ота» жоме масжиди
имом-хатиби Эшонхўжаев Саидрохим