Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Қуръон / Қуръондаги гўзал ташбеҳ

Қуръондаги гўзал ташбеҳ

هُنَّ لِبَاسٌ لَكُمْ وَأَنْتُمْ لِبَاسٌ لَهُنَّ

Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз (Бақара сураси 187-оят).

Аллоҳ таоло ушбу ояти Каримада эр-хотинни бир-бирига нисбатан либосга ўхшатди. Агар либоснинг хусусияти ҳақида чуқурроқ мулоҳаза қилиб кўрсак, Аллоҳ таоло бежизга эр-хотинни либосга ташбеҳ қилмаганига яна бир карра имон келтирамиз. Зотан, либосда эр-хотин ўртасидаги муносабатларга тааллуқли маънолар мавжуддир.

Қуръони Каримга тафсир ёзган уламолар эр-хотинни бир-бирига нисбатан либосга ўхшаш жиҳатларидан баъзиларини келтирадилар:

1) Либоснинг ҳусусиятларидан бири السَّتْرُ яъни ёпиш, беркитиш, яшириш маъноларини билдиради.

Либос инсоннинг баданидаги камчилик нуқсонларни яширганидек, эр-хотин бир-биридаги айбу нуқсон, камчиликларни яширади. Зеро, эр-хотинлик бир-бирининг камчиликларини яшириш асосига қурилган. Камчиликларни ёйиш, шарманда қилишга кўра эмас…

إِنَّ مِنْ أَشَرِّ النَّاسِ عِنْدَ اللَّهِ مَنْزِلَةً يَوْمَ الْقِيَامَةِ الرَّجُلَ يُفْضِي إِلَى امْرَأَتِهِ وَتُفْضِي إِلَيْهِ ثُمَّ يَنْشُرُ سِرَّهَا

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қиёмат куни Аллоҳнинг наздида мартабаси энг ёмон одам аёлига яқинлик қилиб, аёли унга яқин бўлгандан кейин сирини одамларга ёйиб юрадиган кишидир”(Имом Муслим, Имом Аҳмад).

2) Либоснинг хусусиятларидан  яна бири الوقاية والحماية яъни сақлаш ва ҳимоя қилишдир. Кийим инсонни ёзнинг иссиғи ва қишнинг совуғидан сақлаганидек, эр-хотин бир-бирини фаҳш ва мункар ишлардан сақлайдилар. Улар гўёки бир-бирларини гуноҳ маъсиятдан сақлайдиган қўрғон кабидирлар.

إذا رأى أحدكم من امرأة ما يعجبه، فليأت أهله، فإن ذلك رَدُّ ما في نفسه

«Қачон бирингизга бирор аёл ёқиб тушса ва қалбидан жой олса, дарҳол ўз хотинини топиб, унга яқинлик қилсин. Чунки шундай бўлиши унинг кўнглидаги нарсани қайтаради», дейилган (Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари бир аёлга тушди. Дарҳол хотинлари Зайнабнинг олдига бордилар. У ўзига тегишли чала ошланган терини ошлаб ўтирар эди. Шунда у зот эҳтиёжларини қондирдилар. Сўнгра саҳобалари олдига чиқиб: «Албатта, аёл киши шайтон сувратида келиб, шайтон сувратида қайтади. Қачон бирингиз бирор аёлни кўрса, ўз аҳлига яқинлик қилсин. Чунки шундай бўлиши унинг кўнглидаги нарсани қайтаради», дедилар».

3) Либоснинг ҳусусиятларидан  яна бири التكميل яъни тўлдириш, макаммалаштиришдир.

Инсон кийимсиз бўлган ҳолида ўзини ноқулай ва нуқсонли ҳис қилади. Либос кийган пайтда эса ўша камчилик тўлгани ва ноқулайликдан халос бўлганини мулоҳаза қилади.

Эркак аёлисиз кемтик, шунингдек, аёл ҳам эрисиз ноқис  бўлади. Улар турмуш қурсалар ўша камчилик тўлади.

وَجَعَلَ مِنْهَا زَوْجَهَا لِيَسْكُنَ إِلَيْهَا الأعراف: 189

 «У сизларни бир жондан яратган ва ором олсин учун ундан жуфтини яратган Зотдир  (Аъроф сураси 189-оят).

4) Либоснинг хусусиятларидан  яна бири الجمال  яъни гўзал, чиройли, зийнатли қилишдир.

Кийим нафақат инсоннинг авратини беркитади, балки уни зийнатлаб, кўркам қилади. Оқилларнинг наздида инсон кийимсиз беўхшов ва хунук ҳолда бўлади.

Эр-хотин бир-бирига худди кийим инсонга кўрк бўлгандек, зийнат бўладилар.

5) Либоснинг хусусиятларидан  яна бири الاتصاق яъни жипс боғланган, ёпишган ва ажралмасликдир.

Либос инсоннинг танасига шу қадар яқинки, у доим баданга тегиб туради. У танага ёпишган бўлиб, кийим ва баданнинг орасини бирор нарса ажратмайди.

Эр-хотин бир-бирига, худди кийим танага яқин бўлганидек яқиндир.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, Аллоҳ таоло эр-хотин ўртасидаги муносабатни покиза алока бўлишини ирода қилди. Токи уларнинг ораларига бирорта камчилик, айб ёки доғ тушиб, мусаффо ҳаётларига раҳна солмасин! Уларнинг булоқ сувидек тиниқ ҳаёт чашмаларини қандайдир лойқа чўкинди ёки қуйқум хира қилмасин!..

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди
имом-хатиби Авазхўжа Бахромов