Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Илк минора қачон ва қаерда қурилган?

Илк минора қачон ва қаерда қурилган?

Тарихий обидаларимиз савлати ва салобати ҳали ҳануз ёш авлодни ва юртимизга келган меҳмонларни ҳайратга солишдан тўхтамайди. Улардан Кешдаги “Оқ сарой”дан тортиб Бухородаги Арк мажмуаси, Самарқанддаги Регистон мажмуаси ва шу каби фахримизга сабабчи обидаларимиз бисёр. Ана шу обидалардаги миноралар қачон ва қаерда вужудга келгани ҳақида турли маълумотлар бор.

Ироқ ва Ўрта Осиёда “минора”, Миср, Қувайт каби давлатларда “мезана”, Араб ярим оролининг ғарбида “сувьмаъа” деб аталади, бизнинг юртимизда ёшу-кекса минора сўзи билан яхши танишади. Масжидларимизни минорасиз тасаввур қила олмаймиз, айниқса қадимий масжидларимиз ҳақида сўз кетганда Бухородаги “Минораи Калон”, Хоразмдаги “Калта минора”, замонавий миноралардан Кўкча даҳасидаги “Шайх Зайниддин” минораларини билмайдиган ҳамюртларимиз топилмаса керак. Улар ўтмишдан хабар бериб, ҳали ҳануз савлат тўкиб турибди.

Минораларнинг шакли ҳар хил бўлсада, бир шаҳардаги минора бошқасидан деярли фарқ қилмайди. Пойдевор, осмонўпар бўйи, ички айлана зина ва кўкка бўй чўзган гумбаздан иборат. Қанчалик узун бўлса ҳам масжиднинг узвий бир бўлаги ҳисобланади. Дастлаб, минорадан азон орқали намозга мусулмонларни чақириш мақсадида фойдаланилган. Кейинчалик уларда ўт ёқиб ёхуд фонуслар ўрнатиб, мусофирларга тўғри йўл кўрсатиш, халқни хавфдан огоҳлантириш вазифаси ҳам юклатилган. Ўтмишда давлат аҳамиятига молик фармон, қарор каби расмий ҳужжатларни эълон қилиш вазифасида фойдаланилган. Бу эса вақт ўтиши билан Ислом архитектурасида катта бурилиш ясади. Баъзилари осмонўпар бўлса, баъзиси думалоқ, баъзиси кўпбурчакли, айримлари нақшинкор-кошинли, баъзилари араб коллиграфияси санъати дурдонасига айланди. Классик Ислом архитектураси мутахассислари минораларни қурилиш тарзи ва шаклига кўра, тарихий даври, исломнинг таъсири ёки султон, халифа, амир ва подшоҳлардан иборат шахсларга қараб классификация қилишган. Унга шаҳар кўрки, хавфдан омонлик, янгиликлар, кашфиётлар манбаи сифатида қарашган.

Бироқ, Расулуллоҳ алайҳиссалом даврида миноралар бўлмаган. Муаззин баландроқ жойга чиқиб мусулмонларни чақирган. Буюк саҳоба Билол бин Рабоҳ масжидни тепасига чиқиб илк азонни айтган. Исломнинг ёйилиши, ҳудудларнинг кенгайиши минораларга эҳтиёжни тезлаштирди.

Аксарият тарихшунослар иттифоқига кўра, ислом кириб келгандан сўнг араб жазирасида қурилган масжидлар минорасиз бўлган. Илк миноралар Дамашқ ва бошқа ислом давлатларида Уммавийлар сулоласи давридан бошланади. Демак, Исломда биринчи бўлиб олтибурчакли минора Сурия пойтахти Дамашқдаги “Уммавийлар” жомеъ масжидида қурилган. Мазкур минорани Муовия бин Абу Суфён қурдирган.

Сўзимиз охирида бобокалонимиз Амир Темур ҳазратлари айганларидек “Қудратимизга амин бўлмоқчи бўлсангиз – Биз қурдирган иншоотларга қаранг”.

Абдуҳаким Боқиев тайёрлади