Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Қабристонлар ободлиги – ўтганларнинг руҳи шодлиги

Қабристонлар ободлиги – ўтганларнинг руҳи шодлиги

Аллоҳ таоло инсонни бу дунёнинг азизу мукаррам хилқати, ҳаёт гултожи, жонзотлар ичида сарвари этиб яратган. Одамзод шундай мўьтабар шарафга муяссарлиги учун ҳам ҳамиша эъзозу эҳтиром этиб келинган. Бу эъзоз ва ҳурмат у вафотидан кейин ҳам давом этади. Марҳумларнинг руҳи покини азиз тутиш, қабрларни зиёрат қилиб, уларни ободонлаштириш, ўтганларнинг руҳи покига Қуръон тиловат қилиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир. Бу инсоний бурчни эса барчамиз доимо ҳис қилиб яшамоғимиз керак. Инсон бу дунёда яшаркан, ўзидан яхши ном қолдиришга интилади. Яхши номга эса, албатта, савобли ишларга қўл урмоқлик билан эришилади. Ана шундай эзгу ишларнинг ажралмас қисми эса қабристонларни обод қилиш.

Бу халқимизнинг азалий одатидир. Озодалик, поклик ва хамжихатлик халқимиз қонига сингган азалий қадрият, гўзал анъаналардан бири. Муқаддас динимизда хам поклик бирламчи масала саналади. Хашар бахона одамлар орасида оқибат ришталари боғланади, ён-атроф тартибга келтирилади. Қабристонлар гул-майсаларга, яшилликка бурканса, ҳар бир қабр усти тозаланиб, саришта қилинса, марҳумлар руҳи шод бўлади. Шу боис марҳумларнинг руҳи-поки қўним топган масканлар — қабристонларни обод қилиш, қабрларни зиёрат этиш одобига тўла амал қилиш лозим. Азалдан юртимизда қабристонни қуриб қолган гиёҳлардан тозалаб, ўрнига гул экиш расм бўлган. Бу ҳам марҳумларга бўлган ҳурмат белгисидир. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қабр устидаги гиёҳ қуригунга қадар қабр эгаси ҳақига салавот айтиб туришини баён қилганлар.

Янгийўл шахар Хокимлиги ташаббуси билан жорий йилнинг 20-21 январ кунлари Навруз МФЙ хамда ушбу махаллада жойлашган “Жомеъ” жоме масжиди жамоаси ва фаоллари шахардаги “Олтин обод” қабистонида ободанлаштириш ва кўкаламзорлаштириш хашар тадбирини амалга оширдилар. Тадбир доирасида қабристон ва унинг худуди тартибга келтирилди, ариқлар ва йўлаклар тозаланди, дов- дарахтларни бўташ ишлари амалга оширилди, қабристон ёнидаги ёвойи ўтлар олиб ташланди.

Ўсиб келаётган  фарзандларимизга қабристонларни обод этиш тирикларнинг ўтганлар олдидаги бурчи эканини эслатиб туришимиз лозим. Зеро, “Ким нимани экса, шуни ўради” дейди халқимиз. Биз бугун бирлашиб, ахил ва иноқликда қабристонларимизни тоза тутиб ўрнак бўлсак, келажак авлод хам бизга нисбатан шундай муносабатда бўлади.

Янгийўл шахар “Жомеъ” жоме масжиди
имом хатиби  О.Нарзуллаев

[carousel-horizontal-posts-content-slider]