Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Қуръон / Бир оят тафсири…

Бир оят тафсири…

وَلِكُلٍّ وِجْهَةٌ هُوَ مُوَلِّيهَا فَاسْتَبِقُوا الْخَيْرَاتِ أَيْنَ مَا تَكُونُوا يَأْتِ بِكُمُ اللَّهُ جَمِيعًا إِنَّ اللَّهَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ (البقرة 148)

Ҳар бир (диндор) учун ўзи юзланадиган тарафи (қибласи) бор. Бас, хайрли ишларда ўзиб кетингиз! Қаерда бўлмангиз, Аллоҳ ҳаммангизни (маҳшаргоҳга) келтиради. Албатта, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир (Бақара сураси, 148-оят).

Аллоҳ таоло инсонни яратиб, унга ўз хоҳиши (ихтиёри) билан танлаш ҳуқуқини берди. Ушбу илоҳий иродадан келиб чиқиб, инсоннинг Аллоҳга имон келтириш ёки келтирмаслик, ҳаққа юзланиш ёки ундан юз ўгириш, яхшилик қилиш ёки ёмонлик қилиш каби истаганини танлаш имкони бор.

Бу танлаш эрки инсонга дунё ҳаётида берилди. У ҳали ҳаётлик вақтида хоҳлаган ишини қилиши ё қилмаслиги мумкин. Лекин бу ихтиёр унга абадий, интиҳосиз берилмади.

Инсон умрининг ниҳояси ўлимга юзланган пайтда, энди у танлаш эркига эга, ихтиёрли эмас, Раббисининг тақдирига тобе, тўла тизгинланган бўлиб, на ўзини бошқара олади, на эплай олади. Унинг ўз устидаги ҳукмронлиги тугайди. Ҳатто аъзолари ўзига қарши гувоҳлик берадилар.

Аллоҳ кимни ҳақ йўлга бошлаган бўлса, у эзгу амалларга юзланади. Хайрли ишларда бошқалардан ўзиб кетишга ҳаракат қилади. Нима учун?! Чунки у качон ва қаерда  вафот этишини билмайди.

وَمَا تَدْرِي نَفْسٌ مَاذَا تَكْسِبُ غَدًا وَمَا تَدْرِي نَفْسٌ بِأَيِّ أَرْضٍ تَمُوتُ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِير

Бирор жон эртага нима иш қилишини билмас. Бирор жон қаерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ (ҳамма нарсани) билувчи ва хабардор зотдир» (Луқмон сураси, 34-оят).

У хайрли ишларда мусобақалашгани сайин, номаи аъмол деб аталмиш сармоясига ажр-савоблар қўшилиб боришини билади.

Мўминлардан бу дунёда талаб қилинадиган нарса шуки, ўлим етишидан олдин хайрли ишларда ўзаро мусобақалашишлари, ҳаргиз Аллоҳдан қутилиб қоламан, деб ўйламасликлари лозим.

أَيْنَ مَا تَكُونُواْ يَأْتِ بِكُمُ الله جَمِيعاً

Қаерда бўлмангиз, Аллоҳ ҳаммангизни (маҳшаргоҳга) келтиради.

Яъни,  Аллоҳ таоло билмайдиган бирор жой йўқки, сизлар у ерга яшириниб олсангиз… У сизларнинг ҳар бирингизнинг қарор топган жойларингизни билади ва маҳшаргоҳда жамлайди.

وَيَوْمَ نُسَيِّرُ الجبال وَتَرَى الأرض بَارِزَةً وَحَشَرْنَاهُمْ فَلَمْ نُغَادِرْ مِنْهُمْ أَحَداً (الكهف : 47).

Тоғларни (булутлардек) юргизадиган ва сизлар Ерни теп-текис (тоғу, боғларсиз) кўрадиган Кунни (Қиёматни эслангиз) (У Кунда Биз) улардан бирортасини қўймай йиғамиз (Каҳф сураси, 47-оят).

ففروا إِلَى الله إِنِّي لَكُمْ مِّنْهُ نَذِيرٌ مُّبِينٌ   (الذاريات : 50)

(Эй, Муҳуммад, уларга айтинг): “Бас Аллоҳга (имон келтириш учун) қочинглар! Албатта мен сизлар учун У  (зотнинг азоби)дан аниқ огоҳлантирувчидирман (Ваз-зориёт сураси, 50-оят).

Яъни, Аллоҳ таоло мазкур ояти каримасида бизларни ўзининг қудрати, азоби, ҳар бир нарсадан хабардорлигидан қочиб қутила олмаслигимизни ва ягона нажот йўли – Унинг ўзигагина қочиш эканлигини хабарини беряпти.

Шунинг учун ҳар бир осий ёки кофир инсон Аллоҳнинг азобидан ва у Кунда ҳисоб беришдан қочиб қутилишни хаёлига ҳам келтирмасин…

Дунёга алданиш, айрим инсонларни ҳаддан ошишига олиб келади. Натижада, Аллоҳнинг қўли етмайдиган мустаҳкам “қўрғондаман”,  ҳеч қачон Унга йўлиқмайман, деб ўйлайдилар.

Биз ана шундай ўйлайдиган кимсаларга айтамизки: “Сизлар кутилмаганда ўзингизни  охиратда кўрасиз. Ана шунда ҳисоб ҳақ эканлигини, жаннат, дўзах ҳақ эканлигини билиб оласиз”.

Имон келтирмаган ва хайрли ишларга шошилмаганлар ўзлари учун тайёрлаб қўйилган жазо, аламли азобга йўлиқадилар. (Аллоҳ бундай ёмон оқибатдан бизни сақласин).

Аллоҳ таоло ўзининг азобидан нажот топишимиз учун унга имон келтириш ва хайрли ишларга шошилишга бизларни чақиради. Ва жисмимиздаги бирор бир зарра ҳам Унинг ҳузурида тик туриб ҳисоб беришдан қутилиб қололмаслигини баён қилади. Шунинг учун оятини:

إِنَّ الله على كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ

Албатта, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир. деб якунлади.

Яъни, Аллоҳ таолони бирор нарса ожиз қолдира олмайди. Бирор нарса Унинг итоатидан чиқиб кетмайди. Аллоҳ ҳар нарсага қодир зотдир!

 

манбалар асосида

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди

имом-хатиби Авазхўжа Бахромов тайёрлади