Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ўз жонига қасд қилиш улкан гуноҳ!

Ўз жонига қасд қилиш улкан гуноҳ!

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, беҳисоб шукроналар бўлсин! Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васалам)га дуруд ва салому салавотлар бўлсин!

Аллоҳ таоло инсониятни яратган экан, унга  тўғри йўлни  кўрсатувчи  Илоҳий  китоблар  ва Пайғамбарларни  юбориб,  улар орқали  инсонларнинг руҳий ва жисмоний эҳтиёжларини қондирувчи кўрсатмаларни баён этгандир.  Инсонга берилган неъматлар ичида  энг улуғи иймон немати  бўлиб,  киши иймони ва солиҳ амаллари туфайли дунёда фаровон ҳаёт кечиради, охиратда эса жаннат неъматларидан баҳраманд бўлади. Аллоҳ  таоло инсон зотини азизу мукаррам қилиб яратиб, шаънини улуғлаб, ер юзидаги барча нарсаларни унинг манфаати учун пайдо қилган.  Инсоннинг шаънига, молига, жонига ноҳақ тажовуз қилишни ҳаром қилган.  Қуръони Каримда бундай дейилади:

“Дарҳақиқат (биз ) Одам фарзандларини  (азиз ва ) мукаррам  қилдик ва уларни қуруқлик  ва денгизга  (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро сураси 70-оят).

Инсон ўзи кутмаган  мусибатли ҳолатларга  дуч келганда, албатта, бу мусибатдан қутилиш чораларини қидиради. Баъзан иймон –эътиқоднинг сустлиги, сабр-тоқатнинг озлиги сабабли шайтон васвасаси ғолиб келиши оқибатида, бу  инсоннинг ўз жонига қасд қилиши билан якун топади.  Инсон ўзига омонат қилиб берилган жонни ўз қўли билан ҳалокатга ташлаши, яъни ўз жонига қасд қилиши нафақат мусибатдан қутилишнинг энг  нотўғри йўли, балки унданда каттароқ мусибатга ўзини мубтало қилиш, демакдир. Чунки ўз жонига қасд қилиш Аллоҳ таолонинг унга ато этган неъматларига, хоссатан, берилган умр – ҳоли ҳаётига ношукурлик ҳамда  одилу Ҳаким зотнинг  белгилаб қўйилган тақдирига нисбатан улкан исёндир.  Бу хақида Аллоҳ таоло  Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

Аллоҳ йўлида (бойликларингиздан) сарфлангиз ва ўз қўлларингиз (бахиллигингиз)  билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз! (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради(Бақара сураси 195-оят).

Бу ояти Каримада Аллоҳ таоло мусулмонларни ўзининг йўлида  пул-мол нафақа қилишга амр қилмоқда. Бу ояти Каримадан бир неча хил маъно олишимиз мумкин.

Биринчи маъно: Аллоҳнинг йўлида нафақа қилмай ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг, яъни  бахиллигингиз ҳалокатга дучор қилмасин, дегани.

Иккинчи мано: ўзингизни ўзингиз ўлдирманг.

Бу хақида Имом Олусий  шундай марҳамат қиладилар: “Ўлимга сабаб бўладиган нарсага  бормаслик лозимлиги келиб чиқади”, деганлар.

Бу дегани ўз жонига қасд қилишнинг қайси кўчаси бўлсин, ҳар бири гуноҳ ишдир, чунки инсонга Аллоҳ таоло томонидан умр деган улуғ неъмат берилган бўлиб, ўша умрдан унумли фойдаланиши, ўзи яшаб турган жойини эъзозлаши керак. Бу хақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

“Ким тоғ тепасидан ташлаб, ўзини-ўзи ўлдирса, ўлдиргандан сўнг жаҳаннамда  ҳам шу хил азобга гирифтор бўлади. Агар захар ичиб ўзини-ўзи ўлдирса, жаҳаннамда хам абадий шу азобга мубтало бўлади. Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, ўша кимса темир парчаси қорнига суқулган ҳолда жаҳаннам ўтида абадий қолади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз шундай марҳамат қиладилар:

“Ким ўзини-ўзи бўғиб ўлдирса, дўзахда ҳам шу хил азобга қолади ва ким ўзини олов билан ўлдирса, дўзах оловида ҳам худди шундай азобга қолади” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз ўз жонига қасд қилиш нақадар улкан гунох эканлиги тўғрисида айтмоқдалар. Сизу биз умр деган улуғ неъматнинг қадрига етишимиз керак. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

“Яна Роббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эсласангиз: қасамки, агар(берган неъматларга)шукр қилсангиз, албатта(уларни яна) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим(ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим сураси 7-оят).

Ана Аллоҳ берган умр деган улуғ неъмат қадрига етсак, бизга яна кўпайтириб беради, агар ношукрчилик қилсак, қаттиқ азоб берилиши тайин. Шунинг учун биз ўз фарзандларимизга берилган умрнинг қадрини, унинг бебаҳо неъмат эканлигини тушунтиришимиз керак. Арзимас нарсалар учун ўз жонига қасд қилиш – бу ўта ноинсофлик, заифлик, иродасизлик эканлигини фарзандларимиз онгига сингдириб боришимиз керак.     

БМТ маълумотларига кўра, 2007 йили Афғонистонда ҳар ой 566 (2006 йили – 425)  (2006 йили – 123 та) нафар инсон ўз-ўзини портлатиш усули билан ўлдирмоқда.

Бундай йўл билан ҳам ўз жонига қасд қилмоқда, шунингдек, қанчадан-қанча бегуноҳ одамларнинг ёстиғи қуримоқда, бевақт оламдан кўз юммоқда. Шунинг учун биз ўсиб келаётган ёш авлодни асраб авайлашимиз, онгини, маънавиятини, қадриятларини захарлайдиган хар қандай нарсадан асраб авайлашимиз керак.

Аллоҳ таоло ўсиб келаётган ёшларимизни баркамол, комил инсон бўлиб, ўз ватанига, ота-онасига, динига садоқат билан хизмат қиладиган ва меҳрибон бўлиб етишиб чиқишини таъминласин,  Ватанимизни турли бало-қазолардан асрасин, юртимиз янада гуллаб яшнасин. Омин!

Янгийўл тумани “Зайд ибн Собит” жоме масжиди
имом-хатиби Фаррух Абдуллаев