Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Тошкент вилояти имомлари Наманганга таъзияга боришди

Тошкент вилояти имомлари Наманганга таъзияга боришди

Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!

Мана орадан бир неча кун вақт ўтган бўлса-да, Қозоғистонда содир бўлган фожиа сабаб дилларни қуршаб олган қайғу, изтироб ҳали ҳамон бутун ўзбек халқини маҳзун қилиб келмоқда. Фарзандидан айрилган ота, дилбандининг совуқ жасадини бўлса ҳам қучиб, сўнгги дийдор сўзларини айтолмаган она, боқувчисини йўқотган, нима бўлаётганини гоҳ тушунган, гоҳ тушунмаган фарзандларнинг аҳволи, жуфти ҳалолини охират манзилига кузатган аёлнинг мунгли нигоҳларидан тирқираб оқаётган кўз ёшларига нисбатан ачиниш, ҳамдардлик, руҳан мадад қўлини чўзиш, таъзия изҳор қилиб, дардини оз бўлсада аритишга уриниш ҳисси мусибатзадаларни таниган – танимаган ҳар бир ватандошимизнинг қалбидан ўтмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Бугун Тошкент вилоятида хизмат қилаётган бир гуруҳ имом-хатиблар билан биргаликда Наманган вилоятидаги ушбу ҳалокат қурбонлари бўлганларнинг оилаларига бутун Тошкент вилоятининг таъзиясини изҳор этиш мақсадида ташриф буюрар эканмиз, мусибатнинг нақадар оғир эканлигини, синов жуда қаттиқ иродани талаб этишини гувоҳи бўлдик. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Бақара сурасида: “Уларга мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, – дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот(мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топгувчилардир”, дея марҳамат қилади. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳ таоло: “Эй, ўлим фариштаси, сен бандамнинг фарзандини, кўзининг қорачиғини, қалбининг самарасининг жонини олдингми?” – дейди. Фаришта: “Ҳа”, – дейди. Аллоҳ: “У нима деди?” – деб сўрайди. Фаришта: “Сенга ҳамд ва истиржоъ айтди”, – дейди. Шунда Аллоҳ: “Жаннатда бандамга бир уй бино қилинглар ва уни “Ҳамд уйи”, деб номланглар”, – дейди”, – дедилар.

Дарҳақиқат, оғир жудолик. Аллоҳ таоло марҳумларимизни Ўз раҳматига олиб, охиратларини обод қилсин, яқинларига сабри жамийл, матонат, мусибатлари эвазига ажру савоблар ато қилиб, ўрнини яхшиликлар билан тўлдирсин!

Тошкент вилояти бош имом-хатиби
        Хайруллоҳ Турматов