Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ислом тарихи / Мусҳафни жамлаган зотлардан бири

Мусҳафни жамлаган зотлардан бири

Маъриб тўғони бузилгач, Лахм Қаҳтоний қабиласи Яманнинг обод шаҳарларидан Шомга кўчиб ўтди. Қабиланинг бир жамоаси Рамлага ва Жавлон тепалигига, бошқа бири эса Қуддусга ўрнашди. Бир муддат уни “Лахм уйи” деб номлаб юришди. Сўнгра одамлар уни ўзгартириб “Байтул Лахм” дейдиган бўлишди. Лахмликлар ўзларининг қўшнилари румликлар билан муносабат ўрнатиб, баъзилари масиҳий динини қабул қилишди. Айримлари “Муштарий” (қуёш туркумидаги юлдузлардан бири)га сиғинишар ва Шом тепаликларига бино қилинган “Қайсар” ибодатхонасини зиёрат қилишарди.
Тамим ибн Авс ибн Хорижа Дорий Лахмий эса масиҳийликни қабул қилган жамоага мансуб кишилардан эди. У ҳатто “Байтул Лахм”нинг роҳибига айланган эди.


Кунларнинг бирида Тамим Дорийнинг қўшни қишлоққа иши тушди. У жундан тўқилган чакмонини кийиб, белига зуннор боғлади, кумуш хочи осилиб турадиган тақинчоғини бўйнига илиб, қалпоғини бошига қўндириб, ўша қишлоқ сари йўлга чиқди. Йўлда бир умр ёдда қоладиган бир воқеага дуч келди.


Тамим Дорий айтади: «Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам пайғамбар қилиб юборилган кезлар эди. Қўшни қишлоққа бораётганида қоронғу тушиб қолди. Юрагимга ваҳима оралади. Араблар жинлардан паноҳланиш учун айтадиган “калималар”дан бири: “Мен бу кеча шу водийнинг улуғ ҳимоячиси паноҳидаман”ни деб баланд овозда айтиб боравердим. Бир жойда тўхтаб ётиб ухламоқчи бўлганимда, бирданига бир киши (мен уни кўрмадим) бундай деди: “Эй одам, сен Аллоҳга юкин ва ундан паноҳ сўра. Чунки жин ҳеч кимга паноҳ беролмайди”. Мен: “Айтганларинг ростми?” дедим. У: “Уммийлар пайғамбари чиқди, бизлар унга эргашдик. Жинларнинг ҳийласи тугади. Уларга шуҳуб – учар юлдузлар отилди. Энди сен ҳам бутун оламлар Раббиси юборган пайғамбарга эргаш”, деди.

Тамим айтади: «Тонг отгач, “Айюб” нoмли насоролар ибодатхонасига бордим. У ерда жуда кексайиб қолган бир роҳиб яшарди. Нима бўлганини унга айтиб бердим. У гапларимни эшитиб, сенга ғойибдан келган овоз рост айтибди, деди. Ўша пайғамбар Макка диёридан чиқади ва у пайғамбарларнинг энг яхшисидир. Дарҳол ўша ёққа отлан…” деди.


Тамим Дорий роҳиблик жуббасини ечиб, Ҳинд номли оғаси билан Мадина сари йўлга тушди. Ака-ука Мадинага етиб боргач, уловларини Масжидга яқин жойга чўктирдилар ва Расулуллоҳни излашга тушдилар. Ака-ука у зотнинг ҳузурларида тавҳид калимасини айтиб, иймон неъмати билан шарафланди.

Ўша ерда Тамим Дорий Набий алайҳиссаломга: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ сизнинг динингизни ғолиб қилади ва байроғингизни ҳамма жойда ҳилпиратади. Мен ортимда оилам ва бошпанамни қолдириб, бу ёққа ўзимни Аллоҳ ва Расулига бағишлаш учун келдим. Эй Аллоҳнинг Расули, агар мусулмонлар Аллоҳнинг нусрати ила Байтул Мақдисни ишғол этсалар, менга қишлоғим Жибрийнни ҳадя этинг”, дедим. У зот гапимни эшитиб, қишлоқни ҳадя этдилар. Тамим бунинг учун менга бир хат битиб беринг, деб сўради. Расулуллоҳ алайҳиссалом Тамимга бир мактуб битиб бердилар.


Ҳижратнинг ўн бешинчи йили мўминлар амири Умар ибн Хаттобга қўмондон Амр ибн Оснинг Байтул Мақдисни фатҳ этгани ҳақидаги хушхабар етиб келди. Байтул Мақдис аҳолиси мусулмонлар амири Умар ибн Хаттобнинг ўзи келиб биз билан сулҳ тузсин, деб туриб олганини ҳам етказишди. Умар Форуқ озод этилган Фаластин заминига бориб, ўз қўллари билан Фаластин аҳолиси учун сулҳни имзолади. Қуддус тепаликларида Ислом байроқлари ҳилпирай бошлади. Энди Лахм яшайдиган Жулон тепаликларида ҳам азон овозлари янграй бошлади.

Лахм ўғлони Тамим Дорий ўрнидан туриб:
– Эй мўминлар амири, Байтул Мақдисни мусулмонлар фатҳ этди, яъни Аллоҳ уларга нусрат берди, Расулуллоҳ менга қишлоғим Жибрийнни ҳадя этган эдилар. У зот ҳадя этган қишлоқни менга беринг, – деди.
– Бунга ким гувоҳлик беради? – деб сўради Умар Форуқ.
Шунда саҳобалардан бири туриб:
– Мен гувоҳлик бераман, – деди.
Умар ибн Хаттоб Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг Тамим Дорийга ҳадясини тасдиқлаб берди.


Тамим Дорий Исломга киргандан бошлаб Масжиди Набавийни камдан-кам ҳолатда тарк этар, Аллоҳнинг каломи – Қуръонни кечаю кундуз тиловат қилар, ҳатто ҳафтасига бир марта хатм қилишни ўзига одат қилганди. У Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам замонларида Мусҳафни жамлаган саноқли кишилардан бири эди.
Тун пайти у подшоҳлар подшоҳи ҳузурида туриш учун тўлиқ зийнатланиб, таҳажжудни адо этишга киришар эди. Бир кеча уйқуси зўрлик қилиб, таҳажжуд намозига тура олмади. Шундан кейин у ўз нафсини жазолаш учун бир йил тўлиқ кечалари ухламасдан ибодат қилиб чиқди.

Тамим Дорий икки нур соҳиби – Усмон ибн Аффон шаҳид этилгунга қадар Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам шаҳрининг қўноғи бўлди. Сўнгра Шом диёри яқинидаги қишлоғида омонатини топширди. У “Жавлон” қабристонига дафн этилди.


Кўп ибодат ва кўп сажда қилувчи Тамим Дорийдан Аллоҳ рози бўлсин, қабрини мунаввар айлаб, унга жаннатнинг олий боғларидан маскан берсин.

Манбалар асосида Бобомурод ЭРАЛИ тайёрлади.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]