Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир.

Бош саҳифа / Ислом тарихи / Бухорийни ўрганамиз 5

Бухорийни ўрганамиз 5

Саҳиҳ ул Бухорийни тез ва энг кўп ўқиганлар

Хатиб Бағдодий Саҳиҳул Бухорийни учта ўтиришда ўқиб чиққанлар. Ўзлари: “Икки кун тунда, охиргисини эса, эрталабдан кечқурингача ўқидим”, – деганлар.

Имом Ҳофиз Заҳабий: “Бунданда тез ўқиган инсонни эшитмадим”, – деганлар.

Ибн Ҳажардан “Сиз ҳам имом Хатиб Баъғдодий каби ўқиганмисиз дейилганда”: “Йўқ, лекин мен ўн маротабада ўқиганман. Агар узлуксиз бўлганида бундан кам бўларди”, – деганлар.

Имом Саховий ўзларининг “аз Завъул Ломеъ” китобларида Усмон ибн Муҳаммад ибн Амр ад-Диямий аш-Шофеъий Мадинаи Мунавварага қилган сафарларида, тўрт кун мобайнида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаларида “Саҳиҳул Бухорийни” ўқиб тугатганларини келтирганлар.

Иршодус Сарий китобининг муаллифи имом Аҳмад ибн Абу Бакр Қасталоний бешта ўтиришда ўқиб тугатганлар.

Имом Абу Бакр ибн Атийя “Саҳиҳул Бухорий”ни 700 марта ўқиб тугатганлари ривоят қилинган.

Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Қоҳирий ал-Ҳанафий ўзларининг шогирдлари ал-Бурҳин ал-Ҳалабийга “Саҳиҳул Бухорийни” 95 маротаба ўқиганларини айтган. Шогирдлари ундан кейин ҳам бир неча маротаба ўқиганларини ривоят қилади.

Асад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд аш-Шеърозий 20 мартадан кўп ўқиганлар.

Ал-Бурҳон ал-Ҳалабий “Саҳиҳул Бухорийни” 60 мартадан кўпроқ ўқиб тугатганлар.

Ва бундан бошқа яна бир қанча олимлар ҳам кўп ўқиганлар. Мақоламиз узайиб кетмаслиги учун шуларни айтиш билан чекландик.

 

 Қибрай тумани “ Саъдулла ота” жоме масжиди
имом-хатиби Мирҳамидов Обид