Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Яхшиликни илиниш

Яхшиликни илиниш

عن انس بن مالك عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: لايؤمن أحدكم حتي يحب لأخيه ما يحب لنفسه  رواه مسلم

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз ўзи яхши кўрган нарсани биродарига раво кўрмагунча, ҳақиқий комил мўмин бўла олмайди”, дедилар. Ҳадисда иймонли бўла олмайди дейишдан мақсад, комил иймонли бўла олмасликдир. Масалан, фалончи одам эмас, деганда унинг инсонлигини инкор қилиш эмас, балки инсон сифатланиши лозим бўлган сифатлар билан зийнатланмаганлиги комил инсон эмаслиги тушунилади. Бошқа бир ривоятда иймонни ҳақиқатига деб келган. Бу ерда ҳақиқатнинг маъноси комилликдур. Чунки ким манашу сифат билан сифатланмаса, кофир бўлиб қолмайди. Балки, комил мўминлигига путур етади.

Ҳадисда келган “биродар”дан мурод, Қасталоний айтганларидек, зиммийларни ҳам ўз ичига олади. Бу гапни эса Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис қўллаб-қувватлайди. У киши Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, иймоннинг афзали қайси?”. У зот: “Аллоҳ учун яхши кўришлигинг ва Аллоҳ учун ёмон кўришлигинг, тилингни Аллоҳнинг зикри ила банд қилишинг” дедилар. Муоз ибн Жабал: “Ундан кейин-чи?” деганларида узот: “Ўзинг яхши кўрган нарсани инсонларга илинишинг ва ўзинг ёмон кўрган нарсани улар учун ҳам ёмон кўришлигинг”, дедилар. Ўзи яхши кўрган нарсадан мурод тоатлар ва мубоҳ нарсалардир. Ҳофиз айтадилар: “Бу ерда қайтариқлар чиқиб кетади” муҳаббатдан мурод эса ўзи яхши деб эътиқод қиладиган нарсаларни хоҳлашдир. Яна ўзи эришган нарсанинг айни ўзини эмас, балки ўшанинг ўхшашини илинишликдир. Абу Заннод ибн Сирож айтадилар: “Ким биродарига ўзи эришган нарсанинг айни ўзини биродарида ҳам бўлишини хоҳласа, у инсон ўзидан биродарини афзал кўрувчилардан ҳисобланади”. Шайх Абу Амр ибн Салоҳ айтадилар: “Ўзи яхши кўрган нарсани биродарига ҳам илинишлик бу соғлом қалбли кишиларга осондир, касал қалбли кишиларгагина қийиндир.

Хулоса ўрнида бу борадаги Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Иҳёу улумид-дин” китобларидаги ажойиб қиссани келтириш ўринлидир. Бир киши ўзининг яқинларига ҳовлисида сичқон кўпайиб кетганлигидан нолидилар. Шунда яқинлари: “Мушук боқсангиз бўлмайдими?!” дейишди. Шунда ҳалиги киши: “Агар уйимда мушук боқсам, сичқонлар унинг овозини эшитиб қўшниларнинг уйларига ўтиб кетишади ва оқибатда мен ўзим яхши кўрмаган нарсани уларга истаган бўлиб қолишдан қўрқаман”, деб жавоб берган эканлар.

Тошкент Ислом институти 4-курс талабаси
Аслиддин МИРЗАМИДДИНОВ