Асҳоби киромнинг улуғларидан ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “У аҳли байтдандир”, деган лутфларига сазовор бўлган Салмон Форсий асли Эрондан бўлиб, Исфахон яқинида туғилганлар. Мажусийлар муҳитида униб-ўсган Салмон ўз эътиқодидан кўнгли тўлмай, ҳақ динни излай бошлади. Аввал насронийликни қабул қилди, кейин аҳли китоб кутаётган пайғамбарни топиш учун Хижозга келди. Савдогар шерикларининг хиёнати туфайли Мадинадан яҳудийларга қул қилиб сотиб юборилди. Бироқ унинг ҳақиқат йўлидаги интилишларини Аллоҳ бесамар қолдирмади.
Буюк қудрат соҳиби Мадинадан қуллик занжирини Салмон учун бетакрор неъматга алиштириб берди: қуллик истибдоди авжига чиққанида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилдилар. Салмон охирги замон Пайғамбари ҳақида роҳиблардан эшитган аломатларни Ул зотда кўриб, дарҳол имон келтирди ва пайғамбарлик муҳрини ўпиб, юз-кўзига суриб, Ҳабиб ёнидан жой олди. Ул зот Расулуллоҳнинг лутфу мададлари билан озодликка эришди. У форс бўлишига қарамай кўпгина араб сафдошларидан ўзиб кетиб, Расулуллоҳнинг нури мубораклари ва ислом дини туфайли ҳурмат-эҳтиромга сазовар бўлди.
Салмон Ислом ривожи, мусулмонлар манфаати учун жонини фидо қилишга тайёр инсон эди. Салмон Пайғамбаримиз алайҳиссалом билан барча ғазотларда иштирок этди. Буюк саҳобий шахсий даромадидан келган маблағ эвазига кун кечирар, эҳтиёжидан ортганини мискин ва фақирларга тарқатар эди.
Ибн Саъд ривоят қилган ҳадисда: “Салмонга чуқур илм берилган”- дейилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннат уч кишига – Али, Аммор ва Салмонга илҳақдир” – деганлар. Ҳазрати Али у киши ҳақида: “Салмон аввалгилар ва кейингиларнинг илмларини эгаллаган битмас-туганмас уммондир, у биздан, яъни аҳли байтдандир” – деганлар.
Мўътабар китобларда бу саҳобий ғоят узоқ умр кўрганлари айтилади. Ҳижратнинг 35 йили мусулмонлар ўзларининг яна бир чароғон юлдузи билан Хуфа шаҳрида ҳазрат Усмон халифалик даврларида видолашишди. Аллоҳ у кишидан рози бўлсин.
Бекобод тумани “Улуғбек” жоме масжиди
имом-хатиби Холбоев Х.