Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / МУРШИДИ КОМИЛНИНГ ТАВСИЯСИ

МУРШИДИ КОМИЛНИНГ ТАВСИЯСИ

Доктор Абдулҳай Орифий раҳимаҳуллоҳ ҳазратлари гарчи касби бўйича гомеопатик шифокор, тиббиёт клиникасини бошқарган бўлса ҳам ўз даврининг энг етук уламо ва аҳли илмларини руҳий тарбия қилган машҳур муршиди комил бўлганлар. У зот нафақат жисмоний дардларни ва иллатларни даволовчи, балки маънавий иллатлар табиби, руҳий дардларнинг шифокори ҳам эди.

Дунёга машҳур уламолардан муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний, муфтий Муҳаммад Рафиъ Усмоний, ҳазрати мавлоно Муҳаммад Юсуф Лудҳиёнавий  каби олимлар Доктор соҳибга руҳий тарбия йўлида байъат қилганлар.

“Асвау Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам” номли китоб доктор соҳибнинг қаламига мансубдир.

Доктор Абдулҳай Орифий раҳимаҳуллоҳ ҳазратлари бир мажлисда ҳозир бўлганларида ундан бундай деб сўрашган экан:

  • Ҳазрат, сиз узоқ муроқаба ва вазифаларни қандай адо этасиз?

Шунда Доктор Абдулҳай Орифий раҳимаҳуллоҳ бундай жавоб бериб, руҳий тарбиянинг энг осон услубларидан бирини ўргатган эканлар:

  • Мен сизга Аллоҳга яқинлашишнинг қисқа йўлини айтиб бераман. Буни бир неча кун бажаринг ва қурбат – Аллоҳга яқинлик манзилларига қандай эришиш мумкинлигини кўринг:
  • Аллоҳ азза ва жалла билан яширинча гаплашишни одат қилинг. У шу даражада бўлсинки, банда қачонки бирор жоиз ишни бажарса, қалбида мана бу тўртта жумлани айтсин:

“Эй, Аллоҳим!

(а) бу ишда менга ёрдам бергин!

(б) менга осон қилгин!

(c) саломатлик билан уни поёнига тўлиқ етказгин!

(д) уни Ўз даргоҳингда қабул қилгин!”.

Бу тўртта қисқа жумлалар, лекин бир кунда Аллоҳга юзлаб марта мурожаат қилинади ва мўминнинг Аллоҳ билан алоқасини доимо сақлаб қолиши учун керак бўлади. Лозим бўлган нарса шу.

2.   Инсон кундалик ҳаётида тўртта вазиятга дуч келади:

(а) табиатига мувофиқ нарсаларга;

(б) табиатига зид нарсаларга;

(с) ўтмишдаги хато ва камчиликларни эслаш;

(д) келажакдаги хавф ва ташвишлар.

Табиатига мувофиқ келган масалада

اللّهُمَّ لَكَ الْحَمْدُ وَ لَكَ الشُّكْرُ

“Аллоҳумма, лака-л-ҳамду ва лака-ш-шукру!”

“Эй, Аллоҳим! Сенга ҳамд ва шукрлар бўлсин”, дейишни одат қилсин.

Агар иш табиатга зид бўлса,

إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّاۤ إِلَیهِ رَ ٰ⁠جِعُونَ

“Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!”

“Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз”, деб айтсин.

Ўтмишдаги хатоларни эслаганда,

اسْتَغْفِرُاللَّه

“Астағфируллоҳ”,

“Аллоҳга истиғфор қиламан!”, деб айтсин.

Агар келажакда таҳдидлар бўлса, буни айтсин:

اللَّهُمَّ إنِّي أعوذُ بكَ من الفِتَنِ، ما ظهَرَ منها، وما بطَنَ،

“Аллоҳумма, инний аъузу бика мин ал-фитани ма зоҳаро минҳа ва ма батона!”

“Эй, Аллоҳим! Сенинг номинг ила ички ва ташқи фитналардан паноҳ сўрайман”.

Шукр билан мавжуд неъматлар сақланади.

Йўқчиликка сабр қилиш билан ажрга ҳамда Аллоҳнинг кўмагига муяссар бўлинади.

Истиғфор билан эса ўтмиш тозаланади.

Фитналардан паноҳ сўраб дуо қилинганда эса, келажакда келиши мумкин бўлган хавфлардан муҳофазада бўлинади.

  • Шариатдаги фарз ва вожиб амалларни билганингиздан сўнг уларни адо этинг ва кабира гуноҳлардан сақланинг.
  • Бироз вақт бирорта зикрни айтиб, Аллоҳ таолога боғланинг.

Зикрлар ортидан гоҳ-гоҳида бу маънодаги истак ва тилакни дилдан ўтказиб туринг:

“Эй, Роббим! Мен Сеники бўлишни истайман, мени Ўзингники қилгин! Менга Ўз муҳаббатинг ва маърифатингни ато этгин!”.

Бу гўё дардларга дармон бўладиган дорилар рецепти бўлиб, ундан бир неча кун фойдаланинг. Кейин нима содир бўлишини ва қурбат манзиллари қандай қилиб тезда аниқланишини кўринг!”.

Доктор Абдулҳай Орифий раҳимаҳуллоҳ ҳазратларининг ушбу руҳий таълим-тарбия йўлида ўргатган ва тавсия қилган амалларига бугун мусулмон уммати жуда муҳтождир. Уни ҳаётимизда татбиқ қилиб кўриш бугунги муаммоларга тўла талотум дунёда инсонга руҳий хотиржамлик ато этиши шубҳасиздир. Зотан, дунё Аллоҳникидир, ҳаётни Аллоҳ яратгандир. Унга боғланган ҳолда яшаш мутлақ роҳат кафолатидир.

Ҳикматуллоҳ домла Абиев
“Аҳмаджон қори” жоме масжиди имом ноиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]