Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Рўза тутишнинг маънавий аҳамияти

Рўза тутишнинг маънавий аҳамияти

Муборак Рамазон ойи ҳам кириб келди. Юртдошларимиз ойларнинг энг улуғи ва энг фазилатлиси бўлмиш бу ойни бир олам шодлигу қувонч билан кутиб олдилар.

Рўза луғатда – “сиём” деб аталиб, ўзини бир нарсадан тийишни билдиради.

Шаръий истилоҳда эса ният қилиб, тонг отгандан кун ботгунча еб-ичиш ва хотинига яқинлик қилишдан тийилиб туришга рўза дейилади.

“Рўза” сўзи бизга форс тилидан ўтган бўлиб, луғатда кун, кундалик, ризқ-рўз маъноларини билдиради. Яъни, Рамазон ойининг кундузи махсус ибодат қилинади, шу билан бирга бу ойда ризқ-рўз кенг бўлади.

Рўза тутишнинг жуда катта маънавий аҳамияти бор:

-Рўза неъматларга шукр қилишга, неъматларнинг қадрини билишга васила бўлади. Чунки, нафс ейиш, ичиш ва жимоъдан ўзини тияди. Бу учови эса дунёвий неъматларнинг энг улуғларидандир. Улардан бир неча муддат тийилиб туриш, неъматларнинг қадрини яққол кўрсатади, чунки, одатда неъмат йўқолганда билинади. Неъматларнинг қазоси шукр билан бўлади. Неъматларга шукр қилиш эса фарздир.

Рўза тутишда, шунингдек, бошқа барча асосий ибодатларда ният қилиш шарт ҳисобланади. Ният бўлмаса, ибодат ҳам бўлмайди. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалам Имом Бухорий ривоятида:

“Амаллар ниятга боғлиқдир” дейдилар.

Бинобарин, ният рўзада ҳам шарт амаллардан бири ҳисобланади. Аслида, ният дегани қалбда бўладиган нарсадир. Қалбда, дилда қилинган ниятгина ҳисобга ўтади. Тилда ният қилинса-ю, қалбида ҳеч нарса бўлмаса, рўзаси рўза бўлмайди. Мавлоно Алий ал-қорий айтганидек, тилда ҳам ният қилиш бидъати ҳасана, яъни мақбул амал ҳисобланади. Шунга кўра, одатдагидек:

“Тонг отгандан то кун ботгунча Рамазон ойи рўзасини тутмоқни ният қилдим” каби сўзларни дилда ўтказиб ва тилда айтиб, ният қилади.

Зотан, бизнинг фиқҳий китобларимизда тил билан ният қилиш ҳам суннатдир, дейилган. (“Оламгириййа”, “Кофий”, “Ниҳоя”, “Наҳр”).

Муборак ойда Рамазон рўзаларини тутиб, фарз ибодатларни адо этишда Аллоҳ таоло куч-кувват берсин.

Ангрен шаҳар «Облиқ» жоме масжиди имом­ ҳатиби Ҳусниддинхон Шарофхўжаев