Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ХАЙРУ САХОВАТ, ЭЗГУЛИКЛАР ОЙИ, МАРҲАБО!

ХАЙРУ САХОВАТ, ЭЗГУЛИКЛАР ОЙИ, МАРҲАБО!

Дилларга сурур, қалбларга сокинлик, ҳузур-ҳаловат улашадиган муборак Рамазон ойи ҳам кириб келмоқда. Бу ойнинг файзи ва шукуҳи ўзгача. Бу ой бежиз орзиқиб кутилмайди. Унда минг ойларга татийдиган кеча бор. Бу ойда сўзларнинг энг улуғи – Каломуллоҳ нозил бўлган.

Рамазонни юртимизда кўтаринки руҳда кутиб оламиз. Чунки бу ойни муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида ҳар йили муҳтарам Президентимизнинг махсус қарори қабул қилинади. Шу йил 31 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрида”ги Қарори матбуотда эълон қилингани барча мўмин-мусулмон юртдошларимиз сингари бизни ҳам беҳад қувонтирди.

Шу ҳужжат асосида муборак ойнинг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, маънавий поклик, сабр-қаноат каби фазилатларни эъзозлаш, бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизни қадрлаш, одамларни бир-бирига яхшилик қилиш, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб яшашга даъват этадиган ҳамда ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, азалий анъана ва қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган тарғибот тадбирларини ўтказиш алоҳида белгиланади.

Рўзанинг жуда кўп ва турли-туман фойдалари бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни ана шу фойдаларга тарғиб қилганлар. Биринчидан, рўза инсон танасини турли касалликлардан асрайди. Чунки танадаги кўп касалликлар асосан меъда ва ичакларда тўпланиб қолган чиқиндилардан ҳамда ортиқча семириб кетишдан бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рўза тутинглар, соғлом бўлурсиз. Сафар қилинглар, бой бўлурсиз”, деганлар (Имом Табароний ривояти).

Иккинчидан, рўза зеҳннинг саломатлиги, фикрнинг тўғри бўлиши, ҳофиза қувватининг фаоллашувида фойдали, унутувчанликни камайтиради. Кўп ейиш мияда намлик ва ботни кўпайтиради ва бу хотира қувватига оғир келади.

Учинчидан, рўзадор кишининг тана аъзолари ҳаракати тоат-ибодатлар учун енгил бўлади. Ҳаддан ташқари тўйиб овқатланиш танани бўшаштиради, ибодат қилишга оғирлаштириб қўяди.

Тўртинчидан, рўза туфайли шайтоннинг малайлари мағлуб бўлади, Раҳмоннинг лашкарига нусрат ато этилиб, ғолиб бўлади. Рўзада нафсни тийиш аъзоларнинг бемалол бўлишидан, шаҳватларга муккасидан кетишидан сақланишдир. Озуқанинг кўпайиб кетиши нафсни ёмон шаҳватларга ундайди.

Бешинчидан, рўза туфайли дуолар қабул ва ижобат бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уч киши борки, уларнинг дуосини рад қилмаслик Аллоҳнинг зиммасидаги ҳақдир: оғзини очгунча рўзадорнинг, нусрат топгунча мазлумнинг ва қайтгунича мусофирнинг”, деганлар.

Қолаверса, тиббий-илмий изланишлар натижасида рўзанинг турли жисмоний ва руҳий касалликлардан ҳимояланишда ва уларнинг олдини олишда фойдаси борлиги собит бўлди. Баъзи мисолларни айтадиган бўлсак: рўза инсондаги касалликларга қарши қобилиятни (иммунитет) кучайтиради, чунки рўза тутган одамда ушбу мақсадга хизмат қилувчи ҳужайралар ўн марта кўпайиши илмий исботини топган.

Бу ойда бир ҳар бир қилинган амалнинг эвазига 70 тадан 700 тагача савоб берилиши ҳадиси шарифда баён этилган: “Ҳар бир хайрли амалга ўн баробардан етти юз баробаргача савоб берилади” (Имом Табароний ривояти).

Аллоҳга беадад шукр, бу йил Рамазонда ҳам эзгу анъаналаримиз давом этади: таровеҳларда, Қуръони карим хатмларидан сўнг барча масжидларимизда юртимизнинг янада равнақ топиши, халқимиз турмуши бундан-да фарвон бўлиши, жаннатмонанд юртимиз  гуллаб-яшнаши учун Яратганга илтижолар қиламиз. Зеро, ҳадиси шарифда: “Рўзадорнинг дуоси то ифторлик қилгунича асло рад этилмайди”, дейилган (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).

Тошкент вилоятида жами 224 та жоме масжид бўлса, шулардан 221 тасида таровеҳ намозлари адо этилади, шу жумладан, 137 тасида Қуръони карим хатм қилинади. Барча мўмин-мусулмонлар Қуръони карим тиловатидан завқ олишлари учун Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тавсиясига биноан хатми Қуръонлар 27 кундан кам муддатда ўтказилмаслиги белгилаб қўйилди.

Албатта, у ойлар султони, унда илк бора Аллоҳ таолонинг каломи нозил бўлган. «Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир» (Бақара сураси, 185-оят).

Дарҳақиқат, Рамазон бу – Қуръон ойи. Унинг кечаларини қориларнинг гўзал қироатлари билан таровиҳлар безаб туради. Аллоҳнинг каломини хатм қилиш, уни тинглаш, ундан баҳра олиш ниятида Ислом уммати таровиҳларга шошилади. Бу муборак кечаларда гўё нур заминдан самога кўтарилаётгандек бўлади. Чунки замин узра Аллоҳнинг уйларида Қуръони карим тиловатлари янграб туради. Ҳатто Қуръонни билмаганлар ҳам уни ўқиш, ёд олиш, айниқса, ўзи тиловат қилишни истаб қолади.

Рамазонда Қуръон тиловати билан машғул бўлиш энг улуғ ибодат ҳисобланади. Қуръон тиловати банданинг нажот топишига ва Парвардигори розилигига эришишига восита бўлади. Чунки Қуръон Аллоҳ ҳузурида ўз қорисини шафоат қилади.Абу Умома Боҳилий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: “Қуръон ўқинглар! Чунки у Қиёмат кунида ўқувчилар учун шафоатчи бўлади”» (Имом Муслим ривоятлари).

Қуръондан озгина бўлса ҳам ёд олиш – неъмат, Аллоҳ таолонинг марҳамати. Уни ўқиш, ёдлаш, ўрганиш учун Рамазон ойи жуда қулай ва баракали вақтдир. Шунинг учун бу мавсумни ғанимат билишимиз керак. Ёшлар ҳали ҳаммаси олдинда, бемалол улгураман, деб хотиржам бўлмасин, ёши улуғлар эса энди кеч, деб  умидсизликка тушмасин. Ҳаракатда баракат, қимирлаган қир ошар, деган гаплар бежизга айтилмаган. Қуръоннинг ҳаммасини бўлмаса-да, унинг маълум қисмини ёки баъзи сураларни, ҳеч бўлмаса битта сурани ёд олишмиз мумкин. Шубҳасиз бу – катта бахт.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким Аллоҳ китобидан бир ҳарф ўқиса, унга битта яхшилик-ҳасана ёзилади. Ҳасанага ўн баробар зиёдаси билан (ажр-мукофот берилади). Мен “Алиф, лом, мим” битта ҳарф деяётганим йўқ. Балки алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир» (Имом Термизий ривояти).

Дарвоқе, Рамазон ғанимат ойи. Бу ойда Қуръони ўқиш, кўплаб ибодатларни бажариш, энг муҳими, яна ҳам кўпроқ эзгу ишларни қилиб қолиш зарур. Бу ойда хайру саховат тадбирларини кўпайтириш, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ёрдам кўрсатиш керак. Зеро, Аллоҳ таоло ихлос ва самимиятимизга яраша ажрларни кўпайтириб беради, иншоаллоҳ.

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]