Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / АЁЛГА ЭҲТИРОМ – АЗАЛИЙ ҚАДРИЯТ

АЁЛГА ЭҲТИРОМ – АЗАЛИЙ ҚАДРИЯТ

Маърифат улашиш, зиё таратишнинг ажри улуғ, савоби бисёр. Айниқса, чекка ҳудудларга бориб, одамлар билан мулоқот қилиш, улар ила дилдан суҳбатлашиш баробарида, намозхонларнинг маънавиятини юксалтириш, юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништириш бугун эзгу анъанага айланди.

2022 йил 4 март куни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов Навоий вилоятига ташриф буюриб, жума намозидан аввал “Қосим Шайх” жоме масжиди қавмига гўзал мавъиза қилиб, жумладан, бундай дедилар:

– Ислом аёл-қизларни юксак қадрлайди. Уларнинг шарафи, иффати ва ҳақ-ҳуқуқларини мукаммал таъминлаб берган. Аёлларнинг ҳар бир эзгу амали учун улуғ ажру-мукофотлар, хушхабарлар ваъда қилинган.

Қуръони каримда: «Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз» (Наҳл сураси, 97-оят).

Ислом аёлга таълим олиш ва маънавий савиясини ошириш ҳаққини берди ва эркакларни бу ишга масъул қилди. Илм талаби эркак ва аёлга баробар фарзлигини, қизларга ва сингилларга таълим-тарбия берган киши жаннатий бўлишини яхши биламиз.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом: Қай бир кишининг ҳузурида жория бўлса-ю, у унга яхшилаб таълим берса, яхшилаб одоб берса ва сўнгра озод қилиб, унга ўзи уйланса, унга икки ҳисса ажр бўлур”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Аёлни эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш ўзбек халқига хос олижаноб хусусиятлардан. Ана шу хусусиятларни амалда сайқаллашимиз керак…

Мавъиза сўнгида юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб, Яратганга дуо ва илтижолар қилинди.

Жума намозидан сўнг Жасурбек домлани қуршаб олган намозхонлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олиш баробарида эсдалик учун суратга ҳам тушишди.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]