Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ислом тарихи / Ҳайбар жанги

Ҳайбар жанги

Ислом тарихини ўқиган киши яҳудийларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан душманчилик муносабатида бўлганликлари ва доим Ул зотга адоват сақлаганликларини гувоҳи бўлади. Айниқса, улар Ҳандақ жангида Мадинага бостириб келган, ахзобни (гуруҳ, фирқаларни) мусулмонларга қарши қайрашда катта ташаббус кўрсатдилар. Ҳижрий еттинчи йилнинг муҳаррам ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳайбар яҳудийларига қарши жангга тайёргарчилик кўришга буюрдилар. Ҳайбар қалъалардан иборат бўлиб, уларнинг деҳқончилик қиладиган экинзорлари ва саккизта истеҳком қўрғонлари бор эди. Улар Мадинага шимолий ғарб томондан тахминан юз чақирим узоқликда эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг биринчи қўрғонини олти кун қамал қилдилар. Еттинчи куни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қўрғондан чиққан бир яҳудийни ушлаб олдилар. Уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига олиб келдилар. Қўрқиб кетган яҳудий:

– Агар мени омон қолдирсангиз, сизнинг муваффақиятингиз гарови бўлган бир ишга сизларни далолат қиламан. Қўрғон ичидагилар қаттиқ машаққат ва қийинчиликдан ҳолдан тойдилар. Улар бола-чақаларини орқадаги қўрғонга чиқариб юбориб, эртага сизларга қарши жанг қилиш учун чиқадилар, – деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Эртага, Аллоҳ ва Унинг Расули яхши кўрадиган, Аллоҳни ва Унинг Расулини яхши кўрадиган кишига байроқни бераман. Аллоҳ бизларга унинг қўлига кўра ғалабани бергай, – дедилар.

Тонг отгач, Али ибн Толиб розияллоҳу анҳуни чақирдилар. Унинг кўзи оғриётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дуо қилиб, муборак тупукларидан унинг икки кўзига суртиб қўйдилар. Шу ондаёқ кўзлари шифо топди. Сўнг байроқни унга торширдилар. Мусулмонлар яҳудийларга кутилмаганда  шердек ҳужум қилдилар. Саросима  ичида қолган душман ортига қараб қочишдан бошқа чора топа олмади. Қўрғон фатҳ қилинди. Мусулмонлар қолган қўрғонларни ҳам кетма-кет ишғол қилдилар. Ниҳоят, душман устидан тўлиқ ғалабага эришдилар. Ҳамд Аллоҳ учундир! Аллоҳ бу жангда яҳудийларни хор қилди. Мўмин бандаларининг қўлларини баланд қилди. Мўминлар яҳудийларнинг мол-мулкларини ғанимат қилиб олдилар. Уларнинг ерларига эга бўлдилар.

Яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан зироат билан шуғулланиб, ҳосилнинг ярмини мусулмонларга бериш шарти билан ўз ерларида қолишларига изн сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Биз ўзимиз истаган нарсада сизларга рухсат берамиз, – деб уларга имкон бердилар.

Умар розияллоҳу анҳу ўзларининг ҳалифалик даврларида уларни Таймо ва Урайҳо деган жойларга кўчириб юбордилар. Бунинг сабаби, яҳудийлар Ҳайбарда тунаб  қолган ансорийлардан бирини ўлдириш учун бир қулни қўзғадилар. Энди уларнинг Ҳайбарда қолишига мусулмонларнинг эхтиёжи қолмаган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан яҳудийлар ўртасидаги шарт эса, Ул зотнинг “Биз ўзимиз истаган нарсада сизларга рухсат берамиз” деган сўзларига кўра, Умар розияллоҳу анҳу уларнинг устидан мусулмонлар истаган ҳукмни чиқардилар. Улар мусулмонларга душманчилик қилишгач, Умар розияллоҳу анҳу уларнинг хизматларидан воз кечдилар. Шундай қилиб, ҳижрий йигирманчи йили уларни Таймо ва Урайҳо деган жойларга кўчириб юбордилар. Ушбу ғазотда бир яҳудий аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга заҳарланган қўй гўштини ҳадя қилди. Гўштдан ўзлари ва бир неча саҳобалар едилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гўштни бир икки чайнаб оғизларидан чиқариб ташладилар. Сўнг ўша аёлни чақириб:

– Сени бундай қилишга нима ундади? – деб сўрадилар. Аёл:

– Агар сен подшоҳликни истаётган бўлсанг, сендан қутулишни хоҳладим. Агар пайғамбар бўлсанг, мени ишим ҳақида сенга хабар берилади деб ўйлаган эдим, – деди.

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларига сабаб бўлган касалликка чалинганларида: “Эй Оиша, мен ҳануз Ҳайбарда еган таомнинг аламини тотаяпман”, деганлар”.

Ушбу тарих яҳудийлар билан Ислом аҳли ўртасида бўлиб ўтди. Аллоҳ уларнинг содир этган хиёнатларига кўра жазолади.

{ وَدَّ كَثِيرٌ مِنْ أَهْلِ الْكِتَابِ لَوْ يَرُدُّونَكُمْ مِنْ بَعْدِ إِيمَانِكُمْ كُفَّارًا حَسَدًا مِنْ عِنْدِ أَنْفُسِهِمْ مِنْ بَعْدِ مَا تَبَيَّنَ لَهُمُ الْحَقُّ فَاعْفُوا وَاصْفَحُوا حَتَّى يَأْتِيَ اللَّهُ بِأَمْرِهِ إِنَّ اللَّهَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ } .

 “Аҳли китобларнинг кўпчилиги ўз ҳасадлари билан сизларни имонли бўлганингиздан кейин яна куфрга қайтаришни хоҳлайди” (Бақара сураси, 109-оят). 

 

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди
имом
хатиби Авазхўжа Бахромов манбалар асосида тайёрлади

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan