Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Қуръон / Исро ва меърож ҳақидаги оятлар ва уларнинг таҳлили

Исро ва меърож ҳақидаги оятлар ва уларнинг таҳлили

Исро ва Меърож воқеаси ислом тарихидаги буюк ҳодисалардан бўлгани учун Аллоҳ таоло Ўзининг китоби – Қуръони каримнинг бир неча оятларида бу воқеага урғу беради. Ҳаттоки, Қуръони каримда бир суранинг номи ҳам “Исро”  деб номланади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда Исро воқеаси ҳақида шундай марҳамат қилади:

سُبْحَانَ الَّذِي أَسْرَى بِعَبْدِهِ لَيْلًا مِنَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ إِلَى الْمَسْجِدِ الْأَقْصَى الَّذِي بَارَكْنَا حَوْلَهُ لِنُرِيَهُ مِنْ آَيَاتِنَا إِنَّه هُوَ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ

(Ўз) бандаси (Муҳаммад)ни, унга мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжиди Ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилган Масжиди Ақсога тунда сайр қилдирган зотга тасбеҳ айтилур. Дарҳақиқат, У Самеъ (эшитувчи) ва Басир (кўрувчи)дир1.

Бу — Меърож, яъни Аллоҳ ҳузурига кўтарилиш қиссаси бўлиб, у Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилишларидан бир йил илгари воқе бўлгандир. Расулуллоҳ айтадилар:

«Бир кеча Масжидул Ҳаромда эканман, баногоҳ ҳузуримга Жаброил Буроқ исмли уловни етаклаб келди ва мени ўша отга миндириб олиб кетди. Бир зумда Қуддус шаҳрига етиб келдик. Бу ердаги Масжидул Ақсода икки ракъат нафл намозини ўқигач, Жаброил билан осмонга йўл олдик… Тангри таоло менга ва менинг умматимга кунда беш вақт намоз ўқишни фарз қилиб, деди: «Бу бир кеча-кундузда ўқиладиган беш вақт намознинг ҳар бирига ўн намоз савобини ато этурман. Демак, беш вақт намоз ўқиган кишига эллик вақт намоз савоби ёзилур. Шунингдек, бандаларимдан ким бир яхшилик қилишга азм этиб, уни адо эта олмаса, бир савоб, адо эта олса, ўн савоб ато қилурман. Энди кимки, бирон ёмон ишни — гуноҳни қасд қилса-ю, уни амалга оширмаса, у кишига гуноҳ ёзилмас, агар ўша ёмон ниятини амалга оширса, бир гуноҳ ёзилур». Парвардигоримдан ушбу вазифаларни олиб, заминга тушдим ва ўзимни Маккада кўрдим».

“Исро” сўзи араб тилида “кечаси юргизиш, сайр қилдириш” деган маънони англатади. “Меърож” сўзи луғатда “юқорига кўтарилиш” деган маънони англатади. Шариатда эса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Байтул Мақдисдан Аллоҳ таолонинг ҳузурига кўтарилишларига Меърож дейилади2..

Исро билан Меърожни бир-биридан фарқлаш лозим. Исро – бу Муҳаммад алайҳиссаломнинг Маккадан Қуддусга – Ақсо масжидига боришлари. Меърож Ақсодан осмонга кўтарилиб, самовий сайр қилиб қайтганларидир. Шу Меърож кечасида мусулмонлар зиммасига беш вақт намоз ўқиш фарз қилинган. Исро ва Меърож кечаси ҳар йили ражаб ойининг 27-кечаси диний байрам сифатида нишонланади3..

Биз гарчи, бундай диний расм-русумларни шаръий деб кўрмасак-да, шуни аниқ айтишимиз мумкинки, ражабнинг йигирма еттинчи кечасининг одамлар зеҳнига ўрнашиб қолишига сабаб, шу кунда Масжидул Ақсога тааллуқли бир қанча тарихий ҳодисалар юз берган бўлиб, жумладан, улуғ саркарда Салоҳиддин Айюбий раҳимаҳуллоҳ Ҳиттийн жангидан сўнг, Қуддусни айни шу кунда, ражаб ойининг йигирма еттисида фатҳ қилган. Бу воқеа ҳижрий 583-йили бўлган. Шунгача Масжидул Ақсо нақд 91 йил насроний салбчилар қўлида асир бўлиб турган ва шу куни яна қайта мусулмонлар қўлига ўтган.

Бу оятда Аллоҳ таоло бандаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кечаси Масжидул Ҳаромдан Масжидул Ақсога сайр қилдирганининг хабарини беряпти.

Яна бу ерда эътибор бериш керак бўлган бир жиҳат бор. Аллоҳ таоло оятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бошқа олий сифатлари билан эмас, балки “абд” (банда) сифати билан атади.

Ушбу “абд”, яъни “қул”, “банда” каби маъноларни англатувчи исмнинг энг юксак мақомларда қўлланилиши Қуръони каримда ўз ифодасини топган. Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асосан Муҳаммад, Аҳмад, Расул, Набий каби номлар билан аталган бўлсалар-да, ҳаётларидаги энг олий мақомларда ушбу номларнинг бирортаси билан эмас, балки “абд” номи билан аталганлар4..

Меърож ва ундаги баъзи воқеалар Нажм сурасининг аввалги оятларида шундай баён қилинган:
“Ботиб кетаётган юлдуз билан қасамёд этаманки, 2. сизларнинг соҳибингиз (Муҳаммад) залолатга кетгани ҳам йўқ, йўлдан озгани ҳам йўқ! 3. (Яна у Қуръонни) хом хаёлдан олиб сўзлаётгани ҳам йўқ! 4. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) нозил қилинаётган бир ваҳийдир. 5. Унга (тиловатни) мустаҳкам қувватга эга бўлмиш зот (Жаброил) таълим берди. 6. (У) ҳусн ва иқтидор эга (фаришта)дир. Бас, у (самода ўз суратига кириб) турди. 7. Ўзи олий уфқда эди. 8. Сўнгра яқинлашиб, пастлади. 9. Бас, (Муҳаммадга) икки камон оралиғидек ёки (ундан ҳам) яқинроқ бўлди. 10. Бандасига (Муҳаммадга) Аллоҳ туширган ваҳийни келтирди. 11. Кўрган нарсасида қалби ёлғончи бўлмади. (Кўзи билан Жаброилни ёки қалби билан Аллоҳни кўрди) Энди сизлар, (эй, мушриклар! Пайғамбар) кўриб турган нарсаси устига у билан тортишурмисиз?! 13. Қасамки, (Муҳаммад Жаброилни илк бор Ерда кўргач, яна) иккинчи бор кўрди5.. 14. “Сидратулмунтаҳо” дарахти олдида. 15. “Маъво боғи” ҳам ўша (дарахт)нинг олдидадир. 16. Ўшанда “Сидра” дарахтини ўраган нарса (нур ёки олтин паррандалар) ўраб олган эди. 17. (Пайғамбарнинг) кўзи (четга) оғгани ҳам йўқ, ўз ҳаддидан ошгани ҳам йўқ. 18. Дарҳақиқат, у (ўша соатда) Парвардигорининг буюк аломатларини кўрди6.

Чунки, Расулуллоҳ соллалллоҳу алайҳи васалламнинг Жаброилни “Сидратул мунтаҳо” (Тугаш дарахти) олдида кўришлари фақат ўша дарахт олдига ва жаннати Маъвога етишларидан кейингина бўлиши мумкин.

Ушбу оятлардаги “улкан оят (белги)лар”дан мурод Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Бану Исроил (Исро) сурасининг аввалида “Унга оят(белги)ларимизни кўрсатиш учун”, деб ваъда қилган белгилардир. Ушбу олий сафарнинг бошланиши Бану Исроил сурасининг бошида собит бўлган бўлса, ниҳояси Нажм сурасининг сўнгида собит бўлди7..

Сулаймон Шайбонийдан шундай ривоят қилинади: “Зар ибн Ҳубайшдан Аллоҳ таолонинг: “Бас (Муҳаммадга) икки камон оралиғи ё (ундан-да) яқинроқ бўлиб…” (Нажм, 9) ояти хусусида сўрадим. “Ибн Масъуднинг хабар беришича, – деди у, – Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброилнинг олти юзта қанотлари борлигини кўрганлар”.

Зар ибн Ҳубайш Абдуллоҳдан қуйидагича ривоят қилади: (Пайғамбарнинг) кўнгли кўрган нарсасини инкор этмади” (Нажм, 11). Яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброилнинг олти юзта қаноти борлигини кўрди”.

Сулаймон Шайбонийдан ривоят қилинишича: “Зар ибн Ҳубайш Абдуллоҳнинг: “Дарҳақиқат, Пайғамбар Парвардигорининг буюк оятларини кўрди” (Нажм, 18). Яъни, Пайғамбар алайҳиссалом Жаброилни ўз суратида кўрди. Унинг олти юзта қаноти бор эди”, деганини эшитди”.

Кейинги оят хусусида Имом Бухорий Алқаманинг Абдуллоҳ ибн Масъуддан айтган қуйидаги ривоятини келтиради: “Дарҳақиқат, Пайғамбар Парвардигорининг буюк оятларини кўрди” (Нажм, 18), яъни, уфқни ёпган кўм-кўк, ёзилган қанотни кўрди”.

Ибн Ҳажар айтади: “Хуллас, Ибн Масъуд: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърож кечасида кўрган зот Жаброилдир”, деган тўхтамга келган. Оиша ҳам шундай дейди”8..

Қуръони каримда келган “Қоба қовсайни” ибораси ҳақида ҳам уламо ва адиблар турли фикрларни билдиришган. Жумладан, Ҳусайн Воиз Кошифий “Тафсири Ҳусайний”да ёзади: “Меърож” кечаси Муҳаммад алайҳиссалом унга ваҳий етказадиган Жаброил фариштани асл қиёфасида кўрди. Уни бошқа киши асл қиёфасида кўрган эмас. Муҳаммад алайҳиссалом Жаброил алайҳиссаломни дастлаб икки марта асл қиёфада кўриб, беҳуш бўлди. Ҳушига келиб кўрдики, Жаброил бир қўлини унинг кўкрагига ва бир қўлини унинг елкасига қўйиб турибди. Худойи таоло бу воқеадан хабар берадики: “Сумма дано” – Жаброил Муҳаммад алайҳиссаломни беҳуш кўриб унга яқинлашди. “Фатадалло” – кейин унга сўзлаш учун бошини энгаштирди. “Факона” –Жаброил ва Муҳаммад алайҳиссалом орасидаги масофа “қоба қовсайни” – икки камон миқдорича, “ав адно” – ё ундан ҳам озроқ (эди).

Баъзилар мазкур оят Муҳаммад алайҳиссаломнинг муқаддас қурб манзилида Аллоҳга яқин бўлганларига ишора дейдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу “икки камон масофаси икки газ миқдорига тенг”, деб таъкидлаган. Яъни, Муҳаммад алайҳиссалом ва Жаброил алайҳиссалом ораларидаги масофа икки газ миқдорича ё ундан ҳам озроқ бўлган дейди9..

Муфассирлар, жумладан, Ҳусайн Воиз Кошифий “Тафсири Ҳусайний”да ушбу оятни атрофлича шарҳлаб, шундай хулосаларни ҳам илгари суради: “Улардан келиб чиқадиган муҳим бир маъно шуки, арабларда икки қабила ўртасида низо ёки жанжал чиқса, уни тинчитиш учун ўша қабила бошлиғидан бири камоннинг зеҳини (ипини) олиб, иккинчи қабила бошлиғиникига боғларкан. Ўз навбатида у ҳам худди шундай қиларкан. Ҳар қайси қабила бошлиғи камон ипларини алмаштириб, уйларига олиб бориб осиб қўяркан. Ва сўнгра улар ўртасида уруш-жанжал бўлмас экан. “Гўё Аллоҳ айтурки: “Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Менда раҳмат камони бор. Сенда шафоат камони бор. Сен шафоат ипини раҳмат камонига боғла. Мен шафоат ипини раҳмат камонига боғлай. Ҳар икки камонни Арш поясига осайин. Модомики, Арш боқийдур, Мени муҳаббат ва сулҳим сени умматинг узра боқийдур”10..

                                                                           Тошкент вилояти Зангиота тумани
“Рамадан” жоме масжиди имоми ноиби
Валиев Сайдакбархон


1 Исро сураси 1-оят.

2 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва Ҳаёт. 19-жуз Оламларга раҳмат пайғамбар. Тошкент: “Hilol-Nashr” 2013 й. 181-бет.

3 Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маънолари таржима ва тафсири. Тошкент: “Тошкент Ислом университети нашрёти” 2009й. 282-бет.

4 Абдулқодир Абдураҳим. Эътиқод дурдоналари “Бадъул амолий” шарҳи. Тошкент: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2011 й. 16-бет.

5 Бу кўриш Пайғамбар алайҳис-салом Жаброил фаришта билан бирга Меърожга кўтарилганларида рўй берган эди. Энди қуйидаги оятларда расулуллоҳнинг ўша меърожда кўрган — гувоҳ бўлган манзаралари тасвирланади. Қаранг: Қуръони карим. Ўзбекча изоҳли таржима. Алоуддин Мансур. Тошкент: “Чўлпон” нашриёти. 1992й. 607-бет.

6 Нажм сураси 1–18 оятлар.

7 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ақийдатут-Таҳовия” шарҳининг талхиси. Тошкент: “HILOL-NASHR” нашриёти. 2014й. 168-бет.

8 Абдусаттор Шайх. Абдуллоҳ ибн Масъуд. Таржимон: Рашид Зоҳид. Тошкент: “Мовароуннаҳр” нашриёти. 2004й. 333-бет.

9 Оламлар сарвари. Мақолалар тўплами. Тошкент: “Мовароуннаҳр” нашрёти, 2008й. 62-бет.

10 Меърожнома. Тошкент: “Ёзувчи” нашриёти. 1995й. 5-бет