Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Конституция – ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИ БАРПО ЭТИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ ПОЙДЕВОРИ

Конституция – ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИ БАРПО ЭТИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ ПОЙДЕВОРИ

«Чинакам халқ мафкурасини, миллатнинг

энг муқаддас орзу-интилишларини фақат унинг

 Бош ҳужжати – Конституциясида тўлиқ ифода этиш мумкин».

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Асосий Қонунимизда жинси, миллати, дини, ирқи, ёши, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, инсон ҳуқуқларини муайян даражада камситадиган бирорта модданинг йўқлиги унинг нақадар инсонпарвар эканидан далолат беради.

Минг йиллар давомида аждодларимиздан авлодларга, ота-оналардан фарзандларга, ворисларга ўтиб келаётган ва дунёнинг ҳеч бир ерида такрорланмайдиган ажойиб муносабатларнинг, инсоний фазилатларнинг Асосий Қонунимиздан ўрин эгаллагани таҳсинга сазовор.

Мамлакатимизда эътиқод эркинлиги Бош қонунимизда кафолатлаб қўйилди.  Айни пайти турли миллат ва конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик, тотувлик ва мўътадиллик муҳити шаклланди. Юртимизда хилма-хил диний эътиқодга эга бўлганларнинг бир заминда эзгу ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат яшаши диний бағрикенглик ҳамда ҳуқуқий тенгликнинг ёрқин намунасидир.

Конституциямизда “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, миллати, ирқи, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар” (18-модда), деган қоида мустаҳкамлаб қўйилгани барча ютуқлариизга сиёсий-ҳуқуқий замин яратади.

Қуйидаги ояти карима инсоннинг қадр-қиммати нақадар юқори эканлиги, ҳар бир шахснинг ҳақ-ҳуқуқлари Аллоҳ томонидан дахлсиз қилиб белгилангани ва кафолатланганини таъкидлайди: “Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди”, (Бақарасураси, 256 оят).

Биз кўп миллатли халқмиз. Мамлакатимиз аҳолиси 36 миллионга яқинлашди. Кўп миллатли жамият кўп конфессиялиликка асосланади Юртимизда 130 га яқин миллат ва элат – бир неча дин, ўн олтита конфессия вакиллари аҳил-иноқ яшаб келмоқда.

Мустақил она диёримизда яшовчи барча халқлар томонидан иқрор қилинган Асосий Қонунимизда инсон ҳуқуқлари, бурч ва вазифалари каби виждон эркинлиги ҳам алоҳида белгилаб қўйилган. Асосий Қонунимизнинг 31-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Диний қарашларни мажбурий сингдиришга йўл қўйилмайди”, деб алоҳида таъкидланган.

Асосий Қонунимиз моддаларида нафақат халқчил тамойилларига, балки минг йиллар давомида ривожланиб келган миллий маънавиятимиз асосларига ҳам таянади.

Минг афсуслар бўлсинки, асосий Қонунимизнинг мазкур 31-моддасини айрим ғаразли кимсалар томонидан қўпол равишда бузиш ҳоллари ҳамон учрамоқда. Улар ғаразли ҳаракатларини турли фаолиятлар орқали амалга оширишмокда. Ўзларининг бундай нопок мақсадларини ёшлар ўртасида, айниқса, ҳеч бир диний маълумоти бўлмаган ёки турли ёт таъсирларга берилувчан айрим содда фуқаролар орасида ёйишга уринишмокда.

Бунинг оқибатида баъзи юртдошларимиз алданиб моддий-маънавий қийинчиликлар баҳонасида хорижий миссионерлар тузоғига илиниб қолишмоқда. Иймон-эътиқодларидан маҳрум бўлиб, икки дунё саодатини қўлдан бой бериб қўйишмоқда.

Барчани огоҳликка, қадриятларимиз ва у билан боғлиқ бўлган тарихий бой меъросимизни келажак авлодларимизга, азиз фарзандларимизга тўла-тўқис равишда етказишга чорлаймиз.

Биз учун ёт бўлган ҳар қандай ҳаракат, ғоя ва фикрларга бефарқ бўлмаслигимиз, мустақил она диёримиз халқига, унинг тинч турмуши ва фаровонлигига бўлаётган таҳдид  хавфлардан огоҳ бўлишимиз, бу йўлда ўзимизнинг холис ҳисса ва хизматларимизни қўшишимиз лозим.

Бугун, дунёнинг турли нуқталарида диний, миллий ва этник можаролар, уруш ва хунрезликлар бўлаётган бир паллада, юртимиз тинч ва осуда, миллат ва элатлар ҳамжиҳат ва хотиржам яшаётгани, шу чоққача миллий ёки диний низолар келиб чиқмагани бу борада ката ишлар амалга оширилаётганини яқкол кўрсатади. Бундай имкониятлар учун ҳар қанча шукр қилсак арзийди.

Конституциямиз мамлакатимизнинг нафақат ижтимоий – иқтисодий тараққиётининг ҳуқуқий асослари, балки маънавиятимиз, инсоний қадриятлар ва оилавий муносабатларни ҳимоялашнинг ҳуқуқий асоси бўлиб ҳам хизмат қилмоқда.

Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,

Янгийул тумани «ИмомСултон» жоме масжиди имомхатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]