Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / Иддадаги дугонам

Иддадаги дугонам

Карантин тартиблари анча юмшаб қолган кунларда телефоним жиринглаб, ҳажда бирга бўлган оналари мен билан гаплашмоқчи эканини айтишди.

– Ассалому алайкум. Овозингиз таниш, лекин эслай олмадим. Ҳол-аҳвол сўрашгандан кейин 2000 йил ҳаж зиёратига борганда бошқа гуруҳда бўлган, лекин Минода бир чодирда турган, ўша ерда танишиб қолган дугонам Мавжуда опа эканини англадим.

Дугонам ақиқа ўтказишни ният қилганларини айтиб мени уйларига таклиф қилдилар. Таклифларини қабул этдим. Борганимда: “Киринг, марҳамат”, – деб, йўлакдан чиқмай, дарвоза орқасида кўришдилар.

Кейин билсам, ўғил ва қизлари кетма-кет фарзанд кўришган, қудалари совуқ тушмасидан фарзандлари учун ақиқа ўтказайлик, деб таклиф қилишган. Мавжуда опа иддада эканини, уйдан чиқа олмаслигини билдирган.

Чунки Аллох талонинг каломида шундай сўзи бор: “Сизлардан вафот этиб, хотинларини қолдирган бўлсалар, (бева хотинлари) тўрт ою ўн кун ўзларини кузатиб (идда сақлаб) ўтирадилар. (Идда) муддатларини ўтаб бўлгач, улар ўз (турмуш)лари хусусида яхшилик билан қилган ишларида сизлар учун (эй, маййит эгалари,) гуноҳ йўқдир. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир (“Бақара” сураси 234-оят).

Ўғли: “Ойижон, уйингиз дарвозахонасида машинага ўтириб оласиз ва бизнинг уйимизда  ҳам ичкарига киргач, тушасиз. Сизни кўчада ҳеч ким кўрмайди-ку”, – дейишибди.

“Болам, бу вожиб амал ва Аллоҳ ҳар бир ҳолатимиздан хабардор Зот. Яхшиси ақиқани менинг уйимда ўтказайлик, қудалар бизникига келишсин”, – деб  жавоб берибдилар. Қудалар ва яқин қариндошлар даврасида  онахон умр йўлдоши билан яшаган 53 йиллик турмуши тўғрисида ҳам йиғлаб, ҳам кулиб гапириб бердилар.

“Дадам раҳматли 17 ёшлигимда дўстининг 22 ёшли ўғли – бўлғуси умр йўлдошимга чойхонада битта ликопча қандни “оқлик” деб, никоҳимизга розилик бериб келганлар. Ҳожам раҳматли Жисмоний тарбия институти ва Олий милиция академиясида таҳсил олдилар, охирги хизмат жойларида – Ички ишлар бошқармаси Фуқароларни чет элга кириб-чиқишини қайд этиш бўлими бошлиғи вазифасида полковник унвонига сазовор бўлдилар. Ким ҳаж ё умра сафарига кетаётган бўлса: “Бизнинг ҳам ҳаққимизга дуо қилиб  қўйинг, Аллоҳ байтига бориш насиб этсин”, – деб сидқидилдан ҳужжатларини тайёрлашга ёрдам берар эдилар. Тиниб-тинчимас полковникнинг  уйидаги  генерали мен эдим. 4 қиз  2 ўғил тарбияси, уй-рўзғор ишларидан чарчамасдим. Аллоҳга  шукр, фарзандлариимиз олий маьлумотли, оилали, тинч-тотув яшамоқдалар. Бу ковид балоси болаларимнинг отасини ҳам четлаб ўтмади, Аллоҳ иродаси экан, бизни ташлаб кетдилар.

3 кун аза ичида 12, 16 ёшли набираларим билан Хатми Қуръон билан машғул бўлдик. “Қабрда  кечаси уйқу йўқ, бобонгиз ҳисобдалар,  биз ёрдам  беришимиз керак”, – деб, набираларимни  тезроқ ўқишга ундаб турдим. Ўзлари ҳам  10 пора ўқиб қўйган эканлар, уни ҳам  якунлашга муваффақ бўлдик.

“Бахтлимисан онаси?” – деб охирги вақтларда мендан сўраб қўяр эдилар. “Албатта, бахтлиман. Ҳажга бирга бориш насиб қилди, дунёнинг кўп жойларини кўрдик, меҳрибон отасиз, болаларимиз тинч, ахил, оқибатли”, – дердим.

Ҳожам билан бахтли яшаган йилларим ҳурмати Аллоҳ буйруғига амал қилиб, идда сақламоқдаман. Қабрлари нурафшон бўлсин”, – дея дуога қўл очдилар.

Ақиқа тўғрисида суҳбатлашиб, қўш эваралари ҳаққига жамоат бўлиб хайрли дуолар қилинди.

Кузатаётиб “Шу дарвоза олдида менга чизиқ қўйилган, ундан хатлаб ўтолмайман, айбга буюрмайсиз”, – деб самимий хайрлашдилар.

Бир ойлар ўтгач сингиллари набира кўриб, ақиқа  қилдилар ва шукронага дастурхон ёзиб, эҳсон ўтказдилар. Ҳожи онани сўрадим, ҳали идда тугамаганини айтишди.

Инсон қай соҳада хизмат қилмасин, қандай маслак эгаси бўлмасин, Аллоҳнинг ҳукумларига итоатдами, такрор ва такрор “Унга муждалар, офият, саломлар бўлсин”, дегим келди.

Зангиота тумани отинойиси Якубова Мухтабар