Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Руҳий тарбия / Охират уламоларининг аломатлари – 6

Охират уламоларининг аломатлари – 6


Саккизинчи аломат:

Олимнинг яқийн илми ва Аллоҳ таолога бўлган иймони мустаҳкам бўлсин.

Охират уламоларининг саккизинчи аломати ундаги яқийн илми ва Аллоҳ таолога бўлган иймон-ишончи кучли бўлиши учун бутун вужуди билан ҳаракат қилмоғидир. Яқийн  роъсул мол, яъни дастмоя, деганидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яқийн бу тўлиқ иймондир”, дедилар. Яна: “Яқийнни ўрганинглар”, деганлар. Яъни, яқийн аҳллари билан бирга ўтиришни одат қилинглар. Уларнинг баракасидан сизларда ҳам яқийн бобида етуклик пайдо бўлади. У билан банданинг Аллоҳ таолонинг қудрати ва комил сифатларига бўлган иймон ишончи  худди қуёшнинг ва ойнинг борлигига иймони комил бўлгани каби мустаҳкам бўлади. Бу яқинлик натижасида  унинг қалбида ҳар бир ишни қилувчи фақат биргина пок Зот борлиқ, дунёдаги ҳамма сабаблар унинг иродасигагина бўйинсундирилган, деган эътиқод шаклланади. Қачонки, банданинг қалбида таваккул, ризо, таслим хислатлари шаклланса, унда яқийн пайдо бўлади ва шу нарса ундаги ризқ масаласини фақатгина Аллоҳнинг ўзигина зиммасига олгани, унинг бандасига тақсим қилган ризқи ҳар қандай ҳолатда ҳам албатта етиши, тақсим қилмагани эса банда ҳар қанча уринса ҳам ҳеч қачон етмаслигига, ишонч бўлади. Бу эътиқод банданинг ризқ талабида мўътадиллигига сабаб бўлади. Эга бўла олмаган нарсасига ранж алам чекиш, хирс, таъмагирлик унинг қалбини тарк этади. Инсондаги яқийн шуни тақозо қиладики, Аллоҳ таоло бандадан содир бўлган ҳар бир яхшилик ва  ёмонликни кўриб туради. Зарра миқдорича яхшилик ёки ёмонлик Аллоҳ таолонинг илмидан ташқарида эмас. Уларнинг эвазига бандага мукофот ёки жазо албатта етади. Яхшиликка савоб етишига худди кишининг қорни очганда нон егач, тўйишига ишонганидек, ёмонликка азоб берилишига худди илон чаққандан сўнг заҳри баданга ёйилишига ишонганидек комил иймон келтиради. Натижада банда эзгу амалларга оч қолган одам лаззатли таомларга харис бўлганидек мойил бўлиб қолади ва ёмон амаллардан эса илон ва чаёндан узоқ бўлишга интилганидек қочади. Шундагина банда бор имконини фақат яхшиликни қўлга киритиш учун ва ёмонликлардан узоқ бўлиш учун ишлатадиган бўлиб қолади.

Тўққизинчи аломат:

Олимнинг ҳар бир ҳаракати ва сукунати Аллоҳдан бўлган қўрқинчини ифодалаб турсин.

Охират олимлариннг тўққизинчи аломати шуки, унинг ҳар бир ҳаракоту саканотида Аллоҳ таолодан бўлган қўрқинчи билиниб турсин.  Роббисининг азамати, жалолати ва ҳайбатининг асари банданинг ҳар бир ишида зоҳир бўлсин. Унинг либоси ҳам, одатлари ҳам, сўзлаши ҳам, сукути ҳам, ҳаттоки ҳаракатланиши ёки сакинати ҳам Роббисидан бўлган хавфни ўзида акс эттириб турсин. Унинг сурати шундайки, банда ҳамиша Роббисининг ёди билан машғул бўлади. Унинг табиатини хотиржамлик, тавозеъ, виқор эгаллайди. Беҳуда, бекорчи, такаллуфга қоришган гаплардан узоқ бўлади. Чунки бундай гаплар фахрланиш ва кибр аломатларидандир ва Аллоҳ таолодан хавф қилмасликка далилдир. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу айтдилар: “Илм ўрганинг, илмни сокинлик ва виқор билан ўрганинг! Илм қаршисида ниҳоятда товозеъли бўлинг! Жабр ва зулм қилувчилардан бўлманг!”

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Умматимнинг яхшилари жамоатнинг ичида бўлганларида Аллоҳнинг неъматлари ва раҳматини зикр қилиб, хушнуд бўладиганлари ва ўзи ёлғиз қолганида Аллоҳнинг азобидан қўрқиб кўп йиғлайдиганларидир. Ундай одамнинг жисми замин узра бўлса ҳам, қалби осмон билан боғланган бўлади.”

Ўнинчи аломат:

Олим амалларга тааллуқли бўлган масалаларга жуда эътиборли бўлсин.

Охират уламолариннг ўнинчи аломати шуки,  амалларга тегишли бўлган масалаларга жуда эътиборли бўлсин (жоиз, ножоиз амаллар, фалон амални қилиш зарур, фалон амалдан сақланиш зарур, фалон нарса бу амални зоеъ қилиб қўяди, масалан фалон нарса намозни бузади, мисвок ишлатишда фалон-фалон фазилатлар бор ва ҳоказолар каби). Бундай масалаларда кўп баҳс қилмасин, акс ҳолда олимнинг табиатида риё, кибр, димоғдорлик каби иллатлар пайдо бўлиб қолиши мумкин. Натижади унинг фикрига, “мени одамлар фақиҳ, ҳаким ва файласуф деб ўйласинлар”, деган ҳаёллар келиб қолиши мумкин.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир киши сўради: “Амалларнинг энг яхшиси қайси?”  Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:  “Ножоиз ишлардан сақланмоғинг ва тилинг ҳамиша Аллоҳнинг зикри билан нам бўлиб турмоғидир”.

Яна бир киши сўради: “Дўстларнинг энг яхшиси қайси?” Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар яхши амалдан ғафлатда қолсанг, сенга танбеҳ берадиган ва агар яхши амал ёдингда бўлса, у ишда сенга ёрдам берадиганидир”.

Бошқа бир киши сўради: “Дўстларнинг энг ёмони қайси?” Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар яхши амалдан ғафлатда қолсанг, сенга танбеҳ бермайдиган ва агар яхши амал ёдингда бўлса, у ишда сенга ёрдам бермайдиганидир”.

Бир киши сўради: “Олимларнинг энг яхшиси қайси?” Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Олимларнинг энг яхшиси Аллоҳдан энг кўп қўрқувчироғидир”.

Яна бир киши сўради: “Орамизда энг юқори мақомда турадиган киши ким?” Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:  “Ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳ таолони ёд этадиган кишидир”.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Охират куни энг ғам ташвишсиз бўладиганларингиз дунёда охиратнинг ғамини кўп чекканларингиздир. Охират куни энг кўп куладиганларингиз дунёда (охират азобидан қўрқиб) кўп йиғлаганларингиздир”.

         Ашраф Али Таҳонавий раҳимаҳуллоҳнинг
“Охират уламоларининг аломатлари” китобидан
Тошкент шаҳар “Ҳазрати Алий”
жоме масжиди имоми ноиби
Камолиддин Равшан ўғлининг таржимаси

[carousel-horizontal-posts-content-slider]