Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир.

Бош саҳифа / Ақида / Фарзандингиз қадар бобида қоқилмасин

Фарзандингиз қадар бобида қоқилмасин

Иймоннинг энг нозик шартларидан бири қазо ва қадар масаласидир. Ота аввало бу борада ўз ақидасини тўғрилаб олиши ва фарзандини ҳам қазо ва қадарга тўғри эътиқод қилишида ёрдам бериши лозим.

Бу масалада ҳеч қандай шубҳага ўрин қолдирмасликка ҳаракат қилиши керак. Чунки, кўп ҳолларда одамзотнинг азалий душмани бўлмиш иблис ҳам баъзи иймони заифроқ инсонларни қадар масаласида васваса қилиб адаштиришга ҳаракат қилади. Иблис малайлари бўлмиш четдан келаётган иймон кушандалари ҳам ёшларни қазо-қадар масаласида шубҳага солиб, адаштиришга уринади. Бундай васвасаларга учган баъзи иймони заиф кишилар ҳам улар томонидан берилган илмоқли саволларни мусулмонлар ичида тарқатиб фитнага сабаб бўладилар.

Жумладан жоҳиллар: “Аллоҳ инсоннинг гуноҳ қилишини олдиндан ёзиб қўйган бўлса, нима учун уни азоблайди, шу адолатданми?”, каби умуман нотўғри гапларни гапириб мусулмонларни шубҳага солишга уринишади. Аслида эса, Аллоҳ таолонинг қадарни ёзиб қўйиши, банданинг гуноҳ  қилиши ва унга яраша жазосини олиши мутлақо бошқа-бошқа нарсалардир.

Келинг, ушбу масалани яхшироқ тушуниб олишимиз учун аввало қазо ва қадар нима эканини билиб олайлик:

“Қазо – Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсанинг келажакда қандоқ бўлишини олдиндан билишидир”.

“Қадар – эса ўша нарсаларнинг Аллоҳ таолонинг азалий илмига мувофиқ тарзда амалга ошишидир”.

Ушбу таърифдан маълум бўладики, қазо Аллоҳ таолонинг илми бўлиб, у ҳамма нарсанинг борлиқда қандай вужудга келишини азалдан билишидир. Демак, қазо дегани, бу инсонни мажбурлаш эмас. Шайх Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳ қазони тунда юриб кетаётган машинанинг олдинги ёритувчи чироғига ўхшатадилар. Чироқнинг вазифаси йўлни ёритиш. Лекин, ундан чиқиб турган ёруғлик йўлдан чиққан тош ёки бошқа нарсани олиб ташлай олмайди.

Бизнинг аҳли сунна ва жамоа мазҳабига кўра ҳар бир мусулмон Аллоҳ таолонинг ушбу сифатига иймон келтириши иймоннинг асосий шартларидан бўлиб, у ҳақида шубҳаланиш инсонни иймондан чиқариб қўяди.

عَنْ عَلِيٍّ رضى الله عنه قال قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم  لا يُؤْمِنُ عَبْدٌ حَتَّى يُؤْمِنَ بِأَرْبَعٍ يَشهَد أَنْ لا إِلَهَ إِلا اللَّهُ وَحْدَهُ لا شَرِيكَ لَهُ  وَأَنِّي رَسُولُ اللَّهِ بَعَثَنِي بِالْحَقِّ وَيُؤْمِنَ بِالْبَعْثِ بَعْدَ الْمَوْتِ وَيُؤْمِنَ بِالْقَدَرِ  رَوَاه التِّرمِذِى

розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банда тўрт нарсага иймон келтирмагунича мўмин бўла олмайди.  Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва мени ҳақ билан юборган Аллоҳнинг расули эканимга гувоҳлик бермагунича. Ўлгандан кейин қайта тирилишга иймон келтирмагунича ва қадарга иймон келтирмагунича”, дедилар. (Имом Термизий ривояти).

Қазо ва қадар воқеликда содир бўлиши икки хил бўлади:

Бири – Аллоҳ таолонинг иродасига боғлиқ бўлиб, унда инсоннинг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Масалан: турли хил табиий ҳодисалар, туғилиш, ўлим ва бошқалар. Яна бири – унда инсоннинг ҳам алоқаси бор бўлиб, инсон у нарсани жузъий ихтиёри билан қилади. Бунга инсоннинг барча иш-ҳаракатлари ва амалу ибодатлари киради. Ҳар иккиси ҳам Аллоҳ таолонинг қазо ва қадари дейилади. Улар Аллоҳ таолонинг илми ва ўша нарсаларни яратиши билан жорий бўлади. Бунда инсоннинг ихтиёри ва мажбурланишига ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Шунингдек, мусулмон бўлиб бирор ишдан кейин, “нимага ундай бўлди?” ёки “агар ундай қилсам, бундай бўлармиди”, каби гапларни гапириб беҳуда хаёлларга бормаслиги керак. Бўлмаса шайтонга уни васваса қилиши учун ўзи эшик очиб берган бўлади.

عن أبي هريرة رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم وإن أصابك شيءٌ فلا تقل لو أني فعلت كذا وكذا وكذا ولكن قل قدر الله وما شاء فعل فإن لو تفتح عمل الشيطان رواه مسلم

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар сенга мусийбат етса, “Агар ундай қилганимда, бундай қилганимда”, дема. Лекин, “Аллоҳ тақдир қилди ва ҳохлаганини қилди”, дегин. Албатта, “агар” (дейиш) шайтоннинг амалини очади” дедилар”. (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ барчаларимизни ўзининг қазо ва қадарига муносиб иймон келтирадиганлардан қилсин!

 

                                                             Зангиота тумани “Фатҳ” жоме масжиди
                                                             имом-хатиби Баҳодир Раҳматуллаев