Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Қайнонага  келин хизматкорми?

Қайнонага  келин хизматкорми?

Ҳеч эътибор берганмисиз никоҳ тўйининг қоқ ўртасида ўртани олиб борувчи икки томонни, яъни келин-куёвнинг оналарини чорлайди. Икки бахтли онага табрик сўзи берилади. Ўғил  кўргандаёқ  “бир муносиб келин олиш” ҳақидаги ёқимли истаклари,  орзу-ҳаваслари рўёбга чиққан қайнона бўлмиш ваъда бериб, қизим биттайди энди иккита бўлди деб ҳаммани лол қолдиради. Фалончихон менга келин эмас, балки қизим бўлди, деб таъкидлаб қўяди.  Яқиндагина ўзи келин бўлиб юрган ёш қайнона   энди орзусига эришди. Хурсандчилиги ичига сиғмаётган она  қайнона бўлди. Аммо, нимагадир орадан кўп ўтмай, қат-қат орзулар саробга айланмоқда. Не-не умидлар билан, маблағ сарфлаб катта тўйлар билан олинган келин “олтин” эмас, “мис” чиқиб қолмоқда. Қайнонанинг наздида ҳамманинг келини хизматни, ҳурматни дўндириб қўяяптию, уники эса ҳеч нарсага улгуролмаяпти.  Ҳеч ким “Шу келин бечоранинг биттагина жони бор, эҳтимол шунча одамнинг хизматига улгурмаётгандир, бунинг устига хонадонимизга янги меҳмон, биздаги урф-одатларни, анъаналарни, оила аъзоларининг феъл-атворини ҳали тушуниб ололмагандир?” демайди. Ҳар бир ҳаракатидан, ҳар бир қилиғидан нуқсон топиб, «ўтирса – ўпоқ, турса – сўпоқ» қилаверади. Оқибат эса бир куни келиннинг бардоши тугаб, иш катта можарога айланади. Шу сабабли, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Навоийда онахонлар билан бўлган суҳбат чоғида қайноналикка тайёрланаётган аёллар, шунингдек, қайноналарга ўзлариининг қимматли тавсияларини беришларининг тагида катта ҳикмат бор: “Аёлларнинг оғирини енгил қилсак, жамиятимизда вазият ўзгаради. Келин ким? Келин – бизнинг қизимиз. Шу қизимизга биз яхши шароит яратиб беришимиз лозим. Қайноналар ҳам келинни қизим десин. Ўз қизидан хулоса қилсин. Нега десангиз, кўп жойларда ёш жувонлар шароит топа олмайди: қайнона ёмон гапиради, эр ёмон гапиради. Натижада улар ажрашади, кейин қайнона ажрашгандан 6 ой кейин яна янги келин олади. Аммо бу нарсалар биз учун уят. Шунинг учун ҳам мазкур мавзуда гапиряпман, зора, одамлар тушуниб етишса”.

Юртбошимиз хақиқатда  долзарб масалани кўтардилар, чунки бир  тасаввур қилиб кўринг, ана шу кўзингизга мўлтираб, илиги қалтираб турган жувон – ўзга бир ота-онанинг ўн саккиз йил авайлаб, «па-па»лаб, ўзи емай едириб, ўзи киймай кийдириб, еру кўкка ишонмай вояга етказган арзанда қизи. Улар қизларининг шаъни, иффатини асраш, яхши тарбия бериш, одоб-ахлоқини ўнглаш, рўзғор ишларига ўргатиш учун қанча оромидан кечган. «Ўксийди», «бировнинг хасми», «уйда меҳмон», деб ҳатто қаттиқ гапирмаган, тергамаган. Эндигина келин бўлиб тушган қиз ҳали тажрибасиз, ғўр, ҳаётнинг паст-баландини билмайди. Эҳтимол катталарни ҳурмат қилишни ҳали ўрганмаган. Балки хонадонингизда йиллар мобайнида таркиб топган тартиб-қоидаларни, анъаналарни у ҳали тушуниб етмагандир? Оила аъзоларининг табиатини ўрганиб, кўнглини тополмагандир? Шундай экан, нега сиз бағрикенглик қилиб, раҳм-шафқат кўрсатиб, яхши гапириб, алқаб ва алдаб, айланиб-ўргилиб йўлингизга сололмайсиз? Хўп, у хато қилибди, адашибди. Бирор юмушни сиз айтгандай, сиз хоҳлагандай қилмабди. Бундан қиёмат қоим бўлмагандир?! Осмон узилиб ерга тушмагандир?! Ахир сиз ҳам қирққа, элликка, олтмишга кириб энди тажриба орттирдингиз, ҳозирги ақлингизни топдингиз. Сиз хам келин бўлиб тушганингизда “идеал” келин бўлмагансизку. Хеч ким келин бўлиб туғилмайдику.  Шундай экан, келинингизга ўргатинг, насиҳат қилинг, ҳолатига тушунинг, йўлингизга солинг ва албатта кечиримли бўлинг. Чунки ўзбек халқининг кечиримли эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Давлатимиз томонидан жиноятчилар ҳам кечирилмоқдаку.  Нима учун энди сиз келинингизни билиб-билмай қилган хатосини кечирмайсиз?! Ўз қизингизни унинг ўрнига қўйиб кўринг. Бордию, қизингиз, жигарбандингиз ўзга хонадонга келин бўлса, унга қандай муомала қилишларини хоҳлардингиз? Шу ҳақда бир тасаввур қилиб кўринг.

Йўқ, бу тўғрида ўйлаб ўтирмаймиз. Дарров айб қидиришга ўтамиз. Битта камчилигига ўнтасини қўшиб шиширамиз. Ҳатто қўшнилару таниш-билиш, қариндош-уруғларгача ҳасрат қилиб чиқамиз. Не-не умидлар, қанча қийинчиликлар билан тикланган оила қасрини вайрон қилишга чоғланамиз. «Келин олиш осон, қайнона бўлиш қийин», дейишган момоларимиз.  Келин келиши билан қайнона ҳамма юмуш-ташвишлардан фориғ бўлиб роҳат-фароғатга ўтади, дегани эмас. Аксинча унинг зиммасига ўзга хонадоннинг фарзанди ўз оиласида палак отиши, не машаққат билан тикланган оиланинг камолга етиши, ўғли ва келини тотув турмуш кечириши йўлида катта масъулият юкланди, дегани. Ахир «Катталар – ёшлар учун бир кўприк», деб бежизга айтишмаган. Ахир бекорга келинни бир ердан бошқа бир ерга кўчириб ўтқазилган ниҳолга ўхшатишмаганки, унга алоҳида меҳр-муҳаббат, алоҳида парвариш керак.

Президентимиз  Шавкат Мирзиёев  жорий йилнинг  4 март куни Тошкентдаги «Наврўз» қабуллар уйида ўтказилган йиғилишда  қуйидагиларни таъкидлаб ўтдилар: “Биз одатда жамиятимиз ҳаётига қарши қаратилган ҳавф-хатарлар ҳақида гапирганда, кўпинча четдан кирадиган таҳдидларни тушунамиз. Лекин эски замондан қолган айрим салбий ҳолатлар, афсуски, бугунги тинч ва ёруғ ҳаётимизга соя солиб турибди. Лоқайдлик, бир-бирини кўролмаслик, оилада эр-хотин, қайнона-келин, қўни-қўшнилар ўртасидаги келишмовчилик, аёлларга беписанд қараш — бундай ярамас иллатлар бизга, бизнинг халқимизга мутлақо ярашмайди”.

Бўстонлиқ туман бош имом-хатиб в.б
Махмуджон Абдусаитов