Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Узоқ яшашни ва ёш кўринишни хоҳлайсизми !!!

Узоқ яшашни ва ёш кўринишни хоҳлайсизми !!!

Яқинда “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя “ китобини янги нашри чиқди. Китобни ўқир эканман, бугунги кунда энг долзарб масалага айланган  ахборот хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларни ечимини топиш мақсадида муаллиф асосли маълумотлар, Қуръони карим оятлари, саҳиҳ хадислар, маъмурий ва жиноий  жавобгарлик,  воқеий ҳикоя ва  бошқа  кўпгина мисоллар билан бойитган. Китобнинг ҳар бети тагида “Билиб олинг” рукнида  олиму-уламоларимизнинг доно насихатлари ўрин олган.

Китобни ўқиган сари янгидан-янги маълумотларга эга бўласан киши. Умуман олганда китоб ўқиш  инсонни буюклик сари етаклаши хақ гап. Бунга хеч қандай шак-шубҳа йўқ. Аммо хозирги кунда баъзи  ёшларимиз, ёши катталар ҳаттоки аёлларимиз орасида  интернетга  муккасидан кетиш ҳолатлари учраётгани ачинарли холдир. Интернетни нимаси ёмон, дейиш мумкин. Бироқ танганинг икки томони бўлганидек интернетни ҳам ижобий ва салбий томонлари бор. Салбий томонини исботи учун китобнинг 569-бетидаги “Қалб изтироби” номли воқеий ҳикояга эътиборимизни қаратамиз: Инсон кўнгли шу қадар мураккаб ва нозикки, у ўта сезгир ва сирли мўъжизадир. Гоҳ у баъзи нарсани олдиндан сезади. Баъзан сира кутилмаган воқеалар шарпасини олисдан пайқайди. Шундай дақиқаларда одам ваҳимага тушиб, қаттиқ изтироб чекади.

          Носиржонда бирдан ана шундай ҳолат рўй берди. Кўнгли бехузур бўлиб, аъзойи баданини титроқ босди. Хаёли уни турли ёқларга олиб қочди. Тўсатдан уйи ва болалари ёдига келиб, хавотирга тушди. Зудлик билан стол устидаги телефон гўшагини кўтариб, уй рақамини тера бошлади. Қўнғироғига жавоб бўлмагач, хавотири янада ошди. Шошилганча ишхонасидан чиқди-да, уйи томон югурди. Яхшиям иш жойидан уйи узоқ эмас. Оралиқ уч-тўрт чақиримли масофа, холос. Шу боис у уйига тезда етиб келди. У хонага кирганда етти ёшли қизи Дилафрўз ерда беҳуш ётар, бир кўзидан қон оқаётган эди. Сал нарида эса тўрт ёшли ўғилчаси Абдурауф уст-боши шалаббо ҳолда қимир этмай ётарди. Носиржон бу мудҳиш воқеани кўриб, бир муддат карахт бўлиб қолди…

          Носиржон хотини Зилолани кўнглини олиш, уни хурсанд қилиш учун унга замонавий телефон олиб берди-ю, боши балога қолди. Туну кун хотини ўша телефонга боғланди-қўйди, юрса ҳам, турса ҳам ундан бир зум айрилмайди. Қайнота-қайнона хизмати, фарзанд тарбияси, уй юмушлари ўлда-жўлда. У ижтмоий тармоқларда ҳали у дугонаси, ҳали бу дугонаси билан мулоқотга киришиб, кунни кеч қиладиган бўлиб қолди.

          Ўша куни ҳам Зилола ижтимоий тармоқдаги мулоқотларга шундай берилиб кетдики, уйда назоратсиз қолган икки фарзанд мудҳиш фожиага йўлиқди. Кир ювиш учун газ плитасига қўйилган челакдаги қайноқ сув тўрт ёшли ўғилчаси Абдурауфнинг устига ағдарилиб кетди. Унинг дод-войини эшитиб, ичкаридан отилиб чиққан етти ёшли қизи Дилафрўзнинг кўзига мих кириб кетиб, бир кўзидан айрилди. Зилоланинг интернетга мубтало бўлиши натижасида икки бегуноҳ гўдак бир умрга мажруҳ бўлиб қолди…

          Бугун Носиржоннинг ота-онаси, қариндош-уруғлари қалбини бир умрлик қайғу чулғаб олган. Бу дил изтиробини ҳеч қандай жазо билан ювиб бўлмайди. Улар эл олдида, маҳалла-кўй олдида бошлари эгик. Виждон азоби уларнинг юрагини ич-ичидан кемирмоқда…

          Табийки, бу мудҳиш воқеадан ким айбдор деган ҳақли савол туғилади. Хотинининг кўнглини олиш учун унга телефон совға қилган Носиржонми? Ёки ижтимоий тармоқлардаги беҳуда мулоқотларга муккасидан кетган Зилолами?  Ҳа, Зилола иродасизлик қилмаганида, қимматли вақтини интернетга беҳуда сарф қилиш билан ўтказмаганида, болаларини бағрига олиб, уларга ғамхўрлик кўрсатганида бундай хунук ҳолат рўй бермасди.   Ушбу нохуш воқеа кўпчиликка ибрат, сабоқ бўлади, бунга ухшаш фожиаларга асло йўл қўйилмайди, деб умид қиламиз”.

Китобнинг 14 боб, 4-бўлимида “Виртуал ўйинларга мутеликдан мустақил халос бўлиш усули” рукнида китоб ўқиган одам ёш кўриниши ва узоқ яшаши исботланганлиги ҳақида китоб ўқишнинг ўн фойдаси келтирилган:

  1. Китоб ўқиш инсоннинг суҳбат қилиш қобилиятини ўстиради.
  2. Ўқиш инсонлар билан мулоқот қуришга ёрдам беради.
  3. Китоб ўқиш ўзига ишончни кучайтиради.
  4. Ўқиш руҳий толиқиш ва тушкунликка тушишнинг олдини олади.
  5. Китоб ўқиш хотирани чархлаб, фикрлашни ривожлантиради.
  6. Китоб ўқиш альцгеймер касаллигининг олдини олади (альцгеймер – мия ҳужайраларининг нобуд бўлиб, ақлий салоҳиятининг пасайиб бориши).
  7. Китоб инсонни ёшартиради.
  8. Китоб ўқиш инсоннинг ижодкорлигини оширади.
  9. Китоб ўқиш уйқуни яхшилайди.
  10. Китоб ўқиш диққат-этиборни жамлашни яхшилайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев  “Ёшларимизнинг мустақил фикрлайдиган, юксак интеллектуал ва маънавий салоҳиятга эга бўлиб, дунё миқёсида ўз тенгдошларига ҳеч қайси соҳада бўш келмайдиган инсонлар бўлиб камол топиши, бахтли бўлиши учун давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини сафарбар этамиз”, деб таъкидладилар. Бу мақсадга эришишнинг асосий омилларидан бири китобхонлик маданиятини ошириш, ёшларни китобни севишга ўргатиш зарурлигини алоҳида қайд этдилар. Бу ҳаётий даъват ҳар биримизнинг, ота-оналар ва кенг жамоатчиликнинг онги ва қалбидан мустаҳкам ўрин эгалламоқда, десам муболаға бўлмаса керак.

Хулоса ўрнида  энг аввало, ёшлар бугунги кунда юртимизда барқарор бўлган тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиб, бу неъматни кўз қорачиғидай асраши мақсадида,тинмай ўқиш ва изланишда бўлишлари керак.

                                      Бўстонлиқ туман бош имом-хатиби
в.в.б. Махмуджон Абдусаитов