Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Қайсарлик – динга зид амалдир

Қайсарлик – динга зид амалдир

Ислом дини тарихига назар солар эканмиз,  шунга амин бўламизки, соғлом эътиқод, соғлом фикр ва ғоялар сохта ғоялар устидан ҳамиша ғалаба қозониб келган.

Ислом дини ривожига буюк ҳисса қўшган бобокалонимиз Абу Мансур Мотуридий ҳазратларининг илмий меросида сохта ғояларга қарши кураш олиб борганини  кўришимиз  мумкин. У кишининг «Китоб ат-тавҳид» асарида сохта таълимотларга эргашишнинг олдини олишда ишончли далиллардан келтириб, бу йўлдаги барча хатоликлар сабабини аниқ кўрсатиб берганларига гувоҳ бўламиз. Абу Мансур Мотуридий ҳазратлари  айтадиларки, сохта ғояларга   кўр – кўрона тақлид қилиш,  кенг тарқалган иллатдир, яъни бунда  кўпчилик бирон-бир маънавий ёки диний йўлбошчига, унинг фикрлари мазмун-моҳиятини тушунмаган ҳолда эргашиб кетишликдир. Манашу сабаб натижаси ўларок, ҳар бир фирқа ва ҳар бир йўналиш шу пайтга қадар ўз тарафдорларига эга бўлиб келмоқда. Бу мухлисларни  қачондир қабул қилинган сохта таълимотга садоқатда қатъийлик намойиш этишлари  ва яна ўзларини ҳақиқатнинг ягона эгалари ҳисоблашларини   Абу Мансур Мотуридий ҳазратлари  бугунги диний-экстремистик ва террористик оқимларга  нисбат берган бўлсалар ажаб эмас.

Ислом инсониятни эзгулик ва маърифатга чорлайдиган диндир. Аслида вазифаси жамият ҳаётини изга солиб, фақат яхшиликларга, эзгуликларга чорлаш бўлган ислом динига экстремизм ва ақидапарастлик каби вайронкор хусусиятларни тиркаб қўллашга нималар сабаб бўлмоқда? Маълумки, экстремизм ва ақидапарастлик тушунчалари бир-бири билан боғлиқ бўлиб, ашаддий мутаассиб, фанатик, қайсар унсурларнинг фаолияти мафкурасидир. Халқимизда фарзандлари ота-онани гапига қулоқ солмаса ва ўз билганидан қолмаса қайсарлик балосига гирифтор бўлибсан, деб танбех берадилар. Қайсарлик инсоннинг бошига жуда катта кулфатлар олиб келиши тарихдан маълум.

Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак Нуҳ алайҳиссаломни қавмлари қайсарлиги сабабли сув остида қолиб яратганнинг қаҳрига учраган. Бундай холатга Лут, Мусо алайҳиссаломларни қавмлари ва бошқа пайғамбарлар қавмлари ҳам гирифтор бўлишган. Охирги замон пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом  даврларида ҳам қайсарлиги сабабли қанчадан –қанча одамлар имон неъматидан бебаҳра қолганлар. Бизнинг давримизда эса баъзи  ёшларнинг қайсарлиги сабабли ота-онасини хизматини қилиб, дуосини олиш ўрнига умрларини беҳуда сарфламоқдалар. Уларнинг қайсарлиги қиёмат кунида қанчалар қимматга тушиши яратганга маълум.

Ўзбекистон телеканаллари орқали “Хизбут тахрир” диний экстремистик оқимининг  вайронкор ғояларига гирифтор бўлган маҳкумлар хақида кўрсатув кўрсатилди. Жазони ижро этиш муассасида умрини бехуда ўтказаётган маҳкумлардан бирига: “онангни берган оқ сутини оқлагин” дейилса, уялмай-нетмай “Бозорда бир коса сигирнинг сути қанча бўлса ҳисоблаб, пулини “биродарларим” олиб боради”, дейди. Алҳазар, инсон дегани шунчалар ҳам тубанликка кетадими? Онани берган оқ сутини ва розилигини бутун дунёдаги молу-дунёни йиғиб берганда ҳам адо этиб бўлмайди-ку. Ваҳоланки хадиси шарифда “Ота-онанинг ризосида Аллоҳнинг ризоси бор, ота-она ғазабида Аллоҳнинг ғазаби бор”, деб бежизга айтилмаганку. Шу сабаб бўлса керак аҳмоқнинг нодон эканлигини жуда доно киши ҳам унга тушунтира олмайди, деб айтилгани. Демак, ислом манбаларида жаннат ота-она ризосида дейилган экан, буни ҳар бир фарзанд ғанимат билмоғи керак. Ота-онани ризосини олган фарзанд эса албатта ватани, халқи учун бор имкониятини ишга солиб хизмат қилади.

Ўзбек маърифий адабиётининг вакилларидан бири  Алихонтўра Соғуний ўзининг “Биздан эмасдилар, Ватанни севмаганлар” номли шеърий тўпламида Ватанни севиш, унинг озодлиги ва осойишта ҳаёти қадрига етиш, шу билан бирга унинг хизматида камарбаста бўлишга чақиради.  Шунинг учун хар биримиз огоҳ бўлиб, экстремистларни пуч ғояларига ишониб кетмасдан, исломнинг тинчликпарвар дин эканлигини онгу-шууримизга сингдириб, жаннатмакон ватанимизни ҳар-хил хуружлардан асраб-авайлаб келажак авлод олдидаги бурчимизни адо этайлик.

 

                                       Бўстонлиқ тумани бош имом-хатиби
                                                 в. б. Махмуджон Абдусаитов

[carousel-horizontal-posts-content-slider]