Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / Муслиманинг ҳаётида муҳаббат

Муслиманинг ҳаётида муҳаббат

Агарда инсон Яратганни яхши кўрмас экан, у умуман яхши кўра олмайди. “… Мен бир куни бувимдан бобомдан қачондир хафа бўлган ёки бўлмаганлигини сўрадим. Бувим эса ҳайрон бўлиб қолди: “Мен қандай қилиб ўз эримдан хафа бўлишим мумкин?””. Россия ислом институти ўқитувчиси Миляуша хоним Адигамова ўзининг ҳаётида содир бўлган мана шундай шахсий тажрибаси орқали бувиларида бўлган эр – хотинликнинг теран тушунчасини кўрсатиб беради. Бу замонавий муслималарнинг ҳам қўлидан келадими?

“Аёллар гимназиясида” ўтказилган учрашувда мана шу ва бошқалар ҳақида дилдан гапириб берди Миляуша хоним. Муслимада қандай муҳаббат бўлиши мумкин? Биринчи ўринда – Аллоҳ таолога муҳаббат. Бошқа кимгадир эмас! Иккинчи ўринда эса – Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламга. Учинчи – эрига муҳаббат. Тўртинчи ўринда – ота – онасига. Бешинчи – фарзандларига муҳаббат. Олтинчи ўринда эса – қариндошларига ва бошқаларга муҳаббат.

Аллоҳ таолога муҳаббат ҳақида: агар инсон Яратганни яхши кўра олмаса, умуман яхши кўра олмайди. Инсонларга бўлган муҳаббат бевафолик ва етук эмаслиги сабаб озор етказиши мумкин бўлгани ҳолда, Аллоҳ таолога бўлган муҳаббат энг ишонарлисидир, зеро У сизни ҳеч қачон ташлаб қўймайди. Маълумки, агар инсон Аллоҳни унутса, Аллоҳ ҳам шу бандасини “унутади”, яъни уни Ўз неъматларидан бебаҳра қилиб қўйиши мумкин. Бундай мусибатдан қутилишнинг ягона йўли мавжуд. Бу Яратганнинг буйруқларига ва таъқиқларига виждонан амал қилишдир. Шу орқали қалб очилади, ёришади ва Аллоҳ таолонинг муҳаббатига лойиқ бўлади.

Эрга бўлган муҳаббат нима дегани? Бу унга ишониш ва уни борича қабул қилиш демакдир. Инсонни камчиликлари билан қабул қилиш осон эмас, чунки у бошқа оиладан, ундаги одатлар ўзгача. Лекин бунда ҳеч ким айбдор эмас. Эрни тушуниш, қабул қилиш ва унга итоат қилишни ўрганиш лозим. Буларнинг бари, агарда эрингизни Аллоҳнинг яратган мавжудоти сифатида қабул қилсангиз, мумкин. Ахир Аллоҳ таоло барчамизни нуқсонларимиз билан қабул қиладику. Нима учун бизга эримизни камчиликлари билан қабул қилиш қийин бўлади? Бунга калондимоғлигимиз, кеккайганлигимиз халақит беради. Аёл калондимоғлигини қўймас экан, эрига итоат қилишни ўргана олмайди. Ва оилавий муносабатларнинг келажаги хушнуд қилувчи бўлмаслиги мумкин: калондимоғлик – танқид – гина – нафрат – ажрим. Ахир эр – Жаннат “манбаси”-ку. Шунинг учун ҳам аёлнинг вазифаси – унинг розилигини олишдир. Бунинг учун, эрни ўзгартиришнинг фойдаси йўқ эканлигини англаб етиш лозим. Ўзликни ўзгартириш лозим – Аллоҳ таолони севиш, ўз ички оламини салбий хислатлардан фориғ қилиш. Аёлидаги бундай ўзгаришларни кўрган эркак ҳам беихтиёр ўзгаради. Ва иншаАллоҳ Яратган оилаларингизга фаровонлик ато этади.

Бизнинг ҳаётий муаммоларимиз – Аллоҳ таолонинг йўлидан оғганимиз сабаблидир. Бундан қочиш учун эса, Яратганни англашни ўзимизга мақсад қилиб қўйишимиз керак. Шу йўлда қалблар покланади ва очилади. Шунда биз атрофдагиларнинг, шу жумладан, эримизнинг ҳам яхши жиҳатларини кўра оламиз. Бу ерда асосий қурол – Яратганга ибодат қилишга жиддий ёндашишдир. Маълумки, мажбурий кўрсатмалардан ташқари исталган Аллоҳ таоло розилиги учун қилинган яхши амал – ибодатдир. Шундай қилиб, ибодатда бўлган муслиманинг эри билан муносабатларни ойдинлаштиришга на вақти, на хоҳиши бўлади ва шайтон уни жанжал ва гинага ундаб ғаламислик қила олмайди.

Азиз опа – сингиллар, Яратганга бўлган ибодатни англашингиз, сизларни яқинларингиз учун ҳаётий қувват манбаи бўлишингизни таъминлайди. Шунда эрингизнинг ва барча оилангиздагиларнинг муҳаббати сизнинг ҳаётингизни тарк этмайди.

Гузел Ибрагимова

(Шахноза Олимбой қизи таржимаси)