Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Судхўрликнинг оқибати

Судхўрликнинг оқибати

Ҳеч кимга сир эмаски, янги XXI аср бўсағасида бутун дунёда илм – фан, техника ниҳоят даражада ривожланди. Бир пайтлар қанот ясаб учишни орзу қилган инсоннинг оёғи бугунги кунда ойга етди. Барча соҳалар тараққий этиб, юқори пағоналарга кўтарилди. Ривожланиш йўлида турли омиллар ишга солинди, янгидан-янги ихтиролар қилинди.

Ана шундай тезкор муҳитда кишилар пул топишнинг турли йўлларини ўйлаб топди. Кимдир тижорат билан шуғулланган бўлса, кимдир осонгина пулларни қарзга бериб, устига устама ҳақ олиб бойий бошлади. Маьлумки, қарз оладиган киши муҳтожлигидан, имкони йўқлигидан бировнинг олдига боради. Аммо қарз берувчилар «устига мана бунча берасан», деб шарт қўядилар. Бунга ноилож мажбур бўлган киши, олган қарзи у ёқда турсин, фоизини ҳам тўлай олмай, бўғзигача қарзга ботади. Устига фоиз олишни халқ тилида судхўрлик, шариатда эса рибо деб аталади.

Аллоҳ таоло ўзининг улуғ Қуръони Каримида бу ҳақда шундай деб марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تَأْكُلُواْ الرِّبَا أَضْعَافًا مُّضَاعَفَةً وَاتَّقُواْ اللّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

« Эй мўминлар, (берган қарзларингизни) бир неча баробар қилиб олиш билан судхўрлик қилманглар! Аллоҳ таолодан қўрқинглар! (Шунда) шоядки нажот топсангизлар».[1]

Шунингдек, рибо гуноҳи кабиралардан биридир. Ундан топилинган бир сўм пул ҳам ҳаромдир. Ҳаромдан ҳазар қилиш керак.

Бир пайтлар ҳаромдан ҳазар қилган софдил ўзбегимнинг баьзи фарзандлари бугунги кунга келиб минг афсуски, ҳаром луқма ейишни оддий ҳол деб билмоқда. Беш куним хуш куним, еган ичганим, ўйнаб кулганим қолади, қабилида иш тутмоқда.

Айниқса бозорларда учраб турадиган баьзи ёмон одатлар кишини жуда ранжитади. Узумини егину, боғини суруштирма, деган мақолга амал қилгандек, қайси йўл билан бўлса ҳам топилган пулдан боши осмонда.

Аммо мана шундай ишларни қилаётган кимсалар бу дунё ҳисобсиз эмаслигини, эртага ҳар бир амалимиз устидан Аллоҳ таоло олдида жавоб беришимиз кераклигини, то ҳақ эгаси рози бўлмагунча, Аллоҳ таоло рози бўлмаслигини билармиканлар? Ҳаром луқма еб катта бўлган фарзанд на ота-онасини, на Аллоҳ расулини танимайдиган, иймону инсофсиз бир махлуққа айланиши ҳақида ҳеч эшитмаганмиканлар? Қариб, куч қувватдан қолган, ёрдамга муҳтож, ота-онасини ҳолидан хабар олмай қўяётган, ҳатто қариялар уйига олиб бориб ташлаётган фарзанлар ўшандай ҳаром луқма еб катта бўлган кишилар эмасмикан?

Аллоҳ таоло ўзининг муқаддас Қуръони Каримида шундай марҳамат қилади: «Мол-дунёларингизни ораларингизда ноҳақ ҳаром йўллар билан емангизлар!» (Яьни бир-бирингизнинг ҳаққингизни еманглар!)

Оятдаги «ноҳақ-ҳаром йўл»дан мурод ўзаро келишиб судхўрлик қилиш ёки бировнинг молини ёлғон, ботил қасам билан олишдир.

Каъб ибн Ужра ривоят қилган ҳадисда эса, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Каъб ибн Ужра ҳаром еб катта бўлган жисм жаннатга кирмайди», деганлар. Кўриниб турибдики судхўрлик қанчалар оғир гуноҳ, ундан қочиб, фақат ҳалол ризқ топишга интилиш лозим. Беш кунлик ўткинчи дунёда ўзимизни ўтга-чўққа уриб, ҳаром йўллар билан бойлик орттиришдан сақланиш керак. Зеро, очлик-муҳтожликка чидаш мумкин, аммо Аллоҳ таолонинг азобларига чидаб бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда мўмин-мусулмонлар ҳаёт тарзи, турмуши нималардан иборат бўлишини батафсил баён қилиб берган. Яьни қандай амаллар жаннатга олиб боришини, дўзахдан сақланиш учун эса Аллоҳ таоло қайси амалларни наҳий (қайтарган) қилганлиги баён қилиб берилган. Шулардан бири, гуноҳи кабира – рибо емоқлик, яьни судхўрлик билан пул топишдир. Масалан, бир киши иккинчи кишига минг сўм бериб, бир минг бир юз сўм қилиб қайтариб олиши судхўрлик бўлади. Шу юз сўм ҳаром пул, шу йўл билан бойлик орттириш гуноҳи кабира ҳисобланади. Ҳар қандай пул меҳнат орқали топилиши керак. Рибо ҳам энг катта гуноҳи кабиралар жумласидан, чунки Аллоҳ таоло рибони емасликка буюрган.

Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам рибо еювчини, унга вакил бўлганни, гувоҳларни ва уни ёзганни, безовчи хотинни, унга даъват қилувчини, бошқанинг баданига из ёки сурат солувчини, сурат солдирувчини, уч талоқ қилинган аёлни ҳалол қилиб бериш мақсадида никоҳга олувчини, уни ўзи учун ҳалол қилдирувчини (яъни, уч талоқ қилинган аёлнинг эрини), закотни бермайдиган кишиларни лаънатладилар”.[2]

Рибо еювчи – молнинг эгаси, фойда олувчи, вакил қилинган киши эса – унга рибо берувчидир. Шунингдек, гувоҳлар – ўшанинг устидаги ва уни ёзган кишилар. Чунки улар бу ишда ёрдам қиляптилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Одамларга бир замон келади, ҳеч ким рибо емасдан қолмайди, ундан емаса, ғубори етади”.

Бундай деганлари рибонинг кўпайишига, қарзлар ва олди-сотдиларда ҳар хил ҳийлалар ва шубҳалар зоҳир бўлишига, одамларнинг молини судхўрлик, шубҳа ва ҳаромлар билан аралашиб кетишига, ҳатто моллар орасини фарқлаш мумкин бўлмай қолишига, одамлар ўзлари билмаган ҳолда ейишларига ва унинг зарари ҳаммага етишига далолатдир. Ҳолбуки, улар ўртага тушмаган, шоҳидлик қилмаган, уни ёзмаган ёки судхўр билан муомалада бўлмаган. Ато Хуросонийдан ривоят қилинади: Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу айтадилар: “Судхўрлик 72 гуноҳдир. Гуноҳнинг энг кичиги онаси билан зино қилганга баробар. Бир рибодан топилган бир дирҳам 36 марта зино қилишдан ёмон. Аллоҳ таоло қиёмат кунида яхшига ҳам, фожирга ҳам туришга рухсат беради. Рибо еганга рухсат берилмайди. Улар шайтон чалган каби турадилар”, яъни, жинни каби, қачон турса, йиқилаверадилар.[3]

Аллоҳга шукрки, замонлар ўзгарди, ўз вақтида ўлкамизда “худосизлик жамияти”ни тузган мушриклар ҳокимияти ўз-ўзидан парчаланиб кетди. Халқимиз қайтадан Қуръони Каримни қўлга олди. Атрофимиз нурафшон бўлиб бормоқда. Бироқ узоқ йил қоронғу зиндонда сақланган кишиларнинг кўзлари қуёш нурларига бирданига дош беролмайди, қамашиб кетади. Уларни бу ёруғликка аста-секин ўргата бориш керак. Шу сабабдан, оз бўлсада манфаатли бўлар, деган умидда шу маълумотларни ёзишни лозим кўрдик. Аллоҳ барчаларимизни судхўрликдан сақласин!

“Қорабоғ” жоме масжиди
имом-хатиби Х.Бойниёзов

[1] Оли имрон сураси, 130-оят
[2] Абу Лайс Самарқандий, “Танбеҳул ғофилийн”, 222-бет.
[3]Абу Лайс Самарқандий, “Танбеҳул ғофилийн”, 142-бет.