Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ИЛМ ОЛИШ ОДОБЛАРИ

ИЛМ ОЛИШ ОДОБЛАРИ

Илм олишга уриниш энг улуғ ибодатлардан саналади. Банда илм воситасида Роббини танишга, У Зотнинг буйруқларини бажаришга хамда ўз зиммасидаги ҳақларни адо этишга муваффақ бўлади. Куръони Каримда илм аҳллари турли услублар билан мадҳ этилган:

 «Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг булурми?!» (Зумар сураси, 9-оят).

 Бошқа бир оятда эса илм берилганларнинг даражаси юқори бўлишининг хабари берилган:

 «Сизлардан иймон келтирган ва илм ато қилинган зотларни Аллох (баланд)даражаларга кўтарур. Аллоҳ нима қилаётганларингиздан хабардордир» (Мужодала сураси, 11-оят).

 Яна бир оятда эса банда Роббидан қўрқишга илм сабабли эришиши ҳақида хабар берилган:

 «Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар» (Фотир сураси, 28-оят).

 Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам илмнинг мартабасини шундай баён килганлар:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди», дедилар» (Термизий ривоят қилган).

 Ушбу оят ва ҳадислардан кўриниб турибдики, ҳар бир мўмин-мусулмон киши ўзининг эътиқоди ва амали тўғри бўлиши учун зарур бўлган илмларни ўрганишга астойдил ҳаракат қилиши лозим бўлади.

Бошқа ишларда бўлгани каби, илм ўрганишда ҳам риоя қилиш зарур бўлган одоблар бўлиб, уларни умумий икки қисмга ажратиш мумкин:

 1. Илм ўрганишга киришишдан олдинги одоблар:

 2. Илм ўрганиш пайтидаги одоблар.

Илм ўрганиш то вафот этгунча давом этадиган жараён эканлиги нуқтаи назаридан бу одоблар бутун умр давомида риоя қилиниши керак бўлган одоблар саналади. Куйида ушбу қисмларнинг одобларини ало- хида баён киламиз:

БИРИНЧИ ҚИСМ

ИЛМ ЎРГАНИШГА КИРИШИШДАН ОЛДИНГИ ОДОБЛАР

Биринчи одоб — фақат ҳалол-пок йўл билан топилган озуқани

истеъмол қилиш.

Пок озуқа туфайли қалб нурафшон, вақт баракали бўлади хамда яхши ишлар учун кувват ошади. Шунинг учун ҳам Куръони Каримда фақат ҳалол-пок нарсаларнигина истеъмол қилишга буйрук келган:

«Эй мўминлар! Биз сизларга ризқ қилиб берган покиза нарсалардан енглар!» (Бақара сураси, 172-оят).

 Ушбу оятнинг тақозосига кўра ҳалол озуқа истеъмол қилиш ҳар бир мусулмонга вожибдир. Илм ўрганувчи ҳаром луқма ейиши сабабли илмнинг баракасидан маҳрум бўлиб, дуолари ижобат этилмайдиган бўлиб колади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалол луқма ейишнинг аҳамиятини шундай баён килганлар:

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

 «Расулуллох соллаллоху алайҳи васаллам шундай дедилар: «Эй инсонлар, Аллох таоло покдир, пок(амал)дан ўзгасини қабул қилмас. Аллох таоло пайғамбарларни нимага буюрган бўлса, мўминларни ҳам шунга буюрган. (Аллоҳ таоло): «Эй пайғамбарлар! Пок(таом) лардан тановул қилингиз ва эзгу иш қилингиз! Албатта, Мен килаётган ишларингизни билувчидирман», (Муъминун сураси, 51-оят) деган ҳамда: «Эй иймон келтирганлар! Биз сизларга ризқ қилиб берган пок нарсалардан енглар» (Бакара сураси, 172-оят), деган». Сўнгра (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам) сочлари тўзиб, чанг-тўзонга беланиб, узун сафар қиладиган ва кўлларини осмонга чўзиб: «Эй Роббим, эй Роббим», дея дуо киладиган кишини (мисол тариқасида) зикр қилиб: «Унинг егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром, ҳаромдан озуқаланган, шундай экан, қандай қилиб (унинг дуоси) ижобат қилинсин?!» дедилар» (Муслим ривоят қилган). Ҳалол луқма туфайли кишининг қалби нурланади, унинг вақти ҳам, бошқа ишлари ҳам унумли ва баракали бўлади.

 Иккинчи одоб – кўп ейишдан сақланиш.

 Ҳалол озуқаларни истеъмол қилиш билан бирга, толиби илм кўп ейишдан сакланиши лозим бўлади. Чунки кўп ейиш зеҳннинг пасайиши, уйкунинг кўпайишига, дангасаликка ва турли касалликлар келиб чикишига сабаб бўлади. Тиббиёт соҳаси мутахассисларининг таъкидлашларича, касалликлар асосан кўп ейиш ва кўп ичишдан пайдо бўлар экан. Ўтган улуғ аҳли илмларнинг ҳеч бирлари таомга ўч бўлишмаган. Имом Шофеъийнинг куйидаги сўзларига эътибор беринг: «Ўн олти йилдан буён корним тўйиб овқат емадим. Фақат бир марта шундай бўлиб қолганида кўлимни оғзимга тиқиб, қайт қилиб ташлаганман. Чунки тўйиш баданни оғирлаштиради, қалбни қотиради, зеҳнни ўлдиради, уйкуни келтириб, кишини ибодатга дангаса қилиб кўяди».

Учинчи одоб — кўп гапириш ва кўп ухлаш каби иллатлардан сақланиш.

 Толиби илм имкон қадар кўп гапириш, кўп ухлаш каби иллатлардан сакланиши лозим бўлади. Бу иллатлар барча фазилатларга эга бўлиш учун сарфланадиган вақтнинг зое бўлишига сабаб бўлади. Язид ибн Хубайб шундай деганлар: «Олим учун эшитишдан кўра гапириш севимли бўлиши фитнадир. Чунки эшитишда хатолардан саломат бў лиш ва илмнинг зиёда бўлиши бордир. Эшитувчи гапирувчининг шеригидир. Гапиришда бўшашиш, зийнатлаш, чўзиб юбориш ва мақсадни ифодалашда нуксонга йўл кўйишдан омон бўлинмайди».

 Бошка бир ўринда Язид ибн Ҳубайб шундай деган: «Гапирувчи фитнага йўлиқиши мумкин, сукут қилувчи эса раҳматга йўлиқади».

Аммо толиби илм учун дарс асносида илмий мавзуда гапириш жим туришдан афзал ҳисобланади. Бундай суҳбатлар натижасида толиби илм ҳам савобга эришади, ҳам билими ортади. Тинглашнинг фойдаси эса хатодан саломат бўлишдир. Агар жим турувчи ёмон гапдан тийилиш учун гапирмаётган бўлса, бунинг учун савоб олади. Лекин шундай ўринлар бўладики, бундай пайтларда жим туришдан кўра гапириш кўпрок фойда келтириши мумкин. Мисол учун, суҳбатдошининг жиддий хатога йўл қўяётганини ёки билмасдан нотўғри гапириб қўйганини аниқ билса, уни бундан огоҳлантирса, унга ҳақиқатни билдирса, савобга эга бўлади. Шунингдек, ҳаддан ташқари кўп гапираётган суҳбатдошига кўп гапириш исроф эканини айтиб кўйиш ҳам лозим. Асосий максад шуки, олим ҳам, толиби илм ҳам баҳсларда кўп гапиришдан сакланишлари, ўрни келганда фикр ва зеҳнни жамлайдиган узоқ сукутни лозим тутишлари керак. Шунингдек, илм мажлисларида ҳам кўп гапиришдан сақланиш афзалдир. Чунки бунда бошқаларга ҳам гапириш имконини бериш билан улардаги илмлардан баҳраманд бўлишга эришилади.

Яна толиби илм меъёрдан ортиқ ухлашдан ҳам сақланиши лозим. Бундай иллатга гирифтор бўлган кишини манзилга етишни истаган, лекин ҳеч қандай ҳаракат қилмасдан, шунчаки унга етишни орзу қилиб ўтирган кимсага қиёслаш мумкин. Бу ҳақда бир ҳикматли шеърда шундай дейилган:

«Машаққатлар миқдорича юксакликка етасан, Улуғликка интилган тунларда бўлар бедор.

Сен иззатни кўзлайсан-у, сўнгра тунда ухлайсан, Лаълу маржон излаган уни денгиздан топар».

Бир кеча-кундузда ҳар куни ўтказадиган вақтнинг учдан бири миқдорича, яъни саккиз соат ухлаш мақсадга мувофиқдир. Агар инсоннинг тоқати ундан камроғига ҳам чидашга етса, бу вақтни яна камайтириши мумкин.

Шунингдек, толиби илм ўқишдан толиққан вақтида баданини, қалбини, зеҳнини ва кўзини дам олдириши, хурсандчилик қилиши ҳам илм машаққатини камайтиради. «Яхши дам меҳнатга ҳамдам», деганларидек, бу ҳордиқ меъёридан ошиб кетмаслигига, илмнинг самарадорлигини оширадиган, вақтни зое қилмайдиган даражада бўлишига аҳамият берилади.

Тўртинчи одоб — ошкора ва яширин равишда шариатга хилоф иш қилишдан сақланиш.

Толиби илм шаръий ҳукмларга хилоф иш қилишдан қатъиян сақланиши лозим. Зеро, илм Аллоҳ таоло Ўзининг хоҳлаган бандасига ато этадиган нурдир. Бу нур шариатга зид ишларни қилиб, гуноҳ-маъсиятлардан қорайган қалбга ато қилинмайди. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳнинг қуйидаги гапларига эътибор беринг:

«Зеҳнимдан Вакиъга қилдим шикоят,

Гуноҳ қилмасликни қилди топшириқ,

Деди: «Чунки илм илоҳий нурдир,

Бу нур осийларга қилинмас тортиқ».

Саҳл ибн Абдуллоҳ айтади: «Аллоҳ ёмон кўрадиган нарсалардан бирортаси бўлган қалбга нур кириши асло мумкин эмасдир».

Шунинг учун ҳар бир толиби илм аввало қалбини ҳасад, гина, кибр, кеккайиш ва шаҳват каби ботиний иллатлардан пок тутмоғи лозим бўлади. Шу билан бирга, ташқи аъзоларини ҳам ўзгаларни ҳақорат қилиш, устидан кулиш, масхаралаш, ҳаром ейиш каби маъсиятлардан сақлаши вожибдир.

Бундай маъсиятлар кишини мукаммал илм эгаллашдан тўсади, ўрганган нарсаларининг баракасини кетказиб қўяди.

Бешинчи одоб — ўзига мос дўстларни танлаш.

Толиби илм турли давраларга аралашишдан сақланиши лозим. Ўзига зарур бўлмаган турли йиғинлар билан қимматли вақтини зое қилиш ҳеч бир оқил инсонга муносиб иш эмасдир. Айниқса толиби илм ўзи каби илмга чанкок талабалар ва илмни кадрловчи инсонлар даврасини лозим тутиши максадга мувофикдир. Бундай давраларда ташкил этиладиган илм мажлислари инсонларнинг яхшиликларга эришишларига сабаб бўлади. Шундан келиб чикиладиган бўлса, толиби илм дангаса, ўйинқароқ, вактини бехуда ўтказадиган кимсалар билан ўтиришдан, уларнинг бепарволиклари ўзига ҳам таъсир қилишидан эҳтиёт бўлиши лозимдир.

Агар толиби илм тасодифан умрини бефойда нарсалар билан зое қиладиган кимсанинг суҳбатига дуч келиб қолса, суҳбатнинг аввалиданоқ уни тўхтатишга ҳаракат қилсин. Чунки ишлар мустаҳкамлангани сари уларни кетказиш қийин кечади. Фақиҳларнинг ажойиб коидаси бор: «Узоқлаштириш олиб ташлашдан енгилроқдир».

Олтинчи одоб – Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб илм ўрганиш.

Толиби илм шаръий илмни Аллоҳдан бошқанинг розилигини кўзлаб ёки бирор дунёвий мансабга эришиш мақсадида ўрганса, бу илми унинг дўзахга киришига сабаб бўлади. Чунки у жуда катта жиноят содир этган, яъни охират амали билан дунёни кўзлаган бўлади. Демак, шаръий илмларни ўрганишда ниятни тўғрилашга бўлган эҳтиёж бошқа кўплаб амалларга нисбатан муҳимроқдир. Шу боис ким илм ўрганишда холис Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб ҳаракат қилса, Аллоҳ таоло уни илм эгаллашга муваффақ қилиб кўяди.

Еттинчи одоб – қалбни илмдан бошқа нарсаларга машғул қилмаслик.

Толиби илм кундалик тирикчилигидан ташқари вақтларда доимо калбини илм ўрганиш ва уни ўргатиш билан банд қилиши лозимдир. Шунингдек, таҳсили илм пайтида асосий вақтини имкон қадар ўтилаётган мавзуга оид китобни ўқишга ажратиши ва уни мустаҳкам ўзлаштиргандан сўнггина бошқасига ўтиши лозим бўлади. Анмотий айтади: «Музанний шундай деган: «Мен Шофеъийнинг рисолаларига эллик йилдан бери қарайман, ҳар қараганимда албатта олдин билмаган бир нарсани ўрганаман».

«Минҳожул қосидийн» асарининг мухтасарида шундай дейилган: «Толиби илм уни машғул қиладиган нарсалардан сақланиши лозимдир. Чунки фикр бошка нарсалар билан машғул бўлиб қолса, илм ҳақиқатларини тўлик идрок эта олмайдиган бўлиб қолади. Аввалги уламолар илмни барча нарсадан устун қўйишган. Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят килинишича, у зот илмга халал бермаслиги учун қирқ ёшгача уйланмаган.

Абу Бакр ибн Анборийга бир жория ҳадя қилинди. Жория у зотнинг хузурига кирган вақтда бир масаланинг ечими устида тафаккур килиб турган эди. У зот жория киргани боис ҳалиги масаладан фикри бўлинганини ҳис қилди. Шунда у зот: «Бу жорияни чўри сотувчига олиб бориб беринглар», деб буюрди. Жория: «Менда бирор айб борми?» деди. У зот: «Йўқ, фақат менинг қалбим сен билан машғул бўлиб колди, сенга ўхшаганлар мени илмдан тўсиб қўйиши мумкин эмас», деб жавоб берди.

Имом Шофеъий айтади: «Бу илмни ҳеч ким мол-дунё билан ва нафсини азиз тутиб эгалламаган. Аммо кимки уни нафсини хорлаб, кийин ҳаётга рози бўлиб, уламоларнинг хизматларини қилиб талаб қилган бўлса, албатта унга эришган».

Имом Молик ибн Анас айтади: «Ҳеч ким фақирлик азобини тотмай ва ушбу илмни барча нарсалардан устун кўймай туриб, ундан ўзи хоҳлаган миқдорига эриша олмайди».

Ибн Жамоа айтади: «Толиби илм ёшлигини, ўтаётган умрини ғанимат билиб, илм эгаллаш учун астойдил ҳаракат қилиб қолиши лозим. Чунки ўтаётган соатлар қайтиб келмайдиган бўлиб ўтиб бормокда. Шунинг учун толиби илм илмга халал берувчи, илмий интилишларига тўсиқ бўлиши мумкин бўлган алоқалардан имкон қадар тийилиши лозим. Чунки булар тўғри йўлда кетаётган кишининг ҳаракатланишдан тўхташига сабаб бўладиган йўлдаги тўсиқлар сингари нарсалардир. Шунинг учун ҳам қадимда уламолар толиби илмнинг илм эгаллаш учун ўз аҳли оиласидан узоққа сафар қилишини яхши ҳисоблаганлар. Чунки фикр бўлинадиган бўлса, илмнинг ҳақиқатларини идрок қилиш нуқсонли бўлиб қолади. Зеро, Аллоҳ таоло бир кишининг ичига иккита қалбни жойлаб қўймаган…»

Саккизинчи одоб – яхши устозлардан таълим олишга интилиш.

Толиби илм дину диёнатли, илмига амал қилувчи, ўз соҳасида моҳир бўлган устоздан илм ўрганишга аҳамият қаратиши муҳимдир. Муҳаммад ибн Сирийн раҳматуллоҳи алайҳнинг фикрларига эътибор беринг: «Бу илм – диндир. Динингизни кимдан олаётганингизга эътибор беринг».

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ нима учун Ҳаммод ибн Абу Сулаймонга шогирд тушганларини шундай тушунтирган: «У зотнинг виқорли, ҳалим ва сабрли эканини билган эдим».

Шунингдек, устоз фақатгина китоб билан чегараланиб колмасдан, замондош уламолар билан алоқаси бор, улар билан илмий баҳслар олиб борадиган устоз бўлиши лозим. Ибн Жамоа айтади: «Агар олдинги ва кейинги улуғ уламоларнинг ҳолатларига диққат билан назар соладиган бўлсангиз, албатта такводор устозларнинг талабалари мақсадга эришганларига гувоҳ бўласиз. Шунингдек, тасниф этилган асарларга ҳам эътибор берадиган бўлсангиз, такводор мусаннифларнинг асарлари манфаатли бўлганини ҳамда улар билан машғул бўлганларнинг ўз мақсадларига эришганини кўришингиз мумкин. Шунинг учун ҳам толиби илм шаръий илмларнинг моҳир билимдонидан таълим олишга ҳаракат қилиши лозим».

Ушбу саккиз одоб илм ўрганишга киришишдан олдинги одоблардир.

“Ислом одоблари энциклопедияси” китобидан.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]