Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ҳадис / Сўзлашиш одоби

Сўзлашиш одоби

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилишларича: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса (фақат) яхши сўзларни сўзласин ёки сукут сақласин (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Юқоридаги ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Мусулмон вакили фақат яхши сўзларни сўзлаб, беҳуда гаплардан ўзини тиймоқлиги иймони комиллиги аломатидир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифдан муҳим нарсанинг хабарини бермоқда, яьни мусулмон фарзанди дунё-охират учун хайрли, манфаати бор сўзларнигина сўзлайди. Ўзи учун ҳам, атрофидагилари учун ҳам бефойда бўлган гап-сўзлар орқасидан кимгадир зарар етказиб қўйиши ёхуд фисқу-фужурга йўл очиб бериши ҳеч гап эмас. Ана шу киши Аллоҳ талонинг ғазабига дучор бўлади. Шу боис фақат эзгу, хайрли сўзларни сўзлаш лозим.
  2. Кўп гапириш ҳалокатга, тилни беҳуда гаплардан сақламоқ нажотга бошлайди. Беҳуда кўп сўзламоқ кишининг яхши амалларини ҳавога совуриб, уни жаннатдан маҳрум қилиши мумкин. Мўмин киши бир гапни гапиришдан олдин яхшилаб ўйлаб кўрсин. Агар айтган сўзи хайрли бўлиб, ажру-савоб келтирса, айтсин. Мабодо ёмонлик-фасод қўзғайдиган бемаъни гап бўлса, тилини тийгани маьқул. Чунки одам ҳар битта гапи учун жавоб беради. Бандасининг оғзидан чиққан ҳар бир сўзи унинг фойдаси ва зарарига хизмат килади.
  3. Тақволи зотлар мубоҳ каломларни ҳам кўп гапирмаганлар. Кўп гапирадиган киши бехосдан беҳуда макруҳ сўзларни айтиб юбориши мумкин. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: «Кўп гапирадиган киши кўп тойилар. Кўп тойилган кишининг гуноҳи кўпаяди. Гуноҳи кўпайган кишига дўзах (муносиб) макон бўлур. Эҳтиёж туғилган, хусусан, ҳақни баён этиш, амру-маъруф қилиш учун гапирмоқ шарт. Зеро, бу услуб ҳикматлар сирасига киради. Чунки ҳақни айтмасдан жим туриш кишининг иймони заифлигидан далолатдир.

«Мир-Араб» ўрта-махсус ислом билим юрти
4-босқич талабаси Хамидов Абдулбосит