Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Расулуллоҳга муҳаббат қандай бўлиши керак?

Расулуллоҳга муҳаббат қандай бўлиши керак?

Албатта, ҳар бир мўмин-мусулмон ўзининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббатли эканини таъкидлайди. Бироқ бу қандай муҳаббат эканини билармикин? Унинг “муҳаббат” деб атаётган туйғуси ҳақиқатан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мақомларига лойиқми?

Буни англаш учун, аввало, муҳаббатнинг ҳақиқий маъносини билиб олиш зарур. Одатда, ўзимизда бирор нарса ёки шахсга мойиллик сезсак, қизиқиш туйсак, кўнгил истаса, бу ҳисларни “муҳаббат” деб атаймиз. Аслида, муҳаббат бу ҳислардан анча юксакдир. Ҳақиқий муҳаббат маҳбубни юракдан севиш, уни рози қилишга интилиш, ўзидан устун кўришдир.

Муҳаббат “Мен фалончини яхши кўраман”, дейиш ёки уни онда-сонда эслаб қўйиш билан ҳосил бўлмайди.

Аллоҳ таоло кўплаб ояти карималарда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббат барча муҳаббатдан устун туриши кераклигига даъват қилган:

النَّبِيُّ أَوْلَى بِالْمُؤْمِنِينَ مِنْ أَنْفُسِهِمْ

яъни: «Пайғамбар мўминларга ўзларидан ҳам ҳақлироқдир…» (Аҳзоб сураси, 6-оят). Бунинг маъноси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатлари бошқа барча нарсаларга қўйган муҳаббатдан кўра устунроқ бўлмагунча имонлари комил бўлмагай, деганидир.

Ҳадиси шарифда:

لَا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ وَلَدِهِ وَوَالِدِهِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ

“Сизлардан бирортангиз мен унга боласидан, ота-онасидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча, мўмини комил бўла олмайди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти), дедилар.

Ҳар гапида “Отам-онам ҳам сизга фидо бўлсин, ё Аллоҳнинг Расули”, дея мурожаат қиладиган Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзининг Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббати ҳақида қуйидагиларни айтади: «Ҳижрат йўлида эдик. Жуда чанқаб кетгандим. Сув қўшилган сутни олиб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга узатдим. У зотга: “Ичинг, эй Аллоҳнинг Расули”, дедим. Набий солллаллоҳу алайҳи ва саллам сутни ичар эканлар, менинг чанқоғим босилди”».

Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ҳижрат сафарида борар экан, аслида, бирга йўл юриб, бирга чанқашган. Ичимлик топилганда, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзи ҳар қанча ташна бўлишига қарамай, уни Расулуллоҳга тутибди.

Ажабланарлиси, Набий алайҳиссалом сувга қонишлари билан ҳали бир қултум суюқлик ичмаган Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг чанқоқлари босилмоқда. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидга минбар ясалишидан аввал бир хурмо танасининг ёнида уни ушлаб хутба қилар эдилар. У зотга минбар қўйиб берилгач, тўнкани тарк этдилар. Тўнка Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фироқларига чидай олмай инграб йиғлади. Шунда Набий алайҳиссалом минбардан тушиб, тўнканинг ёнига келдилар, уни силадилар ва унга: “Мана шу ерда дафн қилиниб, мен билан жаннатда бирга бўлишга рози бўлмайсанми?” дедилар. Шунда тўнка жим бўлди.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу қиссани кўзда ёш билан эсга олар эди ва: «Эй Аллоҳнинг бандалари, бир ёғоч Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга меҳр қўйди. У зотга Аллоҳнинг ҳузурида бўлган мартабалари туфайли муштоқ бўлди. Сизлар у зотга кўпроқ муштоқ бўлишингиз керак», дерди.

Аллоҳ таоло бизларга ҳам шундай чин муҳаббат тафтини туйишни насиб этсин! Расулуллоҳга салавот ва саломларимизни етказсин!

Аллоҳ таоло барчамизнинг қалбимизга Расулининг муҳаббатини жо қилсин. Қиёматда Расулуллоҳинг “ҳамд” байроқлари остида туриш ва У зотнинг муборак шафоатларига эришиш ҳамда жаннатда Расулига қўшни бўлиш бахтини насиб этсин!

З. ЗИЯТДИНОВ,

 Қибрай тумани бош имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]