Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ЎзР ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланаётган сарф илмига оид манбалар

ЎзР ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланаётган сарф илмига оид манбалар

Юртимиз мустақиллигини қўлга киритгач, халқимиз учун барча соҳада янги давр бошланди. Юртимизда яшаб, ислом динининг турли соҳаларида сермаҳсул ижод қилган алломаларимизнинг ҳаётлари ва бой илмий меросларини илмий асосда чуқур ўрганиш долзарб масалалардан бирига айланди. “Мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ аждодларимиз томонидан кўп асрлар мобайнида яратиб келинган ғоят улкан, бебаҳо маънавий ва маданий меросни тиклаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган ниҳоятда муҳим вазифа бўлиб қолди”[1].

Узоқ тарихга эга бўлган ўзбек халқи, унинг юксак маданияти, қадриятлари, бой илмий мероси бутун жаҳоннинг диққат-эътиборини ўзига жалб этиб келган ва келмоқда. ЎзР ФА Шарқшунослик институтининг ноёб қўлёзмалар фондида сақланаётган улкан хазина ҳам шу жумладандир. ЎзР ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фонди дунёдаги энг машҳур ва бой фондлардан биридир. У ерда сақланаётган нодир қўлёзмалар ўтмишдаги Шарқ ислом оламининг қарийб минг йиллик тарихини ўз  ичига олган. Нафақат  Ўзбекистон олимлари, балки бутун дунё олимлари ҳам мазкур қўлёзмалар фондидан фойдаланиб, ўтмиш тарихини ва маданиятини  ёритадилар.

Бу ноёб фондда 25.977 жилд қўлёзма асарлар мавжуд бўлиб, улар ўтмишдаги фанларнинг деярли ҳаммасини ўз ичига олган. Бундан ташқари, 39.107 жилд тошбосма ва босма асарлар ҳам сақланмоқда. Бундан ташқари, 5000 дан ортиқ турли ҳужжатлар ҳам бу фонддан ўрин олган.

Шунингдек, араб тили грамматикасига оид манбалар ҳам ушбу фондда анчагинани ташкил этади. Араб тили грамматикасини ўрганиш юртимиз илм-фан ривожи ва тарихидан далолат берувчи буюк меросимизни ўрганишда муҳим омил ҳисобланади. Чунки қўлёзмалар фондларида сақланаётган манбаларнинг аксари араб тилида ёзилган. Араб тили грамматикаси асосини сарф ва наҳв илмлари ташкил этади ва балоғат, фасоҳат каби илмлар уларни бойитади. ЎзР ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида турли соҳаларга оид манбалар жуда кўп бўлиб, араб тили сарф ва наҳв илмлари ҳам шу жумладандир.

Сарф илми араб тилининг энг муҳим бўлаги бўлиб, у тилнинг морфология бўлимини изоҳлайди. Сарф илмида калималар, уларнинг турлари, вазнлари, улардан турли иштиқоқлар олиш, иштиқоқларнинг маъно ўзгаришлари кабилар ҳамда феъллар, уларнинг турли замонларда тусланиши ва ўзгаришлари кабилар ўрганилади.

Қуйида ЎзР ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланаётган сарф илмига оид манбалар ҳақида маълумот берилади.

Фонддаги сарф илмига оид манбаларни икки турга  ажратиш мумкин.

1-тур: Кўп нусхали манбалар

2-тур: Кам нусхали манбалар

ЎзР ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондидаги сарф илмига оид қисқа тавсифи яратилган кўп нусхали манбалар жами ўн асар бўлиб, улар беш асар ва уларга ёзилган шарҳлардир:

  1. Жамолиддин абу Амр Усмон ибн Умар ибн Ҳожиб қаламига оид “Шофия фи-т-тасриф” асари. Ушбу муаллиф наҳв илмида илоҳий китоб деб таърифланган “Кофия фи-н-наҳв” асарининг ҳам муаллифидир. “Шофия” асари ҳам сарф илмида юқори ўринда турувчи манбалардандир. Фондда ушбу асарнинг тўққиз нусхаси мавжуд бўлиб, асарнинг ёзилган йили ҳақида маълумотлар йўқ. Аммо муаллифнинг вафот этган йили ҳижрий 646 йил эканлиги барча манбаларда кўрсатилган. Асар турли котиблар томонидан турли даврларда кўчирилган. 5317 инвентар рақамли манба котиб Мирходихўжа Бухорий томонидан настаълиқ ёзувида кўчирилган ва кўчирилган йили ҳақида маълумотлар йўқ. 4884/И инвентор рақамли манба Абдуллоҳ ибн Муҳаммадуллоҳ ҳури томонидан ҳижрий 735 милодий 1335 йилда насх ёзувида кўчирилган. “Шофия” нусхалари ичида энг тўлиғи 11694 инвентар рақамли манба бўлиб, у 182 варақдан иборат. Ҳижрий 836 милодий 1432 йили насх ёзувида ёзилган. Ушбу нусха “Шофия” нусхаларининг давр бўйича энг янгисидир. Энг тўлиқ нусха эса 6649/И инвентар рақамли манба бўлиб, 65 варақдан иборат, сулс ёзувида ёзилган. Асарнинг аввали ва охири суқутли, яъни тўлиқ эмас.  “Шофия” нусхаларининг тўрттаси настаълиқ (5317, 4144/И, 9267, 6452/ИХ), иккитаси насх (4884/И, 4072) ва биттаси эса сулс (6649/И) ёзувида ёзилган. “Шофия” нусхаларининг бештаси мажмуа асарлар бўлиб, қолганлари якка шаклдаги асарлардир.
  2. “Шофия” асарига ёзилган шарҳлар.

“Шофия” асарига ёзилган шарҳларнинг ўн тури фондда сақланмоқда. Ушбу шарҳларни ҳам ўз ўрнида уч турга ажратиш мумкин:

  1. Аҳмад ибн Ҳасан Жорбардий қаламида мансуб шарҳ. “Шофия” асарига ёзилган шарҳларнинг бештаси ушбу асар ҳиссасига тўғри келади. Асар турли котиблар томонидан турли даврларда кўчирилган. 9267/ИИ инвентар рақамли манба Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн ал-Бағдодий томонидан ҳижрий 778 йили насх хатида кўчирилган. 5821 инвентар рақамли манба эса Малик Аҳмад ибн Муҳаммад Ҳусайн томонидан ҳижрий 1018 йили настсълиқ хатида кўчирилган. Жорбордий шарҳлари ичида энг тўлиғи 9267/ИИ инвентар рақамли манба бўлиб, 204 варақдан иборат. Ушбу шарҳларнинг учтаси настаълиқ, биттаси эса насх ёзувида ёзилган. Улар ичида иккитаси мажмуа, қолганлари эса якка  асарлардир.
  2. “Шофия” асарига ёзилган шарҳларнинг яна бири Низомиддин Ҳасан ибн Муҳаммад Найсабурий қаламига мансуб. Ушбу асарнинг уч нусхаси фондда сақланмоқда. Улардан иккитаси якка, биттаси эса мажмуа шаклидаги асарлардир. 5826, 8065 инвентар рақамли манбалар насх хатида ёзилган. Асарнинг ёзилиш йили маълум эмас. Ҳар уччала нусха ҳам йирик ҳажмли бўлиб, 5826 инвентар рақамли манба 218, 8065 инвентар рақамлиси эса 145, 4850/ИВ инвентар рақамлиси эса 130 варақдан иборат.
  3. Саййид Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Ибн Аҳмад ал-Ҳусайний қаламига мансуб шарҳи Шофия икки нусхада бўлиб, иккиси ҳам настаълиқ ёзувида ёзилган ва якка шаклдаги асарлардир. 4618 инвентар рақамли нусха котиб Муҳаммад ибн Мустафо Паҳлавонзода томонидан ҳижрий 1061 йили кўчирилган. 176 варақдан иборат. Иккинчи нусханинг эса котиби номаълум бўлиб, 1260 йили кўчирилган, 149 варақдан иборат.
  4. Иброҳим ибн Аҳмад ал-Ваҳҳоб аз-Занжоний қаламига мансуб “Тасрифи Занжоний” асари бўлиб, фондда унинг ўттиз тўрт нусхаси сақланмоқда. Асарнинг ёзилган йили ҳақида ҳеч қандай маълумотлар йўқ. Фақатгина 8334/ХИИИ, 9558/ИИИ, 6614/ХВ инвентар рақамли нусхаларда муаллиф ҳижрий 655 йилда вафот этганлиги ҳақида маълумотлар бор. Асар нусхаларининг деярли барчаси нотамом ва нуқсонли эканлиги сабабли асар котиблари ҳақида ҳам маълумотлар кам учрайди. Саноқли нусхалардагина котибларининг исмлари келтирилган. 5213/В инвентар рақамли нусха котиб Саййид Лубобий, 6547/ХХВИИИ рақамлиси эса Мир Зокир томонидан кўчирилган. Асарнинг деярли барча нусхалари ҳижрий ХIII асрда кўчирилган. Асарнинг икки нусхасидан бошқа барча нусхалари настаълиқ хатида ёзилган. Асарнинг бир нусхасидан бошқа барчаси мажмуа шаклидадир. Айрим мажмуалар 25, ҳатто 28 асардан иборат. Ушбу асарнинг аксар нусхалари йирик мажмуалар ичида бўлганлиги сабабли асар жуда кичик ҳажмлидир. Унинг энг тўлиғи 11842/И инвентар рақамли манба бўлиб, 59 варақдан иборат. Унинг ҳам охири суқутли. 7185/В инвентар рақамли манба эса энг кичик ҳажмли бўлиб 4 варақдан иборат. Ҳижрий 1308 йили котиб Муҳаммад Карим ибн Муҳаммад Вафо томонидан кўчирилган.
  5. “Тасрифи Занжоний” асарига ёзилган шарҳлар.

Фондда ушбу шарҳларнинг ўн олти нусхаси сақланмоқда. Улардан ўн иккитаси Масъуд ибн Умар Тафтазоний қаламига мансуб. 8112/ИИИ ва 6539/ИИХ инвентар рақамли манбаларда асар ҳижрий 738 йили ёзилганлиги ҳақида маълумотлар бор. Асар нусхалари турли котиблар томонидан турли даврларда кўчирилган. Кўчирилиш йилига кўра энг қадимийси 8332/ИВ инвентар рақамли манба бўлиб, ҳижрий 996 йили настаълиқ хатида кўчирилган. Котиби номаълум. Энг янги нусха эса 7875/В инвентар рақамли манба бўлиб, котиб Муҳаммад Бўзўргхўжа томонидан  ҳижрий 1290 йили кўчирилган. 11692 ва 10356/ИВ инвентар рақамли манбалардан бошқалари настаълиқ хатида, бу иккиси эса насх хатида кўчирилган. Манбалар ичида 11692 инвентар рақамли манба энг тўлиғи бўлиб, 176 варақдан иборат, котиб Ғулом Расул томонидан кўчирилган. 7875/В инвентар рақамли манба эса энг кам ҳажмлиси бўлиб, 38 варақдан иборат.

Шунингдек, фондда “Тасрифи Занжоний” асарига ёзилган шарҳлардан Фатҳуллоҳ аш-Шаброний қаламига мансуб 5 варақдан иборат, настаълиқ хатида кўчирилган 2541/ИВ инвентар рақамли манба ҳам сақланмоқда.

10685/ВИИ инвентар рақамли манба эса Муҳаммад ибн Қосим ибн Юсуф ал-Ҳусайн қаламига мансуб, 24 варақдан иборат, форс тилида ёзилган шарҳи Занжоний ҳам сақланмоқда.

8730/ХВИ, 6848 инвентар рақамли шарҳларнинг муаллифлари номаълум.

5.Маҳмуд ибн Умар аз-Замахшарий қаламига мансуб “Тасарруфити Замахшарий” асарининг фондда етти нусхаси сақланмоқда. Асарнинг ёзилган йили номаълум. Етти нусханинг барчаси мажмуа шаклидаги асарлар бўлиб, настаълиқ хатида ёзилган. Котиблари ҳақида маълумотлар йўқ. 11743/ИИ инвентар рақамли манба ҳижрий 1254, милодий 1838, 11920/ИИ инвентар рақамлиси эса ҳижрий 1266, милодий 1849 йилларда кўчирилган. Асарнинг энг тўлиғи 11920/ИИ инвентар рақамли манба бўлиб, 64 варақдан иборат. Энг кам ҳажмлиси эса 12214/В инвентар рақамли манба бўлиб, 2 варақдан иборат.

  1. “Тасарруфити Замахшарий” асарига ёзилган шарҳлар.

“Сарфи Замахшарий”нинг фондда уч шарҳи бўлиб, барчасининг муаллифлари номаълум. Барча нусхалари мажмуа шаклида ва настаълиқ хатида ёзилган. 10685/ИВ инвентар рақамли манба ҳижрий 1296, милодий 1878 йили кўчирилган. Худди шу асардаги 10685/ВИ инвентар рақамли манба ҳам шарҳи Замахшарий бўлиб, уни Исматуллоҳ ибн Маҳмуд ал-Бухорий кўчирганлиги ҳақида  маълумотлар бор. 10514/И инвентар рақамли манба 37 варақдан, қолганлари эса 24 варақдан иборат.

  1. Муҳаммад ибн Аби Қосим ал-Маъзи қаламига мансуб “Ал-Маъзи фи-т-тасриф” асарининг фондда ўттиз тўққиз нусхаси сақланмоқда. Асарнинг ёзилган йили ҳақида маълумотлар йўқ. Асар турли котиблар томонидан турли даврларда кўчирилган. Энг қадимий нусхаси 6547/ХХИХ инвентар рақамли манба бўлиб, котиб Мирзогар ибн Миршариф томонидан ҳижрий 1213 йили настаълиқ хатида кўчирилган. Энг янги нусхаси эса 12147/Х инвентар рақамли манба бўлиб, ҳижрий 1312 йили настаълиқ хатида кўчирилган. Котиби номаълум. Асарнинг икки 6050/ИИИ ва 3276/ В инвентар рақамли нусхаларидан бошқалари настаълиқ хатида, бу иккиси эса насх хатида ёзилган. Асарнинг барча нусхалари мажмуа ичида бўлганлиги сабабли аксар қисми нотамом. Энг тўлиқ нусхаси 4081/ВИИ инвентар рақамли манба бўлиб, котиб Мирзо Ниёз Муҳаммад томонидан ҳижрий 1255 йили кўчирилган, 101 варақдан иборат. Энг кам ҳажмлиси эса 10470/В инвентар рақамли манба бўлиб, 2 варақдан иборат. Котиби номаълум. Асардан парча холос.
  2. “Ал-Маъзи фи-т-тасриф” асарига ёзилган шарҳлар.

Фондда  “Ал-Маъзи фи-т-тасриф” асарига ёзилган ўн учта шарҳ мавжуд бўлиб, улардан иккитаси Абдуллоҳ ибн Оқ Муҳаммад қаламига мансуб. 10535/ВИИ ва 10703/ИИИ инвентар рақамлари остида сақланади. Ҳар иккиси ҳам ҳижрий ХIII асрда настаълиқ хатида кўчирилган. Котиблари номаълум. 79 ва 69 варақдан иборат.

Шарҳларнинг учтаси эса “Рисолаи Ҳисомия” деб номланиб, 6930/ИВ, 9558/В ва 5669/ ИИИ инвентар рақамлари остида сақланади. Котиблари номаълум. Қолган шарҳларнинг эса муаллифлари номаълум.

  1. Аҳмад ибн Али ибн Масъуд қаламига мансуб “Мироҳ ул-Арвоҳ” асарининг фондда ўн нусхаси мавжуд. Ёзилган йили ҳақида маълумотлар йўқ. Энг қадимий нусхаси 7738/ИВ инвентар рақамли манба бўлиб, ҳижрий 1251 йилда настаълиқ хатида ёзилган. Энг янгиси эса 6481/ВИИ инвентар рақамли манба бўлиб, ҳижрий 1300 йилда настаълиқ хатида ёзилган. 8558 инвентар рақамли манбадан бошқа барчаси мажмуа шаклидадир. 8558 ва 6528/ ИИ инвентар рақамли манбалар насх хатида, қолганлари эса  настаълиқ хатида ёзилган. 4144/ИИ инвентар рақамли манба энг тўлиғи бўлиб, 62 варақдан иборат. 6452/Х  инвентар рақамли манба эса энг кам ҳажмлиси бўлиб, 5 варақдан иборат.
  2. “Мироҳ ул-Арвоҳ” асарига ёзилган шарҳлар.

Ушбу асарнинг бешта шарҳи фондда сақланмоқда. Улардан учтаси Аҳмад Дисқуз қаламига мансуб. Ёзилган йили, котиблари ва кўчирилган йили ҳақида маълумотлар йўқ. Ҳар уччаласи ҳам якка асарлардир. 11965 инвентар рақамли манба настаълиқ хатида ёзилган, 81 варақдан иборат. 10485 инвентар рақамлиси эса насх хатида ёзилган, 203 варақдан иборат. 10245 инвентар рақамлиси ҳам насх хатида ёзилган, 124 варақдан иборат.

4902 инвентар рақамли шарҳ эса Ҳасан пошо ибн Алоуддин қаламига мансуб бўлиб, настаълиқ хатида ёзилган, 109 варақдан иборат.

Қолган битта шарҳнинг муаллифи номаълум.

Фондда жами ўн битта кам нусхали асарлар мавжуд.

1.Алоуддин Аҳмад ал-Хўжандий қаламига мансуб “Ал-қисорий фи-т-тасриф” асари бўлиб, унинг икки нусхаси мавжуд.  13202/ИИ инвентар рақамли манба бўлиб, котиб Рашид ас-Самарқандий ҳижрий 730 йилда сулс хатида кўчирган. 5 варақдан иборат, охири йўқ.

10841/ХХ инвентар рақамли манба бўлиб, ҳижрий 1267 йилда настаълиқ хатида кўчирилган. 5 варақдан иборат.

  1. Юқоридаги асарнинг Аҳмад ибн Али Сижистоний қаламига мансуб шарҳи 8410 инвентар рақами остида сақланмоқда. Асар ҳижрий IХ асрга оид. Асар котиб Абдураззоқ ал-Марғиноний томонидан настаълиқ хатида кўчирилган. 56 варақдан иборат. Кўчирилган йили ҳақида маълумотлар йўқ.
  2. Абдулжалил ибн Маҳмуд ибн Муҳаммад Тофий қаламига мансуб “Жамеъ ул-масоил фи-т-тасриф” асари фондда 9223/И инвентар рақами остида бир нусхада сақланмоқда. Ҳижрий 1253 йили настаълиқ хатида кўчирилган. Котиби эса номаълум.
  3. Кам нусхали асарлардан яна бири “Қоваид ул-эълол” асари бўлиб муаллифи номаълум. Фондда асарнинг тўрт нусхаси мавжуд. Улар 6881/ИВ, 11599/В, 10380/ИХ ва 545/ХИ инвентар рақамлари остида сақланмоқда. Барча нусхалар настаълиқ хатида кўчирилган ва кам ҳажмли асарлардир. 2,3 ва 4 варақдан иборат.
  4. “Рисала фи баяни қоваиди-т-тасриф” асарининг ҳам фондда икки нусхаси мавжуд. Асарнинг муаллифи, котиблари, ёзилган ва кўчирилган йиллари ҳақида маълумотлар йўқ. Ҳар иккиси ҳам настаълиқ хатида ёзилган. 10685/ИИИ инвентар рақамли манба 5,10629/ИИИ инвентар рақамлиси эса 3 варақдан иборат.
  5. Абу Бакр Муҳаммад ибн Умар ибн Абдулазиз ал-Қуртубий қаламига мансуб “Ал афаъал ва тасрифуҳа” асари фондда бир нусхада 9642 инвентар рақами остида сақланмоқда. Асарнинг котиби, ёзилган ва кўчирилган йиллари ҳақида маълумотлар йўқ. Настаълиқ хатида ёзилган. 152 варақдан иборат.
  6. Муҳаммад Исматуллоҳ ибн Маҳмуд Неъматуллоҳ Бухорий қаламига мансуб “Шарҳи тасарруфот” асарининг бир нусхаси мавжуд бўлиб, у котиб Мавло Соқий томонидан ҳижрий 1081 йили кўчирилган. Асар 7572/ХХИИ инвентар рақами остида сақланмоқда. 30 варақдан иборат.
  7. 9905/И инвентар рақамли манба “Тағойюрот ва тасрифат ул-афъал ” деб номланиб, асарнинг котиби, ёзилган ва кўчирилган йиллари ҳақида маълумотлар йўқ. Асар 15 варақдан иборат бўлиб, настаълиқ хатида ёзилган. Асар араб ва форс тилларида ёзилган.
  8. Мир Сайид Шариф қаламига мансуб “Ат-таълилат фи-с-сарф ” асари 10025 инвентар рақами остида сақланмоқда. Асар ҳижрий 1293, милодий 1876 йили насх хатида кўчирилган. Асарнинг котиби номаълум бўлиб, 85 варақдан иборат. Асар араб ва форс тилларида ёзилган.
  9. Султон хўжа қаламига мансуб “Ҳаср ул-абваб фи-с-сарф” асари 3852/ВИ инвентар рақами остида сақланмоқда. Ҳижрий 1287 йил настаълиқ хатида кўчирилган. 3 варақдан иборат.
  10. “Шарҳи тасриф” асарининг икки нусхаси мавжуд бўлиб, муаллифи номаълум. 4166/ИВ инвентар рақамли манба ҳижрий 1268 йили настаълиқ хатида кўчирилган. 69 варағдан иборат.м 3056/ИИИ инвентар рақамлиси эса Бухорода ҳижрий 950 йилда ёзилган ва 955 йилда кўчирилган. Котиби номаълум. 30 варақдан иборат.

 

Хадичаи Кубро аёл қизлар ислом билим юрти
мударрисаси К. Абдувалиева

 

[1] Каримов И.А. Ўзбекистон ХХI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари // Каримов И.А. Ўзбекистон буюк келажак сари. – Тошкент:  Ўзбекистон, 1998. – Б. 524.

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan