Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Рамазон Раҳмат Ойидир!

Рамазон Раҳмат Ойидир!

Бизни инсон қилиб яратган ва имон гавҳарига мушарраф этган меҳрибон Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар бўлсин!

Оламларга раҳмат бўлиб келган севимли, мушфиқ пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга салоту саломлар йўллаймиз.

Муборак рамазон ойининг рўзаси Исломнинг беш шартидан бири бўлиб, пайғамбар юборилган ҳар бир умматга фарз қилинган. Қуръони Каримда: «Сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди» (Бақара сураси 183-оят), «Сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин» (Бақара сураси 185-оят) каби хитоблар билан рўзанинг фарзлиги собит бўлган ва фиқҳий асосларидан баҳс юритилган.

Ҳадиси қудсийлардан бирида: «Рўза мен учундир ва унинг мукофотини мен бераман» (Бухорий ривояти), – дейилади ва рўзанинг хос ибодат ҳамда улуғ савобга эга эканлигига ишора қилинади.

Диннинг устини намоз бўлса, жамиятники – закот, руҳники эса рўзадир. Рўза руҳ шифосидир.

Ҳар бир илоҳий амрда ўзига хос ҳикмат бор. Рўзанинг барча хусусияти ва ҳикмати ёлғиз Аллоҳга аён. Бир нарса аниқки, Рамазон – раҳмат ва мағфират ойи, ойларнинг султони ва энг улуғидир. Рўза жасадга ҳам, руҳга ҳам файз бағишлайди, уни қайта тирилтиради. Моддий ва маънавий зарарлардан муҳофаза этади.

Бошқа ойларга нисбатан бу ойда Аллоҳга яқинлашиш, улуғ ажру мукофотларга сазовор бўлиш имкониятлари кўпроқ. Қадр кечасиниг минг ойдан афзаллиги, бу кечада қилинган ибодатнинг ажри минг ойлик қилинган ибодатнинг савобидан ортиқлигини бир тасаввур қилиб кўринг! Бу ойда ихлос, самимият ила тавба қилсак, гуноҳларимиз кечирилади, дуолар қилсак, ижобат бўлади, иншааллоҳ! Ҳатто фаришталар ҳам бу ойда Аллоҳнинг махсус фармонини бажариш учун ерга тушадилар…

Қуръони Карим шу ойда нозил бўлди. Аллоҳнинг Расули Ислом динига даъватни шу ойдан бошлади. Шу ойдан бошлаб Ислом дини зафарга, куч-қувватга, нурга тўлаверди… Шунинг учун ҳам рамазон ойи ва рамазон рўзаси бутун уммат тарафидан буюк бир муҳаббат ва айрича ҳурмат билан эъзозланади.

Бу ойда ер юзининг турли тарафидаги мусулмонлар муштарак туйғу ва муштарак қарашлар билан бирлашадилар… Бир хил вақтда очиқадилар, чанқайдилар, жамоат бўлиб тартибли, эътиқодли ҳолатда Аллоҳга таслим бўладилар, муҳаббат намунасини кўрсатадилар. Яхшилик, хайру ҳасанот барчага баробар очилади. Аллоҳнинг афв ва мағфират хазинасидан ҳар бир мўъмин ўз улуш ва насибасини олишга ҳаракат қилади. Мўмин-мусулмонлар рўза давомида руҳларини сабр-қаноат, машаққат ва қийинчиликларда тоблайдилар, Аллоҳ берган неъматларнинг қадрига етиш ҳақида ўйлай бошлайдилар…

Шубҳасиз, рўза исломнинг бошқа аҳкомлари ва ибодатлари каби жамият ҳаёти ва тараққиётига ижобий таъсир кўрсатади. Хатми Қуръон, таровиҳ ва ифторликлар мусулмонларни янада жипслаштиради, уларда меҳр-оқибат, дину диёнат туйғуларини жунбушга келтиради.

Аммо ҳайф ва ёзиқлар бўлсин ул кишигаким, шу улуғ ойни писанд қилмасдан, рўза тутмасдан муборак рамазон ойининг савоби, файзу баракотидан маҳрум қолади!

Ушбу китоб муаллиф томонидан тадқиқот сифатида ёзилмаган. У турли жойларда, турли вақтларда маъруза қилинган суҳбатлардан таркиб топган. Шунинг учун ҳам баъзи ўринларда такрорий фикрлар учрайди. Қолаверса, китобхонларга илоҳий амр ва фармонни такрорлаб, уқтириб туриш фойдадан холи эмас.

Аллоҳ барчамизни рўза ибодатини мукаммал ва ихлос билан адо этадиган тақводор ва солиҳ бандаларидан айласин. Омин! Валҳамду лиллаҳи раббил оламин.

 

Махмуд Асьад Жўшоннинг «Рамазон ва тақво» китоби асосида

Тошкент вилояти Пискент тумани «Мулла Бўта Қози»
жоме масжиди имом хатиби Вохидов Мирсобит тайёрлади