Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ўзбек миллий анъана ва қадриятларининг ёшлар тарбиясидаги ўрни

Ўзбек миллий анъана ва қадриятларининг ёшлар тарбиясидаги ўрни

Ёшлар тарбияси ҳамма вақт ва ҳар қандай жамиятда муҳим аҳамият касб этган. Бунга маърифатпарвар адиб Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир” деган сўзлари мисол бўлади.

Ҳозирги шиддат билан ўтаётган давримизда ўзига хос ва мос миллий, диний қадриятларга асосланган халқимизнинг тарбия борасидаги азалий анъаналари “оммавий маданият”, миллий, диний қадриятларимизга ёт ғоя ва қарашлар таъсирида асл моҳиятини йўқотиб бораётгани барчамизни ташвишга солади. Шунинг учун ҳам тарбиявий масалаларга эътибор қаратмасак, эртага кеч бўлиши ва хунук оқибатларга олиб келиши мумкин.

Расулуллоҳ алайҳиссалом айтадилар: “Ким ўзини бирон қавмга ўхшатса, бас, у ўшалардандир” (Имом Ахмад ривояти).

Ушбу ҳадисда “Ким ўзини бирон қавмга ўхшатса” жумласини ким бирон қавмнинг кийиниши, юриш-туриши, ҳаёт тарзи ва бошқа урф-одатларига эргашса маъносида тушунсак бўлади.

Буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг:

Олдига қўйганни емак – ҳайвон иши,

Оғзига келганни демак – нодон иши.

Ҳазрати Навоийнинг мисраларида ҳар қандай нарсани миллий-диний қадриятларига тўғри келадими йўқми, кўр-кўрона амал қилиш ва тарғиб қилиш инсонийлик фазилатидан йироқдалиги айтилаётгандай.

Ўтмишга, бобо-бувиларимизнинг ҳаёт тарзига назар ташласак, оилада ўғил бола тарбияси бўйича алоҳида шуғуланилган. Ёшлигидан оиланинг суянчи, оила каттаси, опа-сингилларининг ҳимоячиси бўлишини, қолаверса, Ватаннинг таянчи ва ота-она орзу-ҳаваси эканини онгига сингдирилиб, шу асосда тарбия берилган.

Қизларимиз оиланинг шаъни, иқболи. Фарзандларининг тарбияси уларга боғлиқ. Шунинг учун бобо-бувиларимиз қизларимизга намунали ота-она, вафодор ёр ва иболи-ҳаёли қизлар бўлишларини кўзлаб тарбиялашган.

Ёшларимизни Она ватанга муҳаббат, миллий-диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида, юксак маънавиятли ва салоҳиятли қилиб тарбиялаш ҳар биримизнинг вазифамиздир.

Фарзандларимиз ўз ота-боболарига, тарихимиз, Ватанимиз, она тилимизга содиқ ва миллий қадриятларимизга, муқаддас динимиз анъаналарига амал қилгувчилардан бўлсин.

Пискент тумани бош имом-хатиби

Зайнилобиддинхон Қудратов

[carousel-horizontal-posts-content-slider]