Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Фиқҳ ва фатволар / Ҳаж ойлари, умра, мийқотлар (47-маъруза)

Ҳаж ойлари, умра, мийқотлар (47-маъруза)

Ҳаж ойлари Шаввол, Зулқаъда ва Зулҳижжанинг ўн кунидан иборат.
Аллоҳ таоло:

«Ҳаж маълум ойлардир», деган («Бақара» сураси, 197- оят).

Демак, ҳаж доим бўлавермас экан, уни адо этиш учун маълум вақт, маълум ойлар бор экан.
Ҳаж ойлари Шаввол ва Зулқаъда ойлари тўлиқ, Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунидир. Мана шу пайтда ҳажни ният қилиб эҳромга кирса, бўлади. Албатта, Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни, яъни, қурбон ҳайити куни бундан мустаснодир.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо:
«Ҳаж ойлари Шаввол ва Зулқаъда, Зулҳижжанинг ўн кунидир», деди».
Бухорий ривоят қилган.

Шаввол ойининг бошидан ҳажни ният қилса, бўлади. Ният қилиб, эҳром боғлаб бориб тавоф ва саъй қилиб, сўнгра эҳромдан чиқиб юраверса, ҳаж кунлари келганда яна эҳром боғлаб ибодатини давом эттираверади. Шунингдек, Зулқаъда ойида ва Зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни ҳам бўлади.

Ул ойлардан олдин ҳажнинг эхроми макрухдир.
Чунки, жуда ҳам олдин эҳромга кириб олган одам манъ қилинган нарсаларга амал қилиб ўзига ноқулайлик туғдириб олиши мумкин.

УМРА

Умра суннатдир. У тавоф ва саъйдан иборатдир. Умра йил давомида жоиздир. Арафа куни ва ундан кейинги тўрт кунда макрухдир.
«Умра» сўзи зиёрат маъносини англатади.
Ислом шариатида эса, Байтуллоҳнинг махсус зиёратига «умра» дейилади.
Ҳанафий мазҳаб уламолари умр давомида бир марта умра қилишни суннати муаккада дейишган.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони Каримда:

«Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун қилинг», деган («Бақара» сураси, 196-оят).

Ибн Абу Шайба Иброҳимдан, у Ибн Масъуддан ривоят қилади:
«Ҳаж фарз, умра ихтиёрий», – деди.
Умра улуғ савобларга эриштирадиган ибодатдир.
Ҳажнинг шартлари умрага ҳам шартдир.
У, тавоф ва саъйдан иборатдир.
Умра нияти билан эҳром боғлаган одамнинг тавоф қилиши руки, саъй қилиши вожибдир. Шунингдек, сочини олдириши ёки қисқартириши ҳам.
Умра йил давомида жоиздир.
Йил бўйи, қачон истаганда, умра қилса, бўлаверади.
Арафа куни ва ундан кейинги тўрт кунда макрухдир.
Чунки, ушбу беш кун ҳаж учун ажратилган кунлардир.
Оиша розияллоҳу анҳо ва Абдуллоҳ, ибн Аббос розияллоҳу анҳу мазкур кунларда умрани макруҳ кўришлари ривоят қилинган.

МИЙҚОТЛАР

Мадийналикнинг мийқоти Зул-хулайфа, ироқликники Зоту ирк, шомликники Жухфа, наждликники Карн ва яманликники Яламламдир.

Маккага киришни ният қилганлар учун эхромни мазкур мийкотлардан кейинга суриш ҳаромдир, олдиндан эхромга кириш ҳаром эмас. Мийқотнинг ичидаги ерлар аҳолисига Маккага эхромсиз кириш ҳалолдир. Маккадаги кишилар учун ҳажнинг мийкоти ҳарам- дир. Умраники Хилдир.
Эҳромга киришнинг тайинли вақти ва тайинли макони бор. Улар «мийқот» дейилади.
Ҳажнинг замон мийқоти Шаввол, Зулқаъда ойлари ҳамда Зулҳижжа ойининг биринчи ўн куни.
Макон мийкоти эса, турли диёр ҳожилари учун, уларнинг Маккаи Мукаррамага келиш йўлларига қараб, турли жойлардир. Яъни, макон мийқоти Маккаи Мукарраманинг атрофидаги махсус белгиланган чегарадир, деса бўлади.

Ҳаж ёки умра қилувчилар ўша ерларда эҳромга кирадилар. Агар бир одам мийқотдан ўтиб кетиб эҳромга кирса, қайтиб чиқиб мийқотдан эҳромга кириши лозим бўлади. Иложини топа олмаса, жонлиқ сўйиши вожиб бўлади.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом белгилаган мийқотлар бештадир:
Мадийналикнинг мийқоти Зул-хулайфа, ироқлик- ники Зоту ирк, шомликники Жухфа, наждликники Қарн ва яманликники Яламламдир.
1. Мадийнаи Мунаввара аҳлига ва ўша тарафдан келадиганларга Зул-Хулайфа деган макон. Ҳозир у ер «Обори Али» деб ҳам аталади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли Мадий- нага Зул-ҳулайфани, аҳли Шомга Жуҳфани, аҳли Нажд га Қорнул-манозилни ва аҳли Яманга Яламламни мий- қот қилдилар. Ўшалар у ерликларга ва ўша томондан келадиган улардан бошқа ҳаж ҳамда умрани ирода қилганларга мийқотдир. Ундан ичкарида бўлганлар қаердан жунаса ўша ерда эҳромга киради. Аҳли Макка Маккадан», – дедилар».
Икки Шайх ривоят қилишган.

2. Аҳли Ироқнинг мийқоти – Зоту ирқ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли Ироққа Зоту ирқни мийқот қилдилар».
Абу Довуд, Насаий ва Аҳмад ривоят қилишган.
3. Шом аҳли ва ўша тарафдан келадиганларнинг мийқотлари ал-Жуҳфа бўлиб у Робия деган жойга яқин. Хозир Робиндан эҳромга қирилади.
4. Нажд ва ўша тарафдагиларнинг мийқоти Қорнул Манозил номли жой.
5. Яман аҳлининг мийкоти Яламлам.

Ушбу мийқотлар Пайғамбаримиз алайҳиссалом белгилаб берган мийқотлардир. Ҳозирги кунда мазкур жойлар ва ўша жойларнинг рўбарўлари мийқотлардир.

Сув ва ҳаво йўли билан келаётган ҳожилар ғусл қилиб эҳром кийимларини учоққа чиқишдан аввал кийиб олишса ҳам, мийқотга яқинлашганда ният қилиб, талбия айтсалар, яхши бўлади. Баъзилар Жиддага келибоқ эҳромга кира бошлайдилар. Ваҳоланки, бундай қилиш асло жоиз эмас.
Маккаи Мукаррамага кириш нияти йўқ кишилар Жиддага эҳромсиз кирсалар, бўлади. Шунингдек, аввал Мадийнаи Мунавварага боришни ният қилганлар ҳам, яна мийқотдан қайтиб чиқишлари борлиги учун, Жиддага эҳромсиз киришлари мумкин.

Маккага киришни ният қилганлар учун эхромни мазкур мийкотлардан кейинга суриш ҳаромдир, олдиндан эхромга кириш ҳаром эмас.
Бунда ҳажни ёки умрани ният қилганми ёхуд қилмаганми, фарқи йўқ. Модомики, Маккага кирмоқчими, эҳромда бўлиши керак. Агар эҳромга кирмасдан, мийқотдан ўтиб кетса, бир жонлиқ сўйиш вожиб бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар ҳарами Маккийга доимо эҳром ила кирганлар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мийқотдан бирор киши зинҳор эҳромсиз ўтмасин. Қачон ҳалол ҳолида ўтса, қайтарилган ишни қилган бўлади», – дедилар».

Аммо Ҳарамнинг чегарасидан ичкарига кириш нияти йўқ бўлса, эҳромга кирмаса ҳам бўлаверади. Чунки, бу ҳолда мийкот билан Ҳарамнинг орасидаги аҳолининг ҳук- мига кириб қолади.
Аммо мийқотга етмасдан туриб эҳромга кириб олса, ҳечқиси йўқ.

Мийкотнинг ичидаги ерлар аҳолисига Маккага эхромсиз кириш ҳалолдир.
Мийкот билан Ҳарамнинг чегараси орасида анчагина ерлар бор. Мисол учун, ахли Мадийнани оладиган бўлсак, ЗулХулайфадан то Танъийм (Оиша онамизнинг масжидлари)гача бўлган ҳудуддаги ерлар мийқот ичи ҳисобланади. Ана ўша ҳудудда яшовчи кишилар Маккага ҳаж ёки умрани ният қилмасдан борсалар, эҳромга киришлари шарт эмас. Чунки, улар юзасидан Маккага кўп марта кириб-чиқиб туришларига тўғри келади. Бу эса, уларга қийинчилик туғдиради.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтинчиларга Маккага эҳромсиз киришга рухсат берганлари айтилади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу Маккадан чиқиб Мадийнага кетаётганларида ва Қадид номли ерга етганларида
Мадийнада фитна юз берганини эшитиб, ортларига қайтганлар ва Маккага эҳромсиз кирганлар.

МАЗКУР ЕРЛАР АҲОЛИСИНИНГ МИЙҚОТИ ҲИЛДИР.

«Ҳил» деганда мийқот билан Ҳарамнинг орасидаги ерлар тушунилади. Мазкур кишилар Ҳарамнинг чегарасидан эҳромсиз ўтишлари мумкин эмас. Аммо, ўз уйларидан эҳром боғлаб чиқсалар, афзал бўлади.

Маккадаги кишилар учун ҳажнинг мийқоти Ҳарамдир. Умраники Ҳилдир.
Макка шаҳрида яшаб турган ва шаҳарнинг ташқари- сида аммо Ҳарамнинг ичида яшовчи одамлар ҳаж қилмоқчи бўлсалар, турган жойларидан эҳром боғлайверадилар.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Минога юрганимизда турган еримиздан эҳромга киришимизни амр қилдилар. Бас, Абтоҳдан эҳром боғладик».
Муслим ривоят қилган.

Макка шаҳрида яшаб турган ва шаҳарнинг ташқарисида аммо Ҳарамнинг ичида яшовчи одамлар умра қилмоқчи бўлсалар, Ҳарамдан Ҳилга чиқиб эҳром боғлашлари шарт.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга видолашув ҳажида чиқдик. Бас, у зот: «Ким ҳаж ва умрани ният қилишни хоҳласа, ўшани қилсин. Ким ҳажни ният қилмоқчи бўлса, ўшани қилсин. Ким умрани ният қилмоқчи бўлса, ўшани қилсин», – дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳажни ният қилиб талбия айтдилар. Баъзи одамлар у зотга ўхшаш ният қилиб талбия айтишди. Баъзи одамлар иккисини ният қилиб талбия айтишди. Баъзи одамлар умрани ният қилиб талбия айтишди. Мен умрани ният қилиб талбия айтганлар ичида эдим.
Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким ўзи билан қурбонлик келтирган бўлса, ҳаж ва умрани ният қилиб талбия айтсин. Сўнгра уларнинг иккисидан баробар эҳромдан чиқмагунча эҳромдан чиқмайди», – дедилар.
Маккага келдим. Мен ҳайз кўрган ҳолда эдим. Байтни тавоф қилмадим. Сафо ва Марва орасида саъй ҳам қилмадим. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилдим. Бас, у зот:
«Сочингни ёзиб, тараб ол. Ҳажни ният қил. Умрани қўй», дедилар.
Ўшандоқ қилдим. Ҳажни тугатганимиздан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Абдурроҳман ибн Абу Бакр билан бирга Танъиймга юбордилар ва мен умра қилдим. Бас, у зот:
«Сенинг умрангнинг макони шудир», – дедилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Демак, ҳар бир умра қилмоқчи бўлган ҳожи аввал Танъийм деб аталган жойга чиқиши керак. Чунки, умраrа ният қилмоқчи бўлган киши Маккаи Мукаррамада, Харам ҳудудида бўлса, албатта, Ҳарамдан Ҳилга чиқиши зарур. Бусиз умра бўлмайди. Зотан, умранинг луғавий маъноси зиёратдир. Зиёратни турган жойида қилинмайди, балки бошқа тарафдан юриб келиб қилинади. Танъийм эса Харамнинг энг яқин чегарасидир. У ерни ҳозирда «Саййида Оиша масжиди» ҳам дейилади.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига биноан акалари Абдурроҳман ибн Абу Бакр билан бирга Танъиймга бориб умрага эҳром боғлаганлари шарафига ўша ерга мазкур ном берилган.
Ҳеч ким, ҳеч қачон, Маккада турган жойидан эҳром боғлаб умра қилса бўлаверади, деган эмас ва бундай дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи ҳам йўқ.

Manba Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf hazratlarining kifoya 2-qism

[carousel-horizontal-posts-content-slider]