Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Қурбон ҳайити – меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат ифодаси

Қурбон ҳайити – меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат ифодаси

  Мустақиллик  шарофати ила Ватанимизда миллий ва диний қадриятлар қайта тикланди, мўмин-мусулмонларнинг орзу-умидлари ушалди, Рамазон ва Қурбон ҳайити  умумхалқ байрами сифатида эълон қилингани халқимизни беҳад қувонтиради.Бунинг учун доимо шукрона келтириб, Яратганнинг: «Агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман…», деган марҳаматига ҳамоҳанг яшашимиз лозим.

  Қурбон ҳайити сўнгги йилларда мамлакатимизда кўтаринки руҳда, юқори савияда ўтказилмоқда. Чунончи, мана шу айём арафасида муҳтарам Президентимизнинг алоҳида қарорлари қабул қилиниб, байрамни кенг нишонлаш вазифлари белгилаб берилади.

   Бу улуғ байрам кунлари кўнгилларимиз равшан, кайфиятларимиз чоғ, нигоҳларимиз муқаддас Каъбага қараган. Яратганнинг фазлу карамидан умидвор ҳолда ҳайит намозини адо этганимиздан сўнг қурбонлик амалини бажаришга киришилади.

    Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифда марҳамат қилиб: «Қурбонлик қилиш чиройли амаллардандир. У бандани дунёда балолардан ва охиратдаги офатлардан озод этади. Ҳайит намозини ўқиб, қурбонлик сўйган мўминлар менинг умматимдандир», деганлар (Имом Муслим ривояти).

  Қурбонлик – савоби улуғ ибодат. Иброҳим алайҳиссалом давридан бери ҳар йили бутун Ислом оламида ушбу ибодат кенг нишонлаб келинади. Бу ибодат «Бас, Раббингиз учун (беш вақт ёки Қурбон ҳайити учун) намоз ўқинг ва (жонлиқ) сўйиб қурбонлик қилинг!» (Кавсар сураси, 2-)ояти каримаси билан Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шариатига ҳам жорий этилган.

   Набий алайҳиссалом: “Кимки хурсандчилик билан савоб умидида қурбонлик қилса, қурбонлик у учун дўзахдан парда бўлади” (Имом Табароний ривояти), деб марҳамат қилганлар.

   Ҳайит хурсандчилик байрамидир. Ушбу байрамда ота-она ва фарзандларга совға улашиб, уларни қувонтириш, кексаларни, заиф ва бетобларни зиёрат қилиш, уларга ҳадя бериб қалбларига сурур бағишлаш динимиз тарғиб қилган амаллардандир.
Ҳайит куни динимизда рухсат этилган, кўнгилни кўтарадиган барча ишларни қилиш билан қалбга ором бериш керак.

Баъзи жойларда ҳайит кунлари исрофгарчиликка сабаб бўладиган турли маросимлар ўтказиш ёмон анъанага айланиб қолган. Бу шариатимизда йўқ. Яқинлари вафот этган хонадонлардаги, никоҳ тўйлари ўтган оилалардаги “янги ҳайит”, “ҳайит йўқлови” каби маросимлар бидъатдан бошқа нарса эмас. Ҳайит кунидаги исрофгарчиликлар, хурсандчилик байрамини аза ва йиғи-сиғига айлантиришлар мусулмонларга муносиб эмас. Унга кетадиган маблағларни ва неъматларни муҳтожларга, фақир-мискинларга, етим-есир, бева-бечораларга тарқатишдан хайрлироқ иш бўлмаса керак!

  Ҳайит байрами кунида қариндош-уруғларни бориб кўриш, ёру биродарларни зиёрат қилиш, бева-бечоралар ҳолидан хабар олиш каби ишлар ушбу кунда савоби улуғ амаллардан ҳисобланади. Бирор сабабга кўра аразлашган, гина-кудуратли таниш-билишлар ҳам ҳудди шу муборак улуғ кунларда бир-бирларига қучоқ очсалар, ўзаро узр сўрасалар мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки кечиримли ва меҳр-шафқатли бўлиш ҳар бир мусулмон учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

   Ушбу ҳайит кунларида  давлатимиз раҳнамолигида юртимиз равнақи, диёримизнинг осойишталиги, халқ фаровонлиги йўлида олиб борилаётган барча хайрли ишларда Яратганнинг ўзи мададкор бўлишини сўраб қоламиз. 
    Халқимизга хос меҳр-мурувват,бағрикенглик ва саховат ифодаси бўлиб келган Қурбон ҳайити барчамизга муборак бўлсин! 

Янгийўл тумани «Имом Султон» жоме масжиди
 имом хатиби Одилжон Нарзуллаев

[carousel-horizontal-posts-content-slider]