Сўнгра уни битказибичига Ўз (мулкидаги) руҳидан киритдиСизлар учун қулоқ, кўз ва юракларни пайдо қилди. (Бу неъматлар учун) шукрни эса, кам қилурсиз.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / АЁЛЛАР ИСЛОМ НИГОҲИДА

АЁЛЛАР ИСЛОМ НИГОҲИДА

Тарихий маълумотларга кўра, Исломдан аввалги самовий дин вакиллари аёллар ҳақида кўп баҳс юритишган ва аёллар эркакларга хизмат қилиш учун яратилган, деган фикрга келишган. Хусусан, арабларда аёлларга муносабат жуда ҳам ёмон бўлган. Оилада қиз фарзанд туғилишини иснод деб билиб, уни тириклайин кўмиш ҳоллари ҳам бўлган.

Ҳаммамиз биламизки, оилада эркак кишининг ўрни, ҳурмати ўзгача ва оила боши сифатида мавқеи баланд, лекин ҳар қандай забардаст эркакни ҳам, ҳатто пайғамбарларни ҳам Она дунёга келтиргандир.

Ҳар бир инсон учун энг азиз мўътабар ва улуғ зот унинг онасидир. Бинобарин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Энг аввало кимга яхшилик қилай?” – деб сўралганда: “Онангга, онангга, яна онангга, кейин отангга”, – деб жавоб берганлар. Мазкур ҳадиси шарифдан маълум бўладики, фарзанд зиммасида онанинг ҳаққи отаникига нисбатан уч баробар кўпроқдир. Шу сабабдан ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннат оналар оёғи остидадир”, – деб марҳамат қилганлар. Бу эса, фарзанд ўз онасининг ҳурматини жойига қўйиб, унинг барча эҳтиёжларини қондириб, дуосин олса, унинг келажаги порлоқ деганидир.

Ватанимиз мустақилликка эришган илк кунлардан бошлаб хотин-қизлар, она-бола ва ёш оилаларга катта эътибор берила бошланди. Ёш авлод соғлом ўсиши, оналар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида шароитлар яратилди. Келгусида она бўладиган қизларимиз руҳан ва жисмонан бақувват бўлиб улғайишлари, муносиб авлод бўлишлари йўлида бебаҳо қадриятларимизни ҳаётга татбиқ этиш изчил давом этмоқда.

Яна эътироф этиш керакки, Ўзбекистон аёлларни эҳтиром қилиш, уларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, саломатликларига қайғуриш борасида хар қандай мамлакатга ибрат бўла оладиган давлатдир!.

Аёлларимиз моҳир уй бекаси, жонкуяр она бўлишлари билан бир қаторда, юртимиздаги ижтимоий, маданий ва сиёсий жабҳаларда эркаклар билан тенгма-тенг туриб, фидокорона меҳнат қилишмоқда. Биз уларни, аввало, аёл сифатида, қолаверса, фидоий меҳнаткаш сифатида ардоқламоғимиз лозим!

Аллоҳ таолодан оила, фарзанд ва жамият олдида катта масъулият соҳиби бўлган барча хотин-қизларимизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик беришини ва икки дунё саодатига мушарраф этишини сўраб қоламиз!

Қуйи Чирчиқ туман бош имом-хатибининг хотин қизлар
масалалари бўйича ёрдамчиси Абдурахманова Назира