Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Икки куни бир хил ўтган зарардадир

Икки куни бир хил ўтган зарардадир

Англияда биринчи синфдан то университетнинг сўнгги босқичигача бўлган даврда ўқувчи ва талабаларнинг дарс китобларида 71 мингдан кўп сўз қўлланилар экан. Бу кўрсаткич Японияда 42 минг, Италияда 30 мингдан ортиқроқ, Туркияда эса 7–10 минг орасида экан.

Одатда, бошланғич синф ўқувчилари “навбатчи сўзлар”ни кўп ишлатадилар: “Яхшимисиз?”, “келдим-кетдим”, “кўрдим”, “ўқидим”, “жавоб қайтаролмадим”, “ёздим-чиздим”, “раҳмат”, “соғ бўлинг”, “хайр” ва ҳоказо. Худди шу сўзларни университетнинг юқори босқич талабалари ҳам қўллайдилар.

Бу нимадан дарак? Бу сўз бойлигимиз камлигидан, китоб ўқимаслгимиздан дарак. Ҳатто кўрган-кечирганларимиз воқеа-ҳодисаларни ҳам эплаб айтиб бера олмаймиз. Нега? Чунки мутолаадан йироқлашиб кетдик.

Электрон китоблар бор-ку. Болалар шуларни ўқияптилар-да, дейишингиз мумкин. Лекин барибир анъанавий китобнинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди. Таниқли ёзувчи Назар Эшонқул айтмоқчи: “Дўконга бориб китобни танлаб олиб, уни ҳидлаб-ҳидлаб, тагига чизиб ўқишнинг завқи бўлакча”.

9 синфда ўқийдиган ўғлимнинг телеграмда “Синфдошлар гуруҳи” бор экан. Яқинда ўғлимга: «Ўзингнинг номингдан гуруҳингга ёз-чи: Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романини ким тўлиқ ўқиб чиққан экан?» дедим. Орадан икки кун ўтгач, ўғлим телефонини кўрсатди. Мазкур романни 20 кишидан бор-йўғи 3 ўқувчи тўлиқ ўқиган, 3 ўқувчи эса “Ўтган кунлар”ни қўлига олган-у, бироқ тили оғирлик қилгани боис ташлаб қўйганини ёзибди. Айримлар эса Абдулла Қодирий ким-у, унинг романи нима ҳақда эканини ҳам айтиб беролмабди.

Хўш, нега биз китоб ўқимай қўйдик?

Нима учун оила бошлиқлари – ота-оналар, бобо-бувилар оила даврасида фарзандларига, набираларига аждодларимизнинг дурдона асарларидан парчалар айтиб беришмаяпти?

Нега болаларимизга: “Фалон китобни тўлиқ ўқиб чиқиб, мазмун-моҳиятини айтиб берсанг, ҳафта охирида сен айтган жойда ҳордиқ чиқарамиз ёки сенинг танловингга кўра фалон кафега борамиз” деб уларни мутолаага қизиқтирмаймиз? 

Нега жадидчи маърифатпарвар боболаримиз ёзган китобларни бугун фақат мутахассисларгина ўқиб тушуняпти?

Нима учун бугун Алишер Навоийнинг асарларини ўқисак, уйқумиз келади?

Шу саволларни зиёли тенгқурларимга бериб кўрдим. Улар: “Аждодларимиз асарларининг тили оғир. Шу боис кўпчилик уларни тушунишга қийналади”; “Бугун ахборот асри. Турли гаджетлар оммалашиб кетди. Ёшлар шулар билан андармон бўлиб қолди”; “Оила даврасида китоб ўқилмай қўйди. Қуш уясида кўрганини қилади-да”; “Ота-онанинг қўлидан телефон тушмагандан кейин фарзанддан нимани ҳам кутиш мумкин?” каби жавоблар бўлди.

Тижорат ёки бошқа иш билан шуғулланадиган танишларимнинг жавобларини эшитиб, очиғи, афсусландим. Уларнинг айримлари: “Китоб нима ҳам берарди?” деган хунук жавобни айтишди.

Шу ўринда Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Ориповнинг кунчиқар юрт – Япониядан қайтгач, сафар таассуротлари ҳақида айтган гапи эсимга тушди: “Японияда ҳатто тиланчиларнинг ҳам қўлларидан китоб/газета тушмас экан”.

Бир танишим айтиб берганди, у 2016 йил Англияга борибди. Денгиз бўйлаб саёҳат қилиш асносида кема бошқарувчиси билан танишиб қолиб, ундан:

– Шекспирни ўқийсизларми? – деб сўрабди (биласиз, Уильям Шекспир 1616 йили вафот этган, яъни 400 йил олдин). Кема бошқарувчиси танишимга жиддий қараб:

  •  Бизда Шекспир асарларини ўқимаган киши зиёли ҳисобламайди, – деб жавоб берибди. Шунда танишим унга:
  •  Сиз суҳбат асносида оилангиз ҳақида ҳам гапира туриб, қизингиз университетга тайёрланаётганини айтдингиз. У ҳам Шекспир асарларини ўқийдими? – деб сўрабди.

Кема бошқарувчиси дарҳол қўлсоатига қараб:

– Айни пайтда қизим Шекспир инглизчасини ўрганяпти. Бунинг учун махсус ўқитувчи ҳам ёллаганман, – дебди…

Эътибор беринг-а, англиялик бир киши 4 аср олдин вафот этган бир адиб асарларини фарзандларига ўргатяпти. Бизда-чи: қайси биримиз болаларимизга ҳар куни Алишер Навоий асарларидан, оз-оз бўлса-да, ўқитяпмиз. Қай бир ўзбек хонадонида сериал кўрилмай, унинг ўрнига Аҳмад Яссавий, Бобораҳим Машраб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Сўфи Оллоёр асарлари мутолаа қилиняпти? Телеофн, гаджетларни бир четга суриб, Абдулла Қодирий, Абдулла Авлоний, Абдулҳамид Чўлпон, Маҳмудхўжа Беҳбудий каби маърифатпарвар боболаримизнинг китобларини қўлдан қўймай ўқиётган мутолаа шайдолари борми?

Бир инглиз ўз фарзандига асарларида 20 минг сўз ишлатган Уильям Шекспир китобларини тинмасдан ўргатар экан, нега биз  такрорсиз 75 минг сўз қўллаган Навоийнинг, 22 минг калима ишлатган Ойбекнинг, 22 минг сўздан истифода қилган Абдулла Қаҳҳор китобларини ўқимаслигимиз керак?!

Алишер Навоий бундан салкам беш ярим аср аввал шам ёруғида патқалам билан “Хамса”, “Хазойинул маоний”, “Назмул жавоҳир”, “Маҳбубул қулуб”, “Сирожул муслимин”, “Муншаот”,  “Насойимул муҳаббат”, “Девони Фоний”, “Лисонут тайр”, “Муҳокаматул луғатайн” каби йирик асарларни битган. Биз эса ахборот технологиялари ривожланган бугунги глобаллашув даврида у зотнинг китобларини ўқиб чиқишга улгурмаяпмиз.

Беш юз йил олдин яшаган Навоий ҳазратни, бир аср нари-берисида вафот этган боболаримизни-ку қўя турайлик, 20 йил олдин омонатини топширган Шукур Холмирзаевни бугун ўқиётганлар борми? 10 йил олдин боқий дунёга риҳлат қилган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг китобларини-чи?!

Дунё бўйича энг кўп китоб ўқийдиган халқ ҳиндлар экан. Улар ҳафтасига 10,7 соат,  Таиланд аҳолиси 9,4 соат; хитойликлар 8 соат; мисрликлар 7,5 соат; руслар 7,1 соат мутолаа билан банд бўлишаркан.

Хўш, биз-чи? Кеча неча бет китоб ўқидик, бугун қанча ўқиймиз?

Китоб ўқимаган одам маънавий жиҳатдан қашшоқлашиб бораверади. Охири у юқорида келтирилганидек (Аллоҳ асрасин!): “Китоб нима ҳам берарди?” деган гапни айтишдан ҳам тап тортмайди.

Бугун фарзандларимизга Имом Қатода раҳимаҳуллоҳнинг бир туя китобни ёд олганини, Имом Шаъбийнинг: “Оқ нарсага ёзилган ҳар бир нарсани ёд олдим”, деган сўзини, Ашраф Али Таҳонавийнинг қисқа умри давомида бир ярим минг китоб ёзганини, Ибн Рушд умри давомида икки кеча: уйланган ва отаси вафот этган кеча китоб ўқий олмаганини бот-бот эслатиб туришимиз зарур. Шунда улар китобга ошно бўладилар.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўради ва у зотдан: «“Ё Расулуллоҳ, менга насиҳат қилинг”, дейди. Набий алайҳиссалом: “Кимнинг икки куни бир хил ўтса, у зарардадир. Кимнинг эртаси бугунидан ёмон бўлса, у лаънатлангандир. Ким ўз камчиликларини тузатиб бормаса, у таназзулга учрайди. Ким таназзулга учраса, унинг учун ўлим яхшироқдир”, дедилар» (“Ҳилятул авлиё”).

Хулоса қилиб айтганда, илдизидан узилган дарахтнинг қуриши муқаррар бўлгани сингари китоб мутолаасидан узоқлашган, Қодирийларни, Авлонийларни, Беҳбудийларни, Сўфи Оллоёрни, Алишер Навоийни, Аҳмад Яссавийни, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий асарларини ўқимаган, ҳадисларни билмаган, Қуръони карим сураларини ёд олмаган кишининг ҳам таназзулга юз тутиши турган гап. Шундай экан, китоб ўқийлик, китоб, Китоб…

Толибжон НИЗОМ

[carousel-horizontal-posts-content-slider]