Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Пиротехника – умр заволи

Пиротехника – умр заволи

ёхуд бир лаҳзалик қувонч – бир умрлик кулфат

Инсонларга озор бериш ва уларни қўрқитишдан динимиз қайтаради. Пиротехник воситаларининг асло фойдаси йўқ, аксинча, зарари бор. Қанчадан-қанча ёш болалар пиротехника воситалари сабабли мажруҳ бўлиб қолган. Қолаверса, бу нарсада кўплаб мусулмонларга озор бериш бор.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонларни бошқаларга озор ва азият беришдан қайтариб: «Мўмин ва мўминаларга, улар бирор нарса қилмасалар ҳам, озор берадиганлар, батаҳқиқ, ўз устларига бўҳтон ва очиқ ойдин гуноҳни олибдилар», деб марҳамат қилади (Аҳзоб сураси, 58-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонни қўрқитиш мусулмонга ҳалол эмас”, деб таъкидлаганлар.

Қонуний тақиқларга қарамай, бундай маҳсулотларни сотишга уринаётганларнинг ягона дарди – пул ишлаш. Ўйинқароқ болалару ўсмирлар эса пиротехниканинг ўзи ва ён-атрофдагиларга зиёнидан етарлича хабардор эмас. Пиротехника портлаганини эшитган кексалар ёки бемор кишиларнинг аҳволи анча оғирлашгани, айрим ҳолларда эса ўлим билан тугагани кўпчиликка маълум. Энг ачинарлиси бундай хатти-ҳаракатдан айниқса беморлар, ҳомиладор аёллар ва кексалар кўп азият чекади. Кўзни қувонтириб, дилларга қайғу ва дардни солишда давом этаётган пиротехника воситаларининг савдоси ва улардан фойдаланиш ҳолатлари ҳали-ҳамон давом этиб, юзлаб норасидаларнинг ҳаётига зомин бўлмоқда.

Шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги даврда  янги атамалар пайдо бўлмоқда. Шулардан бири авлодлар назарияси тушунчаси ва ундаги “Z” авлод вакилларидир. Мутахассислар янги “Z” авлод вакилларини ғайриоддий иқтидорли, махсус фалсафий дунёқарашга эга, ижодкор ва “қўлида гаджетлар билан туғилган”лар, дея таърифламоқда. Шундан келиб чиқиб, пақилдоқларни пақиллатишни суратга ва тасвирга олиб интернет ва ижтимоий тармоқларга жойлаётган юртдошларимизга шуни таъкидлаймизки, сизнинг бу  ҳаракатингиз миллатимизнинг энг умидли, замонавий тилда айтганда “Z” авлоди тарбияси ва ахлоқига мутлақо салбий таъсир кўрсатмоқда!

Пиротехника буюмларини сотиб олиш – исроф! Молни зое қилиш, исроф қилиш, беҳуда кетказиш Аллоҳ таолонинг ғазабини келтиради.

Пиротехника воситалари савдоси билан шуғулланувчилар бунинг оқибатида содир бўлган гуноҳга ҳам шерикдир. Катта даромад илинжида юрган баъзи нопок кимсалар ҳаёт учун хавфли бўлган пиротехника воситаларини мактаб ўқувчиларига пулламоқчи бўлаяптилар. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш ҳар бир фуқаронинг бурчи. 

Мутахассисларнинг фикрига кўра, пиротехника воситалари ёнганида нафақат қўл ва кўз куйиши мумкин, балки қулоқ пардаси ёрилиши, юз соҳасида тиртиқ қолиши каби хавфи ҳам бор. Одатда пиротехника воситаларидан фойдалангандан сўнг ҳавода қоладиган нохуш ҳид, яъни порох ёки шунга ўхшаш кимёвий бирикмалар ҳиди марказий нерв системасига жиддий таъсир кўрсатиб, ақлий фаолият бузилишига олиб келиши кузатилган.

Пиротехника воситаларидан фойдаланиш орқали содир бўлиши мумкин бўлган турли бахтсиз ходисаларнинг олдини олишда барча ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қаторида ҳар бир ота-она, маҳалла, таълим муассасалари мутасаддилари бирдек масъулдирлар. Нафақат жамиятимизда балки бутун дунё аҳолисининг саломатлиги-ю хавфсизлигига раҳна солувчи манба сифатида қаратилган ушбу пиротехника воситаларидан фойдаланаётган ҳар бир киши, аввало, ҳаракатлари хато эканлигини ва оқибати фақат ўзининг ҳаётига эмас, балки ўзгаларнинг хавфсизлигига ҳам бевосита дахлдор эканлигини асло унутмаслиги лозим!                                                        

Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,

Янгийўл тумани “Қирсадақ’’ жоме масжиди имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]