Аллоҳ таоло бандаларни ўзига иймон келтиришга ва солиҳ амаллар қилишга буюрган. Шунга кўра, ким иймон келтириб, солиҳ амаллар қиладиган бўлса, жаннатга кириши ҳақида Қуръони каримнинг жуда кўп жойида зикр қилинган. Жумладан, Бақара сурасида бундай дейилган: «Ва иймон келтириб, яхши амалларни қилганлар, ана ўшалар жаннат эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар” (Бақара сураси, 82-оят).
Яна бошқа оятда эса: «Иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларни, албатта, остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритамиз. Унда абадий қолурлар. Унда уларга покиза жуфтлар бор. Ва уларни қуюқ сояларга киритамиз» (Нисо сураси, 57-оят), деб марҳамат қилинган.
Шунингдек, Ҳаж сурасининг 14-оятида: «Албатта, иймон келтириб, яхши амалларни қилганларни Аллоҳ остиларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритади. Албатта, Аллоҳ ирода этган нарсани қилади», дейилган.
Инсоннинг жаннатга киришига сабаб бўладиган амаллар жуда кўп. Ҳадисларда “Аҳаббул аъмаали илаллооҳи”, яъни “Аллоҳга энг суюкли бўлган амаллар” деган ном билан баъзи солиҳ амаллар зикр қилинган.
Қуйида уларнинг баъзиларини баён қиламиз:
1. Оз бўлса-да, давомли амал. Бу ҳақда ҳадисда бундай дейилган: «Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. У айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси амаллар Аллоҳга маҳбуброқдир?” – деб сўралдилар. У зот: “Оз бўлсада давомлироғи”, дедилар-да: “Амаллардан тоқатингиз етадиганини зиммангизга олинглар”, баён этдилар» (Имом Бухорий ривояти).
2. Аллоҳ йўлида яхши кўриш ва Аллоҳ йўлида ёмон кўриш.
Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши айтади: «Бизнинг олдимизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб келдилар ва: “Биласизларми, қайси амаллар Аллоҳ азза ва жаллага энг маҳбуброқдир?” –дедилар. Бир киши: “Намоз ва закот”, деди. Яна бир киши: “Жиҳод”, деди. У зот: “Албатта, Аллоҳ азза ва жаллага амалларнинг энг маҳбуброғи Аллоҳ йўлида яхши кўриш ва Аллоҳ йўлида ёмон кўриш”, дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).
3. Мусулмонга хурсандчилик келтириш.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. У киши айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таолога фарзлардан кейинги энг севимли амаллардан мусулмонга хурсандчилик келтиришдир”, дедилар» (Имом Табароний “ал-Муъжамул кабийр”да ривоят қилган).
4. Аллоҳнинг зикрида бардавом бўлиш.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Қайси амаллар Аллоҳга маҳбуброқдир”, деб сўрадим. У зот: “Тилинг Аллоҳнинг зикрида нам бўлган ҳолда вафот этишинг”,дедилар» (Имом Табароний “ал-Муъжамул кабийр”да ривоят қилган).
5. Мискинга таом бериш, қарзини узиш, қайғусини аритиш.
Ҳакам ибн Умайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ азза ва жаллага амалларнинг энг маҳбуби ким мискинни очликдан таомлантирса ёки унинг қарзини тўлаб берса ёки ундан қайғусини аритса (мана шудир)”,дедилар (Имом Табароний “ал-Муъжамул кабийр”да ривоят қилган).
Хулоса қилиб айтганда, жаннатга киришга сабаб бўлган амаллар жуда кўп. Юқоридаги ҳадисларда Аллоҳга маҳбуб бўлган амаллар баён қилинди. Ким бу солиҳ амалларни чин ихлос билан холис Аллоҳ учун қилса, иншоаллоҳ, бу амаллар унинг жаннатга киришига сабаб бўлади.
Шокиржон МАДАМИНОВ,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги