10 декабрь – Ўзбекистон Республикаси мадҳияси қабул қилинган кун
Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи тимсоллардир. Ўзбекистоннинг давлат рамзлари ҳалқимизнинг шон-шарафи, тарихий ҳотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, шу юртда яшовчи ҳар бир фуқарога ғурур, фахр-ифтихор бағишлайди. Улар маънавиятнинг энг муҳим тимсолларидир. Шу боис мадҳиямиз янграганда биз руҳан жўшқинликни, азму шижоатимиз ошганини қалбимизда ғурур ва буюк истиқболга ишонч туйғусини ҳис этамиз.
Ўзбекистон давлат мадҳияси янграганда, “Серқуёш” сўзи жаранглаши билан бутун вужудимизда ажиб энтикиш, дилимизда чексиз ифтихор туйғусини ҳис этамиз. Чунки унда юртимиз таровати, буюк келажак барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган халқимизнинг орзу-интилишлари, Ўзбекистонимизнинг жаҳон ҳамжамиятида тобора юксалиб бораётган обрў-эътибори, ҳеч кимдан кам бўлмай, келажакка қатъий ишонч билан интилаётган ёшларимизнинг азму шижоати акс этган.
Мадҳияда халқимизнинг эзгу орзу-умидлари, келажакка мустаҳкам ишончи теран ифодаланган. Унда мардона ва шарафларга бой ўтмишимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғулар тараннум этилган.
Ўзбекистон Республикаси мадҳияси ёшларда Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, миллий ўзлигимизга чуқур ҳурматни шакллантиришда, фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол ва етук инсонлар бўлиб вояга етишида муҳим тарбиявий восита бўлиб ҳизмат қилмоқда.
Миллий мадҳиямизнинг муаззам садолари давлатимиз Раҳбарининг турли мамлакатларга расмий ташрифлари чоғида, Ўзбекистонга келган хорижий мамлакатларнинг раҳбарларини кутиб олиш маросимларида, йирик ҳалқаро анжуманлар, спорт мусобақаларида ва спортчиларимизнинг халқаро мусобақаларида энг баланд шоҳсупага кўтарилган пайтида баралла янграмоқда.
Юксак ватанпарварлик туйғусини мужассам этган мадҳиямиз бугун таълим масканларида ёш авлоднинг Ватанга муҳаббат руҳида камол топишига хизмат қилмоқда. Энди ҳарф таний бошлаган жажжи фарзандларимиз миллатимизнинг бош қўшиғини куйлай бошлаганида севинчдан ҳаяжонга тушамиз.
Бундай лаҳзаларда халқ ва Ватан улуғланган қўшиқ инсонлар қалбига юксак ва беғубор туйғуларни жо этишга, бу ёруғ оламни янада мунаввар кўрсатадиган илоҳий мўъжиза эканига яна бир бор амин бўламиз. Юртнинг энг улуғ қўшиғини эъзозлаш, ёд олиш ва баралла куйлаш ҳар бир юртдошимизнинг бурчидир.
Истиқлолимизни, юртимизнинг куч-қудрати, халқимизнинг ақл-заковати, аждодларимизнинг шон-шуҳрати ва авлодларимизнинг ёруғ келажагини шарафловчи бу тарона асрлар оша баралла янграйверсин.
Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,
Янгийўл тумани «Қирсадақ» жоме масжиди имом хатиби

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги