Бизнинг қадимий ва саховатли заминимизда кўп асрлар давомида турли миллат ва элат, маданият ва дин вакиллари тинч-тотув яшаб келган. Меҳмондўстлик, эзгулик, қалб саховати ва том маънодаги бағрикенглик бизнинг халқимизга доимо хос бўлган ва унинг менталитети асосини ташкил этади.
Ш.Мирзиёев
Динлараро бағрикенглик ғояси хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир замин, бир ватанда, олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади. Дунёдаги динларнинг барчаси эзгулик ғояларига асосланади, у ҳалоллик, тинчлик, яхшилик ва дўстлик каби бир қанча эзгу фазилатларга таянади. Инсонларни ҳалоллик ва поклик, меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва бағрикенгликка даъват этади.
Юртимизда қадимдан турли эътиқодга мансуб миллат ва элат вакиллари истиқомат қилиб келишган. 130 дан зиёд миллат фарзандларининг ҳур ва озод диёрда, тинчлик ва осойишталик кайфиятида яшашлари ватанимизнинг бағрикенглик ўлкаси эканлигининг ёрқин намунасидир.
Конституциямизнинг 18-моддасида: “Ўзбекистон Республикасада барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”, деб қайд этилган.
Буни нафақат жамиятнинг ҳар бир фуқароси ҳис қилмоқда, айни пайтда жаҳон ҳамжамияти ҳам эътироф этмоқда. Минг йиллар мобайнида Марказий Осиё ғоят хилма-хил динлар, маданиятлар ва турмуш тарзлари туташган ва тинч-тотув яшаган марказ бўлиб келган. Этник сабр-тоқат, бағрикенглик ҳаёт бўронларидан омон қолиш ва ривожланиш учун зарур табиий меъёрларга айланди. Ҳатто бу ҳудудларни босиб олганлар ҳам Марказий Осиё халқларининг маданияти олдида бош эгибгина қолмай, унинг бебаҳо урф-одатларини, шу ҳудудда мавжуд бўлган давлатчилик анъаналарини авайлаб қабул қилганлар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда мусулмонларни ўзларига тажовуз қилиб, уруш очмаган ўзга дин вакилларига яхшилик қилишга қизиқтириб, бундай марҳамат қилади: «Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севади» (Мумтаҳана сураси, 8-оят).
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бошқа дин вакилларига нисбатан бағрикенг бўлиш, уларнинг эътиқодини ҳурмат қилиш, ҳақларига риоя этишнинг олий намунасини кўрсатибгина қолмай, умматни ҳамиша ана шу йўлдан боришга даъват қилганлар. Набий алайҳиссалом: “Халқнинг барчаси Аллоҳнинг измидадир. Уларнинг Аллоҳга маҳбуброғи аҳлига наф берувчироғидир”, деганлар(Имом Баззор ривояти).
Ислом бошқа дин вакилларининг тирикларини ҳурмат қилиш билан чекланиб қолмади, уларнинг ўликларини ҳам эҳтиром қилди. “Саҳиҳи Бухорий”да Жобир розияллоҳу анҳудан қуйидаги воқеа ривоят қилинади: «Бир куни олдимиздан бир жаноза ўтди. Шунда Набий алайҳиссалом бу жаноза учун ўрниларидан турдилар ва биз ҳам (у зотга эргашиб) ўрнимиздан турдик. Биз: “Ё Расулуллоҳ, бу яҳудийнинг жанозаси-ку”, дедик. Шунда у зот: “Қачон жанозани кўрсангиз, ўрнингиздан туринг!” дедилар».
Пайғамбаримизнинг аҳли китобдан қўшнилари бўлган. Улар билан яхши қўшничилик қилар, ҳадя бериб, улардан қабул этар эдилар. Ҳабашистон насронийларининг вакиллари келганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни масжидга тушириб, ўзлари зиёфат бериб, хизмат қилдилар. У зот шу куни бундай деганлар: “Булар асҳобимизга икромли эдилар, мен ўзим уларни икром этмоқни хуш кўраман”.
Соҳибқирон Амир Темур тузукларида: “Менинг қўлостимдаги қирқ аймоқ хаммасини тенг кўрдим. Барлосни татардан, татарни наймандан, наймани юздан устун қўймадим. Барча муваффақиятларим гарови шундадир”, деган.
Инсонни, аввало, инсонлиги учун ҳурмат ва эҳтиром қилиш башариятнинг кўп минг йиллик тарихидан мерос бўлиб келаётган олижаноб фазилатларнинг энг муҳимларидан бири ҳисобланган – бағрикенглик, ўзаро тотувлик, динлараро ҳамжиҳатлик тамойиллари асосида фаолият олиб борган инсон давримизнинг ҳам, муқаддас динимизнинг ҳам талабларини бажарган бўлади.
Ҳар бир инсон, бутун жамият ўзаро муносабатларни халқларнинг турли-туман урф одатлари, маданияти ва қадриятларини тан олган ҳолда бағрикенглик асосига қуриши зарур. Зеро, тинч-тотувлик, бағрикенглик тараққиёт гаровидир.
Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,
Янгийўл тумани “Имом Султон” жоме масжиди имом-хатиби

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги