Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / УСТОЗ – ҚАЛБ МЕЪМОРИ

УСТОЗ – ҚАЛБ МЕЪМОРИ

Юртимизда ҳар йили 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни кенг нишонланади. Албатта, бу байрам устозларга бўлган ҳурматнинг рамзий ифодасидир. Бу ёруғ оламда онадек меҳрибон, отадек ғамхўр, ҳар биримиз учун азиз ва мўътабар бўлган улуғ зот – бу муаллим ва мурраббийлардир.

   Илм руҳнинг озуқасидир. Инсоният илм билан Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. Илм ўргатувчи устозлар бежизга «пайғамбарларнинг меросхўрлари» деб эъзозланмаганлар. Қуръони каримда ўзи эгаллаган илмни бошқаларга ўргатган устозларнинг шаъни-шарафи нақадар улуғлиги ҳақида бундай марҳамат қилинади:

“…Аллоҳ Сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни баланд даража (мартаба)ларга кўтарур” (Мужодала сураси, 11-оят).

  Илму маърифат зиёсини тарқатиш савобли амал бўлиб, бу вазифага мутасадди бўлган кишининг даражаси ҳам мислсиздир. Шунинг учун борлиқдаги ҳамма нарса устознинг ҳаққига дуо қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бундай марҳамат қилганлар: «Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, ҳатто ковагидаги чумоли ва хаттоки балиқгача одамларга яхшиликни  таълим берувчига саловот айтадилар» (Имом Термизий ривояти).

  Устоз ва мураббийлар жамиятнинг бинокорлари, онгу тафаккур муҳандислари ва маърифат боғининг боғбонларидир. Устоз ва муаллим ҳаёт бўстонидаги ниҳолнинг бақувват дарахтга айланиши учун беқиёс меҳнат қилади. Шунинг учун ҳам унинг шогирдидаги ҳаққи бениҳоя катта ва улуғдир. Устоз шогирдини ўз фарзандидек яхши кўради. Зимистон дунёсини илм қуёшининг мўъжизакор зиёси билан мунаввар этади. Сабр ва меҳр билан парваришлайди. Дунёю охиратда улуғлик, манфаат ва нажот келтирадиган йўлга йўллайди.

Устозлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдуздирлар, улар туфайли одамлар тўғри йўлни топадилар, уларнинг шарофати билан жаҳолат зулматларидан омонлик қирғоғига етишадилар. Бинобарин, устозу муаллимларни рисоладагидек ҳурматламай туриб, ҳақларини муносиб равишда адо қилмай туриб, фарзандларимиздан эл-юрт, жамият, қолаверса, бутун дунё учун фойдаси тегадиган етук шахслар, олиму зиёли, шифокору муҳандис, ходиму тадбиркор каби кишилик жамиятига фойдаси тегадиган керакли ва фидойи инсонларни кутиш мумкин эмас.

Устоз отадек улуғ. Зеро, ота фарзандини юқори оламдан ерга тушишига сабаб бўлган бўлса, устоз унинг ердан юқорига кўтарилишига хизмат қилади. Шу боис мусулмон халқи қадимдан устоз ва мураббийларга ҳурмат кўрсатиб келган. Чунки фарзандларининг камолотга етиб, дунёю охират саодатига эришишлари учун устознинг ўрни беназир эканлигини яхши англаган.

Муҳаддислар султони Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ бир муддат Маккаи мукаррамада дарс берганлар. Бир зиёратчи Имом ҳазратларига Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб келтиради. Шунда Имом Бухорий зиёратчининг устозлар юртидан келганини билиб, уни қучоқ очиб кутиб олганлар ва чексиз эҳтиром кўрсатиб меҳмон қилганлар. Ундан салом хабарини эшитганларида Бухорои шариф томонга юзланиб, саломга алик олганлар ва табаррукона мактубни икки қўллаб олиб, эҳтиром билан танишиб чиққанлар.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан бундай деганлари ривоят қилинади: «Устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. (Нафақат у) Балки, кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман».

Устоз деганда фақатгина диний билимларни таълим берган кишиларни эмас, балки ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс назарда тутилишини ҳам унутмаслигимиз лозим. Чунки муқаддас динимиз ‒ Исломда илмлар диний, дунёвийга ажратилмайди. Балки фойдали ва фойдасизга тақсимланади. Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади.

Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,
Янгийўл тумани “Қирсадақ” жоме масжиди имом–хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]