Аллоҳ таоло барча махлуқотлар ичида инсонни энг азиз, мукаррам, мукаммал ва афзал қилиб яратди. Инсонга берилган ҳаёт, умр – энг катта омонат. Инсон бу омонатга хиёнат қилса, ўзини ҳалокат домига ташлаган бўлади. Бу эса Аллоҳ таолонинг иродасига зид амал бўлиб, у қаттиқ қоралангандир.
Инсонга умрни Аллоҳ таоло ато қилди, уни фақат Ўзигина олишга ҳақлидир. Демак, инсоннинг жони унга омонат бўлиб, уни қандай хоҳласа, шундай тасарруф этишга ҳаққи йўқ. Зеро, жоннинг эгаси Аллоҳдир. Ўз жонига қасд қилган инсон ўзиники бўлмаган нарсага тажовуз қилган бўлади. Жоннинг ҳурмати буюкдир. Унинг омонати ҳам масъулиятлидир.
Ўз жонига суиқасд қилиш шаръан ҳаром ҳисобланади. Шариатда ўз жонига қасд қилишга изн берадиган бирор далил йўқ. Худкуш ўзига зулм қилиш баробарида Аллоҳ берган омонатга хиёнат ҳам қилган бўлади.
Аллоҳ таоло Ўз каломида қуйидагича марҳамат қилади: «Шунингдек, ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир», (Нисо сураси 29-оят).
Оятдаги “ўзларингизни ўлдирмангиз” жумласидан мусулмонлар бир-бирлари билан урушиб, бир-бирларини ўлдирмасликлари лозимлиги, қолаверса, инсон ўз жонига қасд қилиши ҳаромлиги келиб чиқади.
Яна бир оятда Аллоҳ таоло: «…ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” дея марҳамат қилади. Демак, инсон нафақат ўз жонига қасд қилиши, балки ўз жисмига зарар етказадиган бирор иш қилиши ҳам мумкин эмас экан.
Ислом динида бировни ўлдириш қанчалик гуноҳ бўлса, ўзини ўзи ўлдириш ҳам шунчалик оғир маъсият саналади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси муборакда ўз-ўзини ўлдириш – худкушлик ҳаром эканлиги, бундай ишни қилганлар учун охиратда қаттиқ азоблар борлиги ҳақида айттганлар. “Ким тоғдан ўзини ташлаб, жонига қасд қилса, у жаҳаннам оловида абадулабад ўзини пастга ташлайди. Ким заҳар ичиб жонига қасд қилса, у қўлида заҳарини тутиб, жаҳаннам оловида абадулабад ўзини заҳарлайди. Ким ўзини темир билан ўлдирса, у қўлида темирини тутиб, жаҳаннам оловида абадулабад у билан ўзини уради” (Муттафақун алайҳ).
Жундаб ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳу ривоят қилади Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизлардан илгари ўтганлардан бир киши жароҳатланди. Бесабрлик қилиб пичоқ олди-да, қўл (томири)ни кесиб ташлади ва кўп ўтмай, қон йўқотиб вафот этди. Аллоҳ: “Бандам жонига қасд этди, унга жаннатни ҳаром қилдим”, деди» (Муттафақун алайҳ).
Энг ачинарлиси, ўз-ўзини турли йўллар билан ўлдириш – худкушлик ҳозирги вақтда баъзи бир мутаассиб тоифалар орасида одат тусига айланиб қолмоқда.
Дунёда рўй бераётган ҳодисаларни, танасига портловчи моддаларни боғлаб, жамоат жойларида ўзларини портлатиб юбораётган кимсалар тўғрисида эшитяпмиз. Бундай аянчли ҳолатни “шаҳидлик мақоми” деб баҳолаётган кишилар ана шу мудҳиш жиноятларнинг сабабчиларидир. Ҳолбуки, ўз-ўзини ўлдириш – худкушлик шаҳидлик эмас, балки жаҳолат ва қабоҳатдир. Ўзларини портлатаётган кимсалар гуноҳи азимга қўл урмоқдалар, қанчадан-қанча одамларнинг ўлимига, болаларнинг етим қолишига, ота-оналарнинг фарзанд доғида куйишларига сабабчи бўлмоқдалар.
Хулоса шуки, улар мақсадларини амалга ошириш учун диний илми етарли бўлмаган, ғўр ёшлар онгига ўз ғояларини сингдириш йўлида барча имкониятлардан, шу жумладан, интернет сайтларидан фойдаланмоқдалар. Ёшларимизнинг мана шундай қора ниятли кишиларнинг таъсир доирасига тушиб қолмасликлари учун ҳар бир ота-она ўз фарзандига, устоз ўз шогирдига, ёши улуғ отахонлар маҳалладаги ўғил-қизларга ҳамиша кўз-қулоқ бўлиб, гўзал тарбия берган ҳолда насиҳат қилишлари лозим. Зеро, Набий алайҳисалом айтганларидек “Дин – насиҳатдир”.
Обиджон МИРҲАМИДОВ, Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги