Замонамизда айрим мусулмонлар Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг макони бор, деб эътиқод қилишга ўтдилар. Улар “Аллоҳ осмонда!”, “Аллоҳ тепамизда!”, “Аллоҳ Аршда макон тутган!”, деганга ўхшаш фикрлари билан мусулмонларнинг эътиқодига путур етказмоқдалар. Улар ўзларининг бу фикрларига оят ёки ҳадисларнинг зоҳирий маъносини далил қилишади. Ҳолбуки, бу маънодаги оят ва ҳадисларни Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг ўз мўҳкам ояти: ليس كمثله شئ – “Лайса ка-мислиҳи шайъун!” (“Унга (Аллоҳга) ҳеч нарса ўхшаш эмас!” (Шўро, 11) сабабли таъвил қилиш вожиб бўлади. Яъни, мана шу оятга кўра Аллоҳ таоло ҳеч нарсага ўхшамагани учун уни маконда, бирор бир томонда дейиш ҳам мумкин эмас. Чунки, маконда бўлиш ёки бирор томонда бўлиш яралмишлар ва жисмлар хусусияти бўлиб, Аллоҳ таоло бу хусусиятдан покдир, беҳожатдир. Шунинг учун ҳам, аҳли суннат ва жамоатнинг ҳаққоний уламолари, соф исломий ақидадан оғишмаган олимлар: “Аллоҳнинг макони йўқ! Аллоҳ таоло бирор бир томонда, масалан, осмонда эмас!”, деган эътиқодда бўлиш лозимлигини уқтириб келганлар.
Чунки, маконни ва томонни Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг ўзи яратган. Шунинг учун, “Аллоҳ осмонда”, “Аллоҳ тепамизда”, “Аллоҳ Аршда макон тутган”, деганга ўхшаш фикрлар куфрга олиб бориши ақидавий манбаларда зикр қилинган. Гарчи биз бундай дегувчиларни бирданига кофир дея олмасак-да, бироқ, уларнинг ўзлари қуйидаги иқтибосларни ўқиб, огоҳ бўлиб, Парвардигори оламнинг берган тавфиқ ва имон неъматининг қадрига етиб, куфрга тушиб қолишдан қаттиқ хавф қилмоқлари лозим бўлади.
Бу ҳақидаги уламоларнинг фикрлари билан бирма-бир танишсак:
Таниқли шофеъий мазҳаби олими Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ Аллоҳга жиҳат-томонни айтишнинг куфр эканлигига анъанавий тўрт мазҳаб мужтаҳидлари иттифоқ қилганларини қайд қилганлар:
و اعلم أن القرافى و غيره حكوا عن الشافعى و مالك و أحمد و أبى حنيفة رضى الله عنهم القول بكفر القائلين بالجهة و التجسيم و هم حقيقون بذلك
“Билгинки, Имом ал-Қарофий раҳимаҳуллоҳ ва бошқалар Имом аш-Шофеъий, Имом Молик, Имом Аҳмад ва Абу Ҳанифа разийаллоҳу анҳумдан Аллоҳ таолога нисбатан жиҳат ва жисмни айтувчиларнинг куфри ҳақидаги гапни нақл қилганлар. Улур бу борада ҳақдирлар!” (“ал-Минҳож ал-қавим”, 1/224).
Мавлоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Мирқот ал-мафотиҳ” асарларида бундай деганлар:
بل قال جمع منهم أى من السلف و من الخلف إن معتقد الجهة كافر كما صرح به العراقى و قال إنه قول لأبى حنيفة و مالك و الشافعى و الأشعرى و الباقلانى
“Балки, уламоларнинг ҳаммаси тўпланиб айтишган, яъни олдинги ва кейинги давр уламолари жиҳатни эътиқод қилувчи, (яъни, Аллоҳ таолони бирор жиҳат ва томонда дегувчи) кофир деганлар. Чунончи, бу ҳақида Имом ал-Ироқий раҳимаҳуллоҳ очиқ-ойдин ёзиб қолдирганлар. Унинг айтишича, бу Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом аш-Шофиъий, Имом ал-Ашъарий ва Имом ал-Боқилоний раҳматуллоҳи алайҳим кабиларнинг гапларидир!” (“Мирқот ал-мафотиҳ”, 3/300).
Аллома Зоҳид ал-Кавсарий раҳимаҳуллоҳ ҳам тўрт мазҳаб имомларининг кимки Аллоҳ таолони бирор жиҳат – томонда деб эътиқод қилса, кофир бўлишини айтганларини мазкур “Шарҳ ал-Мишкот”дан нақл қилганлар (“Мақолот ал-Кавсарий”, 1/321).
Мужтаҳид имомимиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ “ал-Фиқҳ ал-абсат” асарларида бундай деганлар:
من قال لا أعرف ربى فى السماء او فى الأرض فقد كفر و كذا من قال إنه على العرش و لا أدرى العرش أفى السماء او فى الأرض
“Кимки “Раббимни осмонда ёки ерда эканини танимайман!”, деса кофир бўлади. Кимки “Уни Аршдадир, Аршнинг эса осмонда ёки ерда эканини билмайман!”, деса ҳам худди шундай” (“Мажмуату масоили Абу Ҳанифа”, 12-бет).
Мазкур гапда Аллоҳ субҳонаҳу ва таолони маконда деб эътиқод қилишнинг куфрга олиб бориши таъкидланган. Яъни, Аллоҳнинг осмондамикин ёки ердамикин, деган хаёлнинг ўзиёқ куфрга сабаб бўлиб қолиши мумкин. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг бу гапларини Камолиддин ал-Баёзий ал-Ҳанафий раҳимаҳуллоҳ “Ишорот ал-маром” асарларида бундай изоҳлаганлар:
لكونه قائلا باختصاص البارئ بجهة و حيّز و كل ما هو مختصّ بالجهة و الحيّز فإنه محتاج محدث بالضرورة فهو قول بالنقص الصريح فى حقه تعالى
“Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг гапларининг сабаби – Аллоҳ таолони жиҳатга, чегарага ҳамда жиҳат ва чегара билан хосланадиган ҳар қандай нарсага хослаб айтувчининг шундай бўлиши назаридандир. Чунки, жиҳат ва чегара заруратдан янги пайдо бўлган нарсага муҳтож бўлади. Бу гап эса (Аллоҳ осмондамикин, ердамикин, деган гап) Аллоҳ таолонинг ҳаққида очиқ-ойдин нуқсондир” (“Ишорот ал-маром”, 1/200).
Муҳаммад Қовақчи ал-Ҳанафий раҳимаҳуллоҳ “ал-Эътимод фи-л-эътиқод” асарларида Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг гапларини бундай изоҳлаганлар:
و من قال لا أعرف الله فى السماء هو ام فى الأرض كفر لأنه جعل أحدهما له مكانا
“Кимки “Аллоҳни осмонда ёки ерда эканлигини танимайман!”, деса, кофир бўлади. Чунки, у булардан биттасини Аллоҳга макон деб билмоқда” (“ал-Эътимод фи-л-эътиқод”, 1/5).
Абулмуин ан-Насафий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Табсират ал-адилла” асарларида бундай деганлар:
و الله تعالى نفى المماثلة بين ذاته و بين غيره من الأشياء فيكون القول بإثبات المكان له ردا لهذا النص المحكم اى قوله تعالى ليس كمثله شئ الذى لا إحتمال فيه لوجه ما سوى ظاهره و راد النص كافر عصمنا الله عن ذلك
“Аллоҳ таоло ўз зоти билан бошқа нарсалар орасида ўхшатувни инкор қилди. Демак, Аллоҳга маконни исбот қилиш, яъни макони бор дейиш ушбу мўъкам далилни рад қилган бўлади. У далил Аллоҳ таолонинг: “У ҳеч нарсага ўхшамас!” деган мазмундаги оятида бор. Унда зоҳиридан бошқа томонга бурадиган бирорта маъно ва эҳтимол йўқ. Бу далилни рад қилувчи эса кофирдир. Аллоҳ таоло бизни ана шундан асрасин!” (“Табсират ал-адилла”, 1/169).
Мавлоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ “Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар”да бундай деганлар:
فمن أظلم ممن كذب على الله او ادعى إدعاءً معينا مشتملا على إثبات المكان و الهيئة و الجهة من مقابلة و ثبوت مسافة و أمثال تلك الحالة فيصير كافرا لا محالة
“Бас, кимки Аллоҳ таолога ёлғон тўқиб зулм қилса, ёки макон, ҳайъат, жиҳат, юзма-юз туриш, масофани собит қилиш каби ҳолатларни қамраб олган муайян даъвони иддиъо қилса, иложсиз у кофирга айланади” (“Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар”, 1/215).
“Фатовойи Ҳиндия” номи билан шуҳрат қозонган, Ҳиндистон уламолари томонидан битилган “Фатовойи Оламгирия” номли фатволар тўпламида бундай дейилган:
يكفر بإثبات المكان لله تعالى فلو قال از خدا هيچ مكان خالى نيست يكفر و لو قال الله تعالى فى السماء فإن قصد به حكاية ما جاء فيه ظاهرُ الأخبار لا يكفر و إن أراد به المكان يكفر و إن لم تكن له نيّة يكفر عند الأكثر و هو الأصحّ و عليه الفتوى
“Аллоҳ таолога маконни исбот қилиш билан кофир бўлади. Бас, агар “Худодан ҳеч бир макон холи эмас!”, деса кофир бўлади. Агар “Аллоҳ таоло осмонда!”, деса-ю, агар бу гапидан фақат хабарларнинг зоҳирида келтирилган гапни ҳикоя қилишни қасд қилса, кофир бўлмайди. Агар ушбу гапи билан маконни назарда тутса, кофир бўлади! Агар ҳеч қандай нияти бўлмаса, аксар уламолар фикрича кофир бўлади. У энг саҳиҳ гапдир, унга фатво берилган!” (“Фатовойи оламгирия”, 2/259).
Мазкур “Фатовойи оламгирия”даги фатво барча мўъмин-мусулмонларни огоҳликка чорлайди. Бу “Аллоҳ осмонда!” деган гапдан жуда эҳтиёт бўлиш кераклигини билдиради.

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги