Тарбия
Камтарлик динимизда эъзозланган, даъват қилган фазилат. Барча даврларда, ҳамма юртлар ва халқларда камтарлик улуғланган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Ер юзида кибру ҳаво ила юрма! Албатта, сен зинҳор ерни тешиб юбора олмайсан ва бўйда тоғларга ета олмайсан!» (Исро сураси, 37-оят).
Набий алайҳиссалом бундай дедилар: “Ким одамлар унинг учун тик туришларини яхши кўрса, бас, ундай одам дўзахдан ўз ўрнини тайёрлайверсин” (Имом Термизий ривояти).
Жалолиддин Румий айтади: “Агар бахт-саодат истасанг, ғурур, манманликдан йироқ бўл, ҳикматли сўзларни сокинлик билан тингла, такаббурлик, адоват, гиначиликдан ҳазар қил. Қайғу-аламлар сенга ҳужум этса, бу ҳужумларга ўз адабсизлигинг сабабдир”.
Ғурур, такаббурлик эса маломат қилинган. Чунки кибр инсонни бошқалар назаридан қолдиради, уни қадрсизлантиради ва ҳалок қилади.
Камтарликнинг қоидалари бор. Ҳамиша тавозели бўлиш керак. Улуғлар айтадиларки, ожизлик, заифлик юзасидан эгилиш камтарлик саналмайди. Чунки кучсиз одамнинг синиқлиги табиийдир. Лекин қувватга тўлиб, ҳар қандай ишга қодир бўлган кишининг камтарликни одат тутиши, тавозели бўлиши қийин. Демак, айни шу ҳолда Аллоҳ учун камтарликни лозим тутиш фазилат ҳисобланади.
Камтарликнинг намоён бўлиш шакллари турлича. Ахлоқда камтарликнинг кўриниши шуки, инсон каттанинг ҳурматини, кичикнинг иззатини, тенгдошнинг қийматини унутмайди.
Мол-дунёдаги камтарлик шуки, инсон нақадар бойиб кетмасин, ҳашаматдан ўзини сақлайди. Уй-жой қуришда, улов минишда, кийинишда бошқалардан устунлигини зинҳор кўз-кўзламайди. Аксинча, меъёрни ушлайди ва бойлигини эҳсонга, фойдали ишларга йўналтиради.
Камтарликнинг фойдалари кўп. Аввало, инсонни Аллоҳ ҳузурида улуғлайди. Одамлар орасида азиз қилади. Ҳаётда тўлис бахтли бўлишига сабабдир. Кибр эса Аллоҳнинг лаънатини келтиради, жаннатдан маҳрум қилади. Инсонларнинг қарғишига дучор айлаб, жамиятда қадрсизлантиради.
Яқин ўтмишда бир киши катта лавозимга тайинланибди. Унга хизмат машинаси берилибди. Ўша пайтда одамларнинг яшаш тарзи бугунгидан содда. Қаҳрамонимизнинг отаси ўғлига машинасини маҳаллага олиб кирмасликни, пиёда уйга келишини тайинлайди. Ота тарбиясини олган бу инсон ҳар куни тонгда бир километр пиёда юриб маҳалладан ўтар экан. Ишдан қайтишда ҳам шу ҳол такрорланар экан. Йўл-йўлакай оддий одамлар билан суҳбатлашар экан. Бу эса уни кибрдан сақлаши билан бирга камтарлик ҳам бахш этибди.
Ёзувчимиз Абдулла Қодирий қўшниларнинг болаларида велосипед йўқлиги, уларнинг бу матоҳни сотиб олишга қурби етмагани учун ўз ўғлига велосипед олиб бермаган экан.
Аллоҳ таоло барчамизга чинакам камтарлик насиб этсин. Кибр офатидан сақласин.
Абдул Ҳамид МАЛИКОВ,
“Пискент” жоме масжиди имом–хатиби

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги