Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ОНА ФАЗИЛАТИ

ОНА ФАЗИЛАТИ

Ҳидоят ёғдуси

Арабларда: “Ҳар бир буюк шахс ортида она бор”, деган мақол бор. Дарҳақиқат, она шундай зотки, фарзандига бор бисотини нисор айлайди. Бутун борлиғи билан меҳр кўрсатади, мурувват қилади. Шу боис у энг мўътабар зотдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саламнинг ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, гўзал муомала-муносатбатда бўлишимга энг ҳақли инсон ким?» деб сўра.и. У зот: “Онанг”, деб жавоб бердилар. “Кейин-чи?” деган эди, яна: “Онанг”, дедилар. “Кейин-чи?” деган эди, яна: “Онанг”, дедилар. “Кейин-чи?” деганида, “Отанг” дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салам онага яхшилик қилишга уч бора буюриб, кейин отага яхшилик қилишга иршод этдилар. Чунки фарзанд ўстиришда она кўпроқ қийинчиликни бошидан ўтказади ва отага қараганда меҳрибонроқ бўлади.

Муовия ибн Жоҳима айтадилар: «(Отам) Жоҳима Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам ҳузурларига келиб: “Мен ғазот қилмоқчиман, сиздан маслаҳат сўрагани келдим”, деган эди, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Онанг ҳаётми?” деб сўрадилар. У: “Ҳа”, деди. “Бориб онангни лозим тут (хизматида бўл). Зеро, жаннат онанг оёғи остидадир”, дедилар» (Имом Ҳоким ривояти).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу айтади: «Бир аёл: “Ё Расулуллоҳ, ўғлимга қорним жой, бағрим бошпана, кўкрагим эса суғорадиган меш бўлган эди. Энди отаси уни тортиб олмоқчи”, деди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Модомики, никоҳланмас – бошқа эрга тегмас экансан, сен унга ҳақлироқсан”, дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Хола она мақомидадир», деганлар (Имом Бухорий ривояти). Яъни, холага ҳам яхшилик, хайр-эҳсон, ҳурмат кўрсатиш лозим.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо елкасига онасини кўтариб Каъбани тавоф қилдираётган кишини кўрди. У киши: “Эй Ибн Умар, мен онамнинг ҳақини адо қила олдимми?” деб сўраган эди, у зот: “Бир тўлғоғи ҳақини ҳам адо эта олмадинг. Бироқ яхши иш қилдинг. Аллоҳ сенинг озгина яхшигилингга кўп савоблар адо этур”, деди.

Оналари ҳаёт бўлган азизлар, мўътабар зотнинг хизматини қилиб, жаннатни ўзингизга вожиб қилиб олишингиз тилакдошимиз.

Ҳусниддин БОЙНИЁЗОВ,

Оҳангарон тумани “Қорахитой” жоме масжиди имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]