Олдинлари гўзал бир одобимиз бор эди: деҳқончиликнинг илк ҳосилини ота-оналарга ёки устозларга олиб бориб, дуолари олинарди. Ота-оналари бўлмаса, қавм-қариндошлар ёки маҳалланинг ёши улуғлари йўқланарди. Улар эса деҳқончиликка барака тилаб дуо қилишарди.
Бу айнан саҳобаларнинг суннати эди. «Зикрлар ва одоблар» китобида бир ривоят келтирилади: саҳобалар деҳқончиликларининг биринчи ҳосилини Пайғамбаримиз алайҳиссаломга олиб келишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳосилни ушлаб:
اللهم بارك لنا في ثمرنا
«Аллоҳим, бу ҳосилимизда бизга барака бергин», деб дуо қилар эдилар. Шу ҳурмат ва дуо сабаб Аллоҳ уларнинг деҳқончиликларига барака берарди.
Минг афсус, аксар холларда, ҳозир биринчи ҳосилни фарзанд, набираларга берамиз. Ота-онага келганда эса: «Яхшилаб пишсин, кейин уларни бир йўқлаймиз», деймиз. Бу иш ота-онага ҳурматсизлик ва одобга зид, баракага тўсиқ саналар экан.
Азизлар, ҳосилларимиз ҳам пишиб қолди. Бу йил ҳосилимизнинг баракали бўлишини хоҳласак, унинг аввалини ота-онамизга, ёши улуғ қавм-қариндошларимиз,устозларга ёки маҳалланинг кексаларига илинайлик. Аввало, уларнинг дуоларини олайлик.
Бу ишимиз, деҳқончиликларимиз баракотига сабаб бўлади, иншоаллоҳ.
Миршавкат МУЗАФФАР
Паркент тумани бош имом-хатиби

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги