Ўзбекистон қадимдан илм-маърифат ўчоғи, буюк алломалар юрти сифатида бутун дунёга машҳур бўлган. Диёримиздан етишиб чиққан алломаларнинг бебаҳо асарлари дунё тамаддунига тамал тошини қўйиб берган. Мана, орадан неча аср ўтган эса-да, ҳанузгача буюк аждодларимизнинг бой илмий асарларини ўрганишга қизиқиш асло сўнгани йўқ.
“I Халқаро ислом цивилизацияси форуми: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” халқаро форуми муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган маърифат ва диний бағрикенглик ғояларининг амалий давомидир.
Ислом динининг тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат ғояларини жаҳон ҳамжамиятига етказиш нафақат муайян бир давлатнинг, балки бутун мусулмон оламининг умумий вазифасига айланмоқда. Ўзбекистон эса ана шу халқаро ҳамкорликнинг ташаббускори сифатида майдонга чиқмоқда.
Жорий йилнинг 7–11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида “I Халқаро ислом цивилизацияси форуми: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” халқаро форуми ташкил этилмоқда.
“I Халқаро ислом цивилизацияси форуми: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли”нинг асосий мақсади – Ислом цивилизациясининг ҳақиқий мазмун-моҳиятини очиб бериш, унинг илм-фан, маданият ва маънавий тараққиётга қўшган улкан ҳиссасини намоён этиш, шунингдек, замонавий дунёда тинчлик, бағрикенглик ва маърифат ғояларини кенг тарғиб қилишдан иборат.
Камина ҳам Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ташкил этилган мазкур нуфузли анжуманда иштирок этиб, дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатидан ташриф буюрган давлат ва жамоат арбоблари, вазирлар, муфтийлар, етук уламолар, академиклар, тадқиқотчиларнинг маърузаларини тингладим.
Анжуманда “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар”, “Учинчи Ренессанс ғоялари ва унинг маънавий асослари”, “Туркий халқларнинг ислом цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси”, “Таълим ва маърифатнинг цивилизация тараққиётидаги аҳамияти” каби масалалар муҳокама қилингани барчада катта таассурот қолдирди.
Форумда иштирок этган барча инсонлар Исломнинг илм, маърифат ва эзгулик дини эканига, бу муқаддас дин асло радикализм, худкушлик, қўпорувчилик, адоват, қон тўкиш каби мудҳиш иллатлар билан муроса қила олмаслгигиа яна бир карра амин бўлдилар.
Зотан, Аллоҳ таоло илмни қиёматгача бандалар учун маърифатга эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси қилди. Илмсизлик, жаҳолат эса инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди. Инсонларни илм олишга ва бу орқали Парвардигорларини танишга буюрди.
“Илм” сўзи Қуръони каримнинг 811 жойида турли маънолари билан келган. Қуръон ва Суннатда илм инсониятни турли ахлоқсизликлар, ҳаромлар, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган.
Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур» (Мужодала сураси, 11-оят); «Айтинг (эй Муҳаммад): “Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?”» (Зумар сураси, 9-оят); «Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларигина қўрқур» (Фотир сураси, 28-оят); «…уларни фақат илм эгаларигина англай олурлар» (Анкабут сураси, 43-оят).
Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган кўплаб хабарлар ҳам илмга, ўрганишга даъват билан йўғрилган: «Олимлар пайғамбарларнинг ворисларидир, олимга Ердаги ва осмондаги барча нарсалар истиғфор айтади» (Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ривояти); «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ (теран англовчи) қилиб қўяди ва унга тўғри йўл кўрсатади» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти); «Олимнинг обиддан афзаллиги менинг қуйи даражадаги саҳобийдан афзаллигим кабидир» (Имом Термизий ривояти); «Ким илм талаб қилиш йўлини тутса, Аллоҳ таоло уни жаннат йўлига йўллаб қўяди» (Имом Муслим ривояти); «Фаришталар илм толибининг қилган ишидан мамнун бўлиб, унга қанотларини ёзишади» (Имом Аҳмад, Имом Ҳоким, Имом Ибн Ҳиббон ривояти).
Юқоридаги ояти карималарда, ҳадиси шарифларда келтирилган таърифларни Форум қатнашчилари тимсолида кўрдим.
Хуллас, I Халқаро Ислом цивилизацияси форуми Ўзбекистоннинг бой тарихий ва илмий меросини жаҳон ҳамжамиятига янада кенг танитиш, цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда Исломнинг тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифатга асосланган эзгу қадриятларини кенг тарғиб қилишга хизмат қилади, иншоаллоҳ.
Дониёр домла ИКРОМОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги